Амирликдаги маданий ҳаёт. XVIII асрнинг охирларига келиб амирликда иқтисодий ҳаётнинг бирмунча юксалиши маданий ҳаётга ҳам таъсир этмасдан қолмади. Айниқса,илгариги даврларда шаклланган мактаб ва олий таълим берувчи мадрасалар фаолияти бу даврда анча юксалади. Бошланғич таълим берувчи мактаблар амирликнинг барча йирик қишлоқларида, шаҳарларининг барча маҳаллаларида иавжуд бўлиб, бу мактабларда болаларнинг дастлабки саводи чиқарилган. Мактабларда араб алифбосида савод чиқарилиб, қуръоннинг дастлабки оятлари ёдлатилган. Шариатга оид дастлабки сабоқлар берилган.
Мадрасалар амирликнинг барча шаҳарларида мавжуд эди. Мадрасаларда ўқитиш игариги даврларда бўлганидек уч боқичда, 1) паст қадам, 2) миёна (ўрта) қадам ва 3) пешқадамда амалга оширилиб, етти йил давом этган. Мадраса ўқитувчилари-мударрислар ва бошқа хизматчилар маошлари, талабалар нафақалари, кутубхона харажатлари, таъмирлаш ишлари ва бошқаларга кетадиган маблағлар вақф ерларидан келадиган фойда ҳисобидан қопланган. Мадрасалар одатда ҳукмдорлар, амалдорлар, нуфузли шахслар, йирик дин пешволари ва савдогарлар томонидан кўп ҳолларда пишиқ ғиштдан икки қаватли қилиб қурилган. Уларнинг биринчи қаватида мачит,қироатхона ва кутубоналар, иккинчи қаватида эса талабалар яшайдиган ҳужралар жойлаган.
Мадраса талабалари диний билим бўлган Қуръони Карим, фиқҳ, шариат асослари, диний-ахлоқий адабиётлар билан бирга тил, адабиёт тарих, фалакиёт, мантиқ, фалсафа, хандаса(математика) каби дунёвий ва аниқ фанлардан ҳам таълим олганлар. Шунга қарамасдан, бу даврда мадрасаларда диний-ахлоқий таълимга асосий эътибор қаратилиб, дунёвий таълим бериш нисбатан орқада қолган эди.
Бизнинг кунларимизгача сақланиб қолган меъморчилик ёдгорликлари ҳамда ёзма манбалар амирликда адабиёт, тарих, хаттотлик ва мусиқа санъати, меъморчилик ривожланганлигидан далолат беради.Демак, Амир Ҳайдар саройида мунши (амир котиби) лавозимида хизмат қилган Мирзо Содиқ Мунший XIX аср бошларидаги адабий муҳитнинг кўзга кўриган намоёндаларидан бири эди. Ундан мерос қолган шеърий Девон - “Девони Содиқ Мунший” ҳамда шеърий усулда битилган тарихий асари унинг адабиёт ривожига қўшган ҳиссасини кўрсатади.Бу даврда амирликнинг турли шаҳарларида яшаб ижод илган кўплаб шоирлар (шоир Ҳозиқ, шоир Мужрим ва бош.) ижодида халқпарварлик, жабр-зулмга қарши исёнкорлик кайфияти кучли бўлиб, улар кўп ҳолларда ҳукмдорлар ва амалдорлар томонидан қувғинга олинган. XIX аср адабаиётида Шавқий тахаллуси билан шеърлар ёзган каттақўрғонлик Муҳаммад Шариф, “Чор дарвиш”, “Мафилоро”, “Тўтинома” каби асарлар муаллифи Мулла Қурбон Хиромий ва бошқалар катта роль ўйнаганлар. Шунингдек, бу даврда Аҳмад Дониш, Очили Мурод Мирий Катта Қўрғонийлар ҳам адабиётга хос бўлган асарлар яратганлар.
Бу даврда яратилган тарихий асарларнинг кўпчилиги ҳукмрон манғитлар сулоласи тарихига бағишланган бўлиб, уларда ўрта асрлар тарихнавислигидаги анъаналар давом эттирилгани кузатилади. Амирликда яшаб ўтган илм-фан намоёндаларининг фаолияти кўп қиррали бўлиб, уларнинг аксарияти тарихий асарлар ҳам яратганлар. Хусусан, Мулло Ибодулланинг “Тарихи амир Ҳайдар”, Муҳаммад Шарифнинг “Достони амирони манғит”, Мир Олим Бухорийнинг “Фатҳномаи султоний”, Мирзо Абдулазим Сомийнинг “Тарихи салотини манғития”, “Даҳмаи шоҳон”, Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Нақининг “Тожу тавориҳ”, Аҳмад Донишнинг “Манғитлар хонадони ҳукумдорлари тарихидан қисқача рисола”, Мирзо Содиқ Муншийнинг “Манғит ҳукмдорлари тарихи” кабилар шулар жумласидандир.
Амирликнинг маданий ҳаётида ҳаттотлик ҳам муҳим ўрин эгаллаган эди. Бу даврда Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби шаҳарларда ҳаттотлик матаблари мавжуд эди. Ўз касбининг устаси бўлган моҳир ҳаттотлар давлат ва хўжалик ҳужжатлари тайёрлашда, илмий-бадиий асарлар ёзиш ва кўчиришда меъморий иншоотларга турли ёзувлар (Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматлар)ни чиройли нақшлар тарзида битишда машҳур бўлганлар.
Бу даврда амирликнинг Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Ғузор, Катта қўрғон, Деҳнов каби кўплаб шаҳарларида масжид ва мадрасалар бунёд этилган. Бухородаги Домулло Турсунжон мадрасаси, Худойдод меъморий(масжид,мадраса ва сардоба) мажмуаси,Эрназар элчи мадрасаси, Қаршидаги Али ва Мир Муҳаммад мадрасалари шулар жумласидандир. Ундан ташқари бу даврда шаҳарларда кўплаб ихтисослашган ёпиқ бозорлар, карвонсаройлар, ҳаммомлар, йўллар бўйларида сардобалар бунёд этилган.
Хуллас, Ўзбекситон давлатчилиги тарихида Бухоро амирлиги давлатининг ҳам ўз ўрни ва мавқеи бўлиб, манғитлар ҳукмронлиги даврида ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётда қатор юксалишлар бўлиб ўтди. Аммо, мамлакат иқтисодий жиҳатдан қудратли ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкам эмас эди. Кўп ҳоллардаги иқтисодий танглик, сиёсий беқарорлик, ўзаро низолар XIХ асрнинг иккинчи ярмида давлатнинг катта ҳудудларини Россия томонидан босиб олинишига сабаб бўлди. Бухоро амирлари 1920 йилга қадар Россияга вассал ҳолатда тахтни эгаллаб турдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |