ҲИСОБ БАҲОЛАРИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР
13. Ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришларнинг натижалари соф даромад ва зарарни аниқлашга киритилади:
13.1. Ҳисобот давридаги соф даромад ва зарарни аниқлашга (агар бу ўзгаришлар фақат мазкур даврга таъсир этган бўлса);
13.2. Ўзгаришлар юз берган давр ҳисоботига ва бу ўзгаришлар таъсир қилган шундан кейинги ҳисобот даврларига.
14. Ҳисоб баҳолари ўзгартирилган турли даврлардаги молиявий ҳисоботларни бир-бирига қиёслашни таъминлаш мақсадида улар молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг илгари баҳолаш учун фойдаланилган таснифлаш моддаларига киритилади.
15. Жорий даврга жиддий таъсир қиладиган ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришларнинг моҳияти ва қиймати ёки бу ўзгаришлар кейинги даврларда муҳим ўзгаришларга олиб келадиган бўлса, уларнинг моҳияти ва қиймати очиб берилиши лозим.
Агар натижаларни ва ўзгаришларни қиймат жиҳатидан аниқлашнинг имкони бўлмаса, уларни ҳам очиб бериш талаб қилинади.
АСОСИЙ (ЖИДДИЙ) ХАТОЛАР
16. Олдинги даврлардаги молиявий ҳисоботларни тайёрлаш чоғида йўл қўйилган xатоларга киритилган тузатиш миқдори (қиймати) ҳисобот давридаги соф даромад ёки зарарга қўшилади.
17. Олдинги даврда йўл қўйилган муҳим хатоларни тўғрилаш миқдори:
17.1. Йил бошигача тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш йўли билан ҳисоботда акс эттирилади;
17.2. Ўтган йилнинг шу даврига оид маълумотлар ўзгартирилади, агар хатолар арзимайдиган даражада бўлса, улар истисно қилинади.
Хўжалик юритувчи субъектнинг балансидаги йил бошида тақсимланмаган фойданинг сальдосида муҳим хатоларни акс эттириш қуйидаги ахборотни очиб бериши керак:
17.2.1. Муҳим хатоларнинг моҳияти;
17.2.2. Жорий даврдаги ва ҳисобот тақдим этилган ҳар бир даврдаги тузатишлар миқдори;
17.2.3. Олдинги йилларнинг маълумотларига киритилган дастлабки даврларга оид тузатишлар миқдори;
17.2.4. Қайта ҳисобланган қиёсий маълумотлар ёки қайта ҳисоблаш мумкин бўлмаслиги сабаблари.
Жорий даврдаги соф даромад ёки зарарга қўшиш йўли билан олдинги даврлардаги хатоларни тўғрилаш чоғида олдинги йилларга оид қиёсий ахборот олдинги давр учун тузилган молиявий ҳисобда кам кўрсатилиши керак, лекин жорий даврдаги ёки олдинги ҳар қандай даврдаги соф даромад ёки зарарни кўрсатиш учун (агар муҳим хатолар шу даврлар давомида тузатилган бўлса) алоҳида устунда қўшимча ахборот келтирилиши лозим.
Хўжалик юритувчи субъект ўзгартиш киритилаётганда бир вақтнинг ўзида қуйидаги ахборотни очиб бериши лозим:
1) муҳим хатонинг моҳияти;
2) жорий даврдаги даромад ёки зарар деб эътироф этилган ўзгартиш миқдори;
3) қўшимча маълумотлар тақдим этилган ҳар бир даврга оид ўзгартишлар миқдори ҳамда шу даврдан олдинги даврларга оид қўшимча маълумотларга киритилган даврларга тааллуқли ўзгаришлар миқдори. Агар амалда қўшимча маълумотлар келтириш қўлланилмаса, у ҳолда бунинг сабаблари очиб берилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |