§. Авестода ҳуқуқий тартиб
Бизнинг кунларимизга қадар етиб келган Авесто китоби ва зардўштийларнинг анъаналари ҳамда таълимоти, инсон ҳаёти ва одамларнинг ижтимоий-иқтисодий муносабатлари маълум қонун – қоидаларга ёки маълум ҳуқуқий тартибга асослангани ҳақида маълумот беради.
Тарихий маълумотлардан маълумки, Заратуштра яшаган давр ижтимоий-сиёсий муносабатлар қарор топаётган нотинч ва мураккаб давр эди. Бир неча бор адолатсизлик, шафқатсизлик ва зўравонликларнинг гувоҳи бўлган Заратуштра ўзининг дастлабки таълимотини ёвўзлик ва зўравонликка қарши қаратади. Айнан шунинг учун ҳам Заратуштра таълимотининг асосини тартибга чақириш, ҳуқуқий нормаларни белгилаш,адолатга интилиш, хулқ-обод тантанаси, тинчликка интилиш ҳамда эзгуликка даъват этиш ташкил этган.
Авесто маълумотларига кўра, яхши сўз ва яхши мақсад, поклик ва эзгуликка интилиш, доимий ҳақиқатни рўёбга чиқариш, сув, ер, олов, хонадон ва чорвани асраб-авайлаш барча нарсадан устун аҳлоқий бурч бўлиб саналган. Инсон ўзига юклатилган эзгу бурчлар,ўзининг қилган ишлари ва фикрлари билан, эзгулик, яхшилик, ёруғлик ва бахт келтирувчи, ҳаёт ва ҳақиқат бахшида этувчи олий худо Ахурамаздага ёрдамчи бўлиб касаллик ва ўлим келтирувчи ёвўз худо Ахриманга қарши бўлиши лозим эди.
Авестода кишиларнинг ўзаро муомала ва муносабатларида берилган ваъданинг устидан чиқиш, мажбурият ва қасамига содиқ қолиш одатий қонунлар эканлигини кўзатиш мумкин. Агар қасам ичиб аҳд қилган киши ўз аҳдини бажармаган ёки бўзган бўлса, даъвогар ўз ҳақлигини исботлаш учун синаш ва жазоланиш усулидан фойдаланган. Адолатли суд қилиш учун синаш ва жазолашнинг 33 та усули мавжуд бўлиб, агар сўз қасами бўзилса, сув билан синаш, агар шартномага оид бўлса, олов билан синаш жараёнида айбдорга ўзининг ҳақлигини исботлашга имкон берилган.
Оила ёки жамоада берилган сўздан ёки қасамдан воз кечиш, одамлар ўртасида тузилган аҳдномани бўзиш катта гуноҳ ҳисобланган. Яштнинг Х бобида бу хусусда шундай дийилган: «О, Спитама, шартномани бўзувчи киши, бутун мамлакатни бўзади, шу билан бирга Артага тегишли барча мулку молларга путур етказади. О, Спитама аҳдингни бўзма…». Заратуштра «куч ва имконим борича мен одамларни ҳақиқат «аша» га чорлайман» дея, улуғ худо Ахурамаздага қасамёд қилади. «Аша» - тартиб, имон ва адолат тимсоли бўлиб, унга яхши ният, яхши сўз ва савобли ишлар билангина эришиш мумкин бўлган.
Авесто китобларида келтирилишича, «бир-бирини қўлловчи икки қадрдон дўст ўртасида тузилган аҳднома йигирма қиррали кучга эга; бир жамоанинг икки аъзоси ўртасида тузилса, ўттиз баравар кучга эга; икки ҳамкор ўртасидаги аҳднома қирқ бор ўз кучини сақлайди; эр ва хотин ўртасидаги аҳднома эллик даражали кучга эга; икки уммат орасидаги аҳднома олтмиш кара кучга эга; устоз ва шогирд шартномасининг етмиш карралик кучи бор; куёв ва қайнота аҳдномаси тўқсон ҳиссалик кучга эга; ота ва ўғил ўртасидаги тузилгани юз кара, икки мамлакат ўртасидаги тузилган шартнома минг карра кучга эгадир».
Тадқиқотчилар бундан шундай хулоса чиқарадиларки, оила ва жамиятдаги аҳлоқий ва ҳуқуқий муносабатлар ( хонадон эгаси ва оила аъзолари, эр ва хотин, ота ва ўғил, куёв ва қайнота, қўшнилар ўртасидаги ) кенг қамровли бўлиб улар, ёлғон, зўравонлик ва ноҳақликка қарши қаратилган. Шу билан бирга Авесто таълимоти олтита аҳдномага ( қасам ёки кафолатга ) риоя қилишга ( сўз, қўл, қўй, сигир, одам, вилоят қасами ) чақиради.
Гуноҳлар ичида энг оғири – одам ва итлар жасадини «тупроққа топшириш», яъни, ерга кўмиш, сувга ташлаш, гулханда қўйдириш жинояти бўлиб, Авестода таъкидланишича, «дунёда ҳеч бир жазо, ҳеч бир товон бундай гуноҳни поклай олмайди».
Авестода жиноят ва жазо масалалари ҳар томонлама тартибга солинганлигини кўзатиш мумкин. Мисол учун, жиноятлар қуйидаги турларга бўлинган: динга қарши жиноят, шахсга қарши жиноят, ҳайвонларга қарши жиноят, мулкка қарши жиноят, табиатга қарши жиноятлар кабилар.
Шахсга қарши ҳаракаталар ичида қурол олиб таҳдид солиш, бировни калтаклаб ҳушидан кетказиш, унга жароҳат етказиш, қонини оқизиш, суягини синдириш, бошини ёриш каби ҳаракатлар қаттиқ жазоланган. Мулкий жиноятлардан ўғрилик, фирибгарлик, талон-тарож, босқинчилик, қарздорлик кабилар Авестода гуноҳ ҳисобланган. Унга кўра, «кимда ким қарзни ўз эгасига қайтармаса, унинг бу амали ўша омонатни ўғирлаган билан баробар бўлади». Олинган қарзни ўзлаштириш ҳам жиноят ҳисобланган.
Динга қарши жиноятлар, қасддан қилинган жиноятлар ва такрорий жиноятлар учун айниқса қаттиқ жазолар белгиланган. Бировни қасддан уриб, унинг қонини тўккан кимсани, эллик қамчидан тўқсон қамчигача савалашган. Шунингдек, агар кимки бировни уриб суягини синдирса, жиноятчига нисбатан отнинг терисидан ясалган қамчин билан, етмишдан тўқсон қамчигача уриш жазоси белгиланган.
Авесто оилани, фарзандларни, уй-жойни асраб-авайлашга чақиради: «кимнинг уйи бўлса, у уйсиз бехонумон одамдан яхшироқдир». Оила ва жамиятдаги, хусусан, маълум хонадон эгаси ва оила аъзолари, эр ва хотин, ота ва ўғил, куёв ва қайнота, қуни-қўшнилар ўртасидаги аҳлоқий ва ҳуқуқий муносабатлар кенг қамровли бўлиб, улар ёлғон, зўравонлик ва ноҳақликка қарши қаратилган. Ноҳақлик ва жиноятга тўсиқ қўйиш, уларнинг олдини олиш мақсадида Авесто қонунлари инсон ва жамоанинг ҳуқуқий назорат қилишга қаратилган.
Авестодаги диний – фалсафий ва маданий таълимот, давлатчилик ва қонунчилик тизими ўша даврдаги жамият ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини бойитишда муҳим аҳамиятга эга бўлган эди. Ушбу муқаддас китобда юксак аҳлоқ, покиза виждон, марҳаматлилик, бағрикенглик, инсонларга ва она заминга нисбатан доимий ғамхўрлик тарғиб этилган. Авестони асосини ташкил этган бундай тушунча, йўл-йирик, комил инсонга хос фазилатлар,қатъий хулоса ва фикрлар давлатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий қудратини ошириб, уни янада мустаҳкамланишига хизмат қилган. Бу муқаддас китобнинг ўша даврдаги қадр-қиммати ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолганлиги шубҳасиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |