7. Конституциявий ҳуқуқ фанининг бошқа фанлар билан ўзаро боғлиқлиги.
Бирор бир фан ўз ҳолича тўла мустақил фаолият кўрсатмайди. Мустқақил фаолият олиб борадиган бўлса, белгиланган вазифаларни тўла, бекаму-кўст бажара олмайди.
Ёдда тутинг:
Фанларнинг ўзаро алоқада ривожланиши бу қонуниятдир.
Конституциявий ҳуқуқ фани биринчи навбатда ижтимоий фанлар тизимига киргани учун, шу тизимдаги фанлар билан ўзаро муносабатда бўлиши бу табиийдир. Масалан, барча ижтимоий фанларни ўрганиш усулларида умумийлик мавжуд бўлганлиги учун улар бир хил тарихий, қиёсий, тизимли ва бошқа усуллардан фойдаланади. Барча ижтмоий фанлар олдида махсус вазифалар билан бирга, умумий вазифалар ҳам мавжуд. Яъни уларнинг барчаси комил инсонни шакллантириш, шахсларни бир-бирига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ватанга садоқат, ватанпарварликни вужудга келтириш вазифасини ўз олдига қўяди. Ана шундай умумийликни мавжудлиги ижтимоий фанлар ўртасида алоқа, ҳамкорлик бўлиши зарурлигини кўрсатади.
Қолаверса Конституциявий ҳуқуқ фани юридик фанлар тизимидаги алоҳида бир фандир. Шунинг учун уни юридик фанлар билан алоқаси янада кучлироқ ва аниқроқ акс этади.
Бу алоқа айрим юридик фанлар билан, уларга таяниш, улардан озуқа олиш асосига қурилса, айрим юридик фанларга таянч бўлиш, уларга озуқа бериш шаклида намоён бўлади.
Биринчи гуруҳ фанларига “Давлат ва ҳуқуқ тарихи”, “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” фанларини киритиш мумкин. “Давлат ва ҳуқуқ тарихи” фани давлат ва ҳуқуқ вужудга келиши, ривожланиш босқичлари, Конституцияларнинг вужудга келиш ва ривожланиш жараёнларини ўрганади. Конституциявий ҳуқуқ фани Конституциявий ривожланиш тажрибасини ўрганишда, тарих фанига, унинг таълимотларига таянади.
Конституциявий ҳуқуқ фанининг “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” фани билан алоқаси янада аниқроқ ва кенгроқ акс этади. “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” умуман давлат ва ҳуқуқ, унинг шакллари, турлари ҳақида назарий асос билимларни беради. Давлат ҳокимияти, уни бўлиниш принциплари ҳақидаги раҳбарий билимлар ҳам шу фанда берилади, улар ҳақида чуқур билмасдан, ҳуқуқий норма, ҳуқуқий институт, уларни тузилиши, вужудга келиши, ҳуқуқ манбалари, ҳуқуқий муносабатлар, ҳуқуқ субъектлари ҳақида етарли билим ва маълумотга эга бўлмай, Конституциявий ҳуқуқ ўрганадиган масалаларни ўрганиб бўлмайди. “Давлат ваҳуқуқ назарияси” юқоридаги категория ва ҳодисаларни умумий тарзда ўрганса, Конституциявий ҳуқуқ фани уларни айнан, Конституциявий ҳуқуқ доирасида ўрганади. Масалан, ижтимоий муносабатлар, ҳуқуқий нормалар, “Давлат ва ҳуқуқ назарияси”да умумий тарзда ўрганилса, Конституциявий ҳуқуқ Конституциявий ижтимоий муносабатларни, Конституциявий ҳуқуқий нормаларни ўрганади.
Иккинчи гуруҳдаги фанлар, булар тармоқ ҳуқуқий фанлар бўлиб, улар Конституциявий ҳуқуқ фанига таянади. Яъни улар ўрганадиган, тартибга соладиган ижтимоий муносабатларнинг асослари Конституциявий ҳуқуқда белгиланган ва ўрганилади. Бу гуруҳга барча тармоқ ва амалий, процессуал ҳуқуқлкарни киритиш мумкин, жумладан: Фуқаролик ҳуқуқи, Маъмурий ҳуқуқ, Меҳнат ҳуқуқи, Ер ҳуқуқи, Солиқ ҳуқуқи, Жиноят ҳуқуқи, Жиноят процессуал ҳуқуқи, Фуқаролик процесси ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |