11.2.Захираларни ҳисоблаш учун зарур бўлган дастлабки маълумотлар
Захираларни ҳисоблаш қуйидаги материалларга асосланади: 1.Кон жойлашган худуднинг стратиграфияси, литологияси, петрографияси, тектоникаси, геоморфологияси ва металлогенеясини ёритиб берувчи геологик очерк фойдали қазилмани маълум йўналиш бўйича ва чуқурликда тарқалиши мумкинлиги ҳақида, тектоник бузилишлар, гидрогеологик шароитлар ва кон генезиси тўғрисида фикр юритиш учун асос ҳисобланади. Худуд геологияси бўйича материалларнинг мавжуд эмаслиги ёки улар сифатининг қониқарсизлиги захираларни нотўғри ҳисобланишига энг асосий сабаблардан бири бўлиши мумкин. Масалан, ноқулай гидрогеологик шароитларни ҳисобга олмаслик, рентабелли эмаслиги аниқ бўлган захираларни саноат захиралари қаторига кириб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
2.Коннинг асосий ҳусусиятларини акс эттирувчи геологик таърифлаш. Бунда фойдали қазилмаларнинг шакли, ўлчамлари, турли йўналиш бўйича ётиш элементлари, минералогик таркиби, текстураси, тури, нави ва уларнинг конда тарқалиши ҳамда коннинг ўзини ҳосил бўлиш шароити ёритилади. Конларни таърифлаш шундай зарурий материалларсиз захираларни тўғри ва аниқ ҳисоблашнинг иложи йўқ.
3.Коннинг ўрганилганлик даражасини тавсифловчи ҳужжатлар. Масалан, барча тоғ лаҳимлари (шурфлар, канавалар, ер ости ишланмалари) ва бурғулаш қудуқларининг геологик ҳужжатлаштириш журналлари, намуналаш журналлари, назорат таҳлил тўғрисидаги маълумотлар нисбий ва ҳажмий оғирликни аниқлаш кабилар бирламчи материаллар ҳисобланиб, улар асосида коннинг геологик таърифи келтирилади ва захиралари ҳисобланади. Геологик ҳужжатлаштириш журналларидаги чизмалар 1:100дан 1:25 миқёсгача бўлиши мумкин.
4.Айрим тоғ лаҳимлари бўйича ва коннинг нави ва участкаси бўйича ўртача қалинлик ва ўртача миқдорни ҳисоблаш формулярлари. Захираларни ҳисоблашнинг ҳар бир усули учун ўзига ҳос шаклга эга бўлган формулярлар мавжуд. Формуляр қуйидагилардан ташкил топган бўлиши керак: лаҳим ёки блок маълумотлари бўйича ҳисоблашда қўлланиладиган намуна рақамлари кўчирмаси, қалинликлар, нисбий оғирлик ва миқдор кўрсатгичлари, намуналаш ишлари бажарилган майдон узунлиги, лаҳимлар ўтилган майдонлар ва х.к.; намуналар ёки лаҳимлар бўйича ўртача солиштирма ёки чизиқли захираларни аниқлашда фойдаланиладиган кўрсатгичлар қиймати; ваниҳоят, фолмулярнинг жамлама устунларида қазилманинг захираси, кўндаланг кесмалар ва блоклар бўйича компонентлар захираси, ўртача қалинлик, ўртача нисбий оғирлик ва ўртача миқдор берилади.
Шундай қилиб, формулярларда ҳар бир алоҳида лаҳимлар учун, коннинг ҳар бир блоки учун захираларни ҳисоблаш ишлари олиб бориладиган барча жараёнлар акс эттирилади. Ҳисоблаш учун асос бўладиган дастлабки маълумотлар ва улардан қандай фойдаланиш, ҳисоблаш жараёнларининг оралиқ босқичлари формулярларда кўриниб туради. Формулярларнинг мавжудлиги кон бўйича захираларни ҳисоблашни ташкил этиш ва унга зарурий бир хилликни намоён этиш имкониятини беради. Формулярлар бўйича хисоблашнинг дастлабки маълумотлар ҳарактери ва ҳисоблаш техникасини осонлик билан текшириб кўриш мумкин, шунинг учун формулярларнинг мавжудлиги захираларни ҳисоблашда зарурий шарт бўлиб ҳисобланади.
5. Худуднинг геологик (баъзан гидрогеологик) ҳаритасини ва худуд бўйича кесмаларни, коннинг геологик ҳаритаси ва унинг айрим участкаларини, маъданли тана ва маъдан қамровчи жинсларнинг морфологияси ва ётиши тўғрисида тўла тасаввурга эга бўлиш учун етарли бўлган миқдорда коннинг бўйлама ва кўндаланг кесмаларини ҳамда конларни контурлаш ва уларни блокларга бўлиш учун дастлабки материаллар бўлиб ҳизмат қиладиган қалинликлар ва намуналаш маълумотлари туширилган тоғ лаҳимларининг горизонтал планларини, бурғулаш қудуқлари устунларини, кўндаланг кесмалар ва ётқизиқлар юзасининг кесмаларини ўз ичига олувчи график материаллар. Одатда планлар ва кесмалар бўйича ҳисобланадиган участка майдонлари аниқланади, шунинг учун уларнинг миқёси етарли даражада йирик бўлиши лозим.
Кон турига боғлиқ равишда бевосита ҳисоблаш асосини ташкил этувчи графиклар миқёси турлича бўлиши мумкин. Тектоник ҳаракатлар таъсирига кам учраган, қазилманинг ўзгарувчанлиги унча катта бўлмаган йирик кўмир конлари учун 1:10000 миқёсли, баъзи холларда 1:25000 миқёсли графиклар қониқарли ҳисобланади. Захираси ўзгарувчан олтин ва ноёб металлар конларида планлар ва кесмалар миқёси 1:1000, баъзан 1:500 бўлиши лозим.
Захираларни ҳисоблаш коннинг саноат аҳамиятини акс эттирувчи ҳисоб китоблар ҳамда фойдали компонентларнинг минимал саноат миқдорлари тўғрисидаги маълумотлар билан бирга олиб борилиши керак.
ДЗХга тақдим этиладиган материалларни тасдиқлашга топшириш учун улар юридик ҳарактерга эга бўлиши лозим: ҳисоботлар ва график материаллар муаллифлар томонидан имзоланиши, муаллифларнинг лавозими ва мутаҳасислиги кўрсатилиши ва тегишли ташкилотнинг муҳри босилиши лозим. Кимёвий ва технологик синовлар натижалари бундай синовларни амалга оширган лаборатория ёки завод мутаҳассислари томонидан имзоланиши ва тегишли ташкилот мухри билан тасдиқланиши лозим.
Қаттиқ фойдали қазилма захираларини ҳисоблашда маъданли таналарнинг эгаллаган майдони (S), қалинлиги (т), маъданларнинг ҳажмий массаси (d), ундаги фойдали компонентлар миқдори (С) ва тузатиш коэффициентлари асосий параметрлар бўлиб ҳисобланади.
Фойдали қазилма захираларини ҳисоблаш қуйидаги умумий формула ёрдамида амалга оширилади:
-
Pp = V · d; V = S · m;
Бу ерда: Pм – фойдали компонентнинг (металнинг) захираси, т;
Pp – маъдан захиралари, т;
С – фойдали компонентнинг маъдан таркибидаги миқдори,%;
V – маъданлар ҳажми, м3;
d - ҳажмий массаси, т/м3;
S – ҳисобланадиган блок майдони, м2;
m – ётқизиқнинг блокдаги қалинлиги, м.
Демак, разведка материалларидан олинган қуйидаги маълумотлар захираларни ҳисоблаш учун дастлабки маълумотлар бўлиб ҳизмат қилади: ётқизиқларнинг тарқалган майдони, уларнинг қалинлиги, маъданнинг ҳажмий оғирлиги ва фойдали компонентлар миқдори.
Маъданли таналарнинг майдони деб топографик ва маркшейдерлик планларида ўз аксини топган, вертикал ёки горизонтал проекцияларда контурлаш натижасида вужудга келган умумий ёки муайян бир маконга(блокларга) айтилади. Маъданли таналарнинг горизонтал текисликдаги проекцияси улар кичик бурчак остида ётганида, вертикал текисликдаги проекцияси эса катта бурчакда ётганида тузилади. Майдонларни аниқлашнинг турли ҳил усуллари мавжуд. Улардан қайси бирини қўллаш, аниқланадиган майдонлар ҳарактерига, захираларни ҳисоблашнинг дастлабки маълумотларига ва усулларига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |