2-§. Турк хоқонлиги даврида давлат бошқаруви Сиёсий тарих. VI асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Жанубий Сибир ва Шимолий Монголия яъни, Олтой ҳудудларида туркий қабилалар иттифоқи шакллана бошлайди. Халкларимиз давлатчилиги тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган Турк ҳоқонлиги хусусида талайгина манбалар бизнинг кунларимизгача сақланиб қолган бўлса-да, уларнинг айримлари бир-бирини инкор этади. Ушбу манбалар VI асрнинг охирларида яшаган византиялик тарихчилар Менандр Протектор, Феофан Византийский, суриялик тарихчи Ионна Эфессийларнинг тарихий асарлари, эпиграфик ёдгорликлар - Урхўн-Енисей, руний ёзувлари, Хитойнинг "Тан хонадони тарихи" қабилардир. Ундан ташқари ўрта асрлар муаллифлари ат-Табарий, Деноварий, Беруний, Наршахийлар асарларида ҳам Турк хоқонлиги тўғрисида маълумотлар учрайди.
Таъкидлаш жоизки турк атамасининг илк маротаба тилга олиниши 542 йилга тўғри келади. Турли манбаларда турклар "турк эл", "турк", "туркаш", "тукдус", "ту-кю", "тук-ют" каби номлар билан тилга олинади. Кучли, бақувват, ботир каби маъноларни англатувчи "турк" атамаси даставвал этник хусусиятга эга бўлмай ижтимоий маънога эга бўлган. Туркларнинг келиб чиқиши хусусида кўплаб афсоналар мавжуддир. Айрим афсоналарда туркларнинг келиб чиқиши Нуҳ пайгамбарга бориб тақалса, айримларида улар ўн яшар бола ва она бўридан тарқалганлиги таъкидланади. Яна бошқа бир афсонага кўра, турк қабиласининг аждодлари Олтойнинг шимолий ён бағирларида жойлашган Со вилоятидан келиб чиққан бўлиб, бу ердаги қабила бошлиғи Абанбу уларнинг илк йўлбошчиси бўлган.
Тарихий манбалар маълумотларига кўра, Турк хоқонлигининг пайдо бўлиши 551-552 йилларга тўғри келади. Даставвал, туркларнинг Ашин уруғидан бўлган Асан (Асян, Асян-шод) ва Туу туркий қабилалар иттифоқига асос соладилар. Туунинг уғли Бумин (Хитойча Тумин) қўшниТеле қабиласини ўзига бўйсўндириб анча кучайишга муваффақ бўлади. Бу пайтга келиб анчагина мустаҳкамланган Бумин бошчилигидаги қабилалар иттифоқи Олтойдаги ўзлари қарам бўлиб турган жужан (жуан-жуан)лар қабилаларига қарши кураш бошлаб 551 йилда (айрим адабиётларда 552 йилда) уларни тор-мор этадилар. Мана шу даврдан бошлаб туркий ҳукмдорлар ўзларини жужанлар эгаллаб турган ерларнинг хакикий эгалари ҳамда жужанларнинг мавқеи ва куч-қудратининг ворислари сифатида Анагуйхоқон (каған) унвонини кабул қиладилар. Жужанлар ҳукмдори Анагуй жонига қасд қилиб ўзини ўлдиради.
551 йилда Бумин Турк элининг хоқони сифатида оқ кигизга ўтказилиб кўтарилади. Аммо, 552 йилда Бумин тўсатдан вафот этиб унинг ўрнига укаси Истами тахтга утиради. Истами хоқон Ўрта Осиё, Волга ва Шимолий Кавказ ерлари учун кураш олиб борган бўлса, унинг ўғиллари Муған ҳоқон ва Таспар хоқонлар Марказий Осиё ва Жанубий Сибирда ўз ҳукмронликларини ўрнатадилар. Бу пайтга келиб туркларнинг ашаддий душмани бўлган жужанларнинг кичик бир қисми Корея ва Шимолий Хитойга жойлашади, яна бир кисми эса ғарбга жойлашиб аварлар номини олади.
Шундай қилиб, манбаларнинг маълумот беришича, Бумин ҳоқоннинг вориси бўлган Муған ҳоқон жануби-ғарбий Манчжуриядаги Муғулқабилалари бўлган киданларни ва Енисей кирғизларини бўйсундириб Марказий Осиё ва Жанубий Сибирда Турк эли ҳукмронлигини ўрнатади. Туркларнинг ғарбий юришлари айникса муваффақиятли эди. VI асрнинг 60-йиллари охирларига келиб Турк хоқонлиги ўша даврдаги йирик давлатлар бўлган Византия, Сосонийлар Эрони, Хитой кабиларнинг сиёсий ва иқтисодий муносабатлар тартибига қўшилиб, Узоқ Шарқни Ўрта ер денгизи мамлакатлари билан боғловчи савдо йўли назорати учун кураш олиб борди.
VIII аср турк муаллифлари ўзларининг аждодлари бўлган илк ҳоқонларнинг ҳарбий юришлари ҳақида шундай ёзган эдилар: "Улар (ҳоқонлар - Э.Б.) шарқда Қодиркон адирларигача, ғарбда Темир дарвозагача ўз халқларини жойлаштирдилар". Қодиркон адирлари бу - Катта Хинган тоглари, Темир дарвоза эса Бойсун тоғдаги Бўзгалахона довонида жойлашган.
576 йилга келиб Турк ҳоқонлиги Манчжуриядан Киммерий Боспоригача, Енисей юқори оқимларидан Амударё юқори оқимларигача чўзилган эди. Шу тариқа турк хоқонлари сиёсий ва маданий мероси Ўрта Осиё ва Жануби-Шарқий Европа тарихига сезиларли таъсир курсатган дастлабки Евросиё империясига асос солган эдилар.
VI аср 50-йилларининг охирларида Истами хоқонга эфталитларга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш учун қўлай имконият пайдо бўлади. Эрой шоҳи Хусрав I Анушервон (531-579 йй.) эфталитларга улпон тўлашни тўхтатиб қўяди ва уларга қарши урушга тайёргарлик кўра бошлайди ҳамда Византия билан алоқаларни йўлга қўяди. Хусрав I сиёсий жихатдан бироз ўнгланиб олгач Турк хоқонлигига эфталитларга қарши иттифоқ таклиф этади. Айни вақтда Византиядан фойдаланган Эрон эфталитлардан Тоҳаристон, Чағаниён, Қобул атрофидаги ерларни тортиб олади.
563 йилда эфталитларга қарши шимолдан турклар Чоч водийсига бостириб кирадилар. Тез орада улар томонидан Самарқанд, Кеш, Нахшаб эгалланади. "Шоҳнома"да маълумот берилишича, ҳал қилувчи жанг Бухоро атрофларида бўлиб ўтади ва эфталитларнинг Гатифар бошчилигидаги қўшинлари тор-мор этилади. Шундан сўнг турклар тезлик билан харакат қилиб иложи борича эфталитларнинг кўпроқ ерларини ўз қўлларига олишга ҳаракат қиладилар. Амударёнинг жанубий соҳилигача бўлган ерлар, Эрон, унинг шимолидан Каспий соҳилларигача бўлган ерлар турклар қўлига утади. Эфталитларнинг мағлубиятидан сўнг бевосита иттифоқчилар ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўла бошлайдики, бу ҳолат савдо йўли назорати билан боғлиқ эди.
Турклар Ўрта Осиё ерларини босиб олгач Буюк ипак йўли катта қисмининг назоратини ўз қўлларига оладилар. Бу йўлнинг Ўрта Осиё ҳудудларидан ўтувчи қисмида асосан Суғдийлар ипак билан савдо қилишни назорат қилар эдилар. Ипак матоларнинг асосий харидори Византия бўлиб, ипак савдоси Суғд савдогарлари ва турк хоқонларига катта даромад келтирар эди. IV асрнинг охирларидан бошлаб Суғдда, VI асрда Эрон ва Византияда ўз ипакчилик ишлаб чиқаришининг пайдо бўлиши бу маҳсулот сотилишини янада кийинлаштиради.
Ҳоқонликнинг бевосита ғарбий кисмини бошқариб турган Истами ва бош ҳоқон Муқан хоқон ипак савдоси можаросини тинчлик билан халқилишга ҳаракат кила бошлайдилар. Истами ҳоқон ўз қўл остидаги Суғд ихшидига бу масалани ҳал этиш вазифасини топширади. Эронга Турк ҳоқони номидан машҳур Суғд савдогари ва дипломати Маниах бошчилигида элчилар гуруҳи жўнатилади. Хусравшоҳ ўз атрофидаги амалдорларнинг маслаҳатига кириб, Суғдийлар олиб келган ипак матоларни сотиб олиб уни элчилар кўз ўнгида ёқиб ташлайди. Шундан сўнг Маниах бошқа харидор -Византия билан келишишга харакат килади. 567 йилда у Турк ҳоқонлигининг Константинополга юборган элчилигига бошчилик килади. Византия ҳам Эрон каби Суғд ипак матоларига унчалик эхтиёж сезмас эди. Аммо, эронийларга қарши турклар билан иттифоқчилик тарафдори эди. Шу туфайли Турк ҳоқонлиги элчилари император саройида иззат-ҳурмат билан кўтиб олинади.
Ушбу элчилик давомида Турк ҳоқонлиги билан Византия ўртасида Эронга қарши иттифоқ тузилади. Маниах орқага қайтишда у билан бирга Византия императорининг элчиси, киликиялик Земарх Турк ҳоқони қароргоҳига келади. Ҳоқон Земархни Тянь-Шандаги "Олтин тог" якинидаги қароргоҳида қабўл қилади ва турк қўшинларининг Эронга юришида йўлбошловчилик қилишни таклиф этади. Эрон шоҳининг турклар ҳужумини дипломатик йўл билан кўстатишга уриниши ҳеч кандай натижа бермади. Шиддатли ҳужумлар билан турклар Гургонни ва бир неча бой шаҳарларни эгаллаб, 569 йилда Суғдга қайтадилар.
Туркларнинг Эронга иккинчи маротаба юришлари 588-589 йилларга тўғри келади. Туркларнинг Чур Баға ҳоқон (айрим адабиётларда Савғ ёки Шаба дейилади) бошчилигидаги қўшини Хуросонга бостириб киради. Ҳирот ёнида турк қўшинлари эронийларнинг машхур Бахром Чубин бошчилигидаги қўшинлари билан тўқнашади. Бу жангда Бахром Чубин турк қўшинларини тор-мор этиб, турклар йўлбошчисини камон ўқи билан халок этади. Қайта қаршилик курсатиш фойдасиз эканлигини англаган турклар эронийлар билан сулҳ, тузишга мажбур бўладилар.
Араблар Ўрта Осиёни босиб олгунларига қадар туркларнинг Ўрта Осиёдаги мулклари билан Эрон ўртасидаги чегаралар ўзгармади. Араб босқинига қадар ипак ва бошқа маҳсулотлар ортган карвонлар у ёки бу даражадаги барқарорлик билан Эрон, Хоразм ва Волгабуйи орқали ғарбга қатнаб турди.
576 йилда Муқан хоқон вафотидан сўнг хоқонлик тахтига унинг укаси Арслон Тўба утиради. У мамлакатнинг куч-қудратини мустаҳкамлаш мақсадида Хитойнинг Ци салтанати билан шартнома тўзади. Бундан ташқари у мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чораларини ҳам кўради. Аммо, 581 йилда Арслон Тўба вафотидан сўнг Турк хоқонлари ўртасида ўзаро ички курашлар авж олиб, натижада мамлакат ичида аҳвол кескинлашиб, иқтисодий таназзул бошланиб кетди.
Айнан мана шундай кескин вазият шароитида туркий шаҳзода Абруй бошчилигида 585-586 йилларда халқ ҳаракати бўлиб ўтди. Муҳаммад Наршахийнинг маълумот беришича, Абруйнинг қароргоҳи Пойканд атрофида бўлиб, у бой зодагонлар ва савдогарлар устидан қаттиқ назорат ўрнатганлиги боис бу тоифа аҳолиси Бухоро вилоятидан кучиб, Туркистон ва Тароз атрофига бориб ўрнашадилар. Қочиб борганлар Турк ҳоқонидан ёрдам сўраганлар. Натижада турк саркардаси Шери Кишвар бошчилигидаги қўшинлар қўзғолонни бостирадилар ва Абруйни ўлдирадилар.