1.2.Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчаси ва турлари.
Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат деб меъёрий ҳужжатлар тўғрисидаги Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатга айтилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга
бўлган органлар ёки мансабдор шахслар ҳисобланади. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турларига қуйидагилар киради:
1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;
2. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;
3.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари;
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;
6. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;
7. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.
Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон
Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонунлардир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонуности ҳужжатларидир.
Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устуворлиги сўзсиз тан олинади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид келиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ёки референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қарорлар тарзида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |