5-§. Бухоро амирлигининг ағдарилиши.
Бухоро Халқ Совет Республикаси.
Ижтимоий-сиёсий ҳаракат сифатида пайдо бўлган “Ёш бухороликлар” партияси 1910 йилдаёқ ўзларини алоҳида ташкилот сифатида эълон қилган эдилар. Бухородаги жадидчилик ҳаракатидан ўсиб чиққан Ёш бухороликларнинг фаолияти 1917 йилга келиб анча кучайган эди. Шу йилги феврал инқилоби Бухоро амирлигига ҳам таъсир этмасдан қолмади. Март ойининг бошларида Янги Бухоро, Термиз, Чоржўй ва Каркида ишчи, солдат ва деҳқон советлари тузилди. Бундай шароитда “Ёш бухороликлар” мавжуд монархия тузуми доирасида демократик ислоҳотлар ўтказиш, конституцион монархияни ўрнатиш орқали амирнинг мутлақ ҳокимиятини чеклаб қўйиш тарафдори бўлдилар.
Демократик кучларга таянган “Ёш бухороликлар”нинг қатъий талаблари асосида Бухоро амири Саййид Олимхон 1917 йил 7 апрелда мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш тўғрисида фармон чиқарди. Ушбу ислоҳотда амирликдаги ўрта асрлар бошқаруви тизимига ўзгартиришлар киритиш, амалдорларни сайлаб қўйиш тизимига ўтиш, амирлик пойтахтида амалдорлар, савдогарлар ва диндорлар таркибида шаҳар хўжалиги, халқ таълими ва соғлиқни сақлашни бошқариш учун мажлис тузиш, шариатни адолатни амалга оширувчи ва солиқларни муқобиллаштириб турувчи ягона ҳуқуқ сифатида эътироф этиш, аниқ давлат бюджети ўрнатиш, савдо-сотиқни ҳар томонлама ривожлантириш, аниқ фанларни ривожлантириш кабилар кўзда тутилган эди. Аммо, бу ислоҳот амалда жорий этилмади.
1917 йил 9 апрелда жадидлар Бухоро шаҳрида ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишни талаб қилиб намойиш ўтказдилар. Аммо, намойишчилар амир ҳукумати томонидан тарқатиб юборилди ва “Ёш бухоролик”ларнинг кўпчилиги жазоланиб, таъқиб остига олинди. Бу воқеалардан сўнг, 14 апрелда амир Олимхон ислоҳотлар ўтказишни рад этди.
Октябр инқилобидан сўнг совет Россияси билан Бухоро амирлиги ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб кетди. Туркистон Республикасининг большевиклардан иборат раҳбарияти Бухоро амирлигининг мустақиллигини расман тан олишига қарамай, амалда унинг ички ишларига доимий равишда аралашиб турди. Бу пайтга келиб “Ёш бухороликлар” партияси ичида турли гуруҳларнинг мавжудлиги, қарашларининг хилма-хиллиги туфайли партиянинг ягона дастурини тузишга эҳтиёж пайдо бўлди. “Ёш бухороликлар” партиясининг марказий комитети бу вазифани 1917 йил ноябрида Фитратга топширди. Абдурауф Фитрат томонидан тайёрланган “Ёш бухороликлар” партиясининг Дастури 1918 йил январида партиянинг марказий комитети томонидан тасдиқланди ва ислоҳот лойиҳаси сифатида эълон қилинди.
Ушбу дастурда Бухоро амирлигида конституцион монархия ўрнатиш, Бухоронинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий мустақиллигини таъминлаш, маданий тараққиётга эришиш, деҳқончилик ва солиқ тизимига алоҳида эътибор қаратиш, Бухорода замонавий армияни ташкил этиш, икки йиллик мажбурий ҳарбий хизматни жорий этиш, давлат ҳисобидан мактаблар ва олий ўқув юртлари очиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган эди. Шунингдек, ушбу лойиҳада Бухорода 10 та нозирликдан иборат Нозирлар Шўроси тузиш таклиф этилди.
Турккистон ХКС Бухоро амирлигига қарши зимдан кураш олиб борди, амир ҳукуматини куч билан ағдариб ташлашга уринди ҳамда большевиклар шу мақсадни кўзлаб бухоролик жадидларни қўллаб-қувватладилар. 1918 йил март ойида Туркистон ўлкаси ХКС раиси Ф.Колесов бошчилигидаги қизил аскарлар Бухоро шаҳрига ҳужум уюштирдилар. Ушбу ҳужум муваффақият билан тугамаган бўлса-да, Бухородаги сиёсий тузумни ўзгартириш учун ҳаракатлар тўхтамади. Саййид Олимхон эса Бухоро жадидларини кучли таъқиб остига олди. Натижада бухоролик жадидлар Самарқанд, Тошкент ва Москвага жўнаб кетишга мажбур бўлдилар.
1920 йил 13-14 июнда “Ёш бухороликлар” партиясининг Туркистон Марказий бюроси бирлашган конференциясида Файзулла Хўжаев тузган Дастур қабул қилинди. Ушбу дастурда амирликни куч билан ағдариб ташлаш ва Бухорони Демократик халқ республикаси деб эълон қилиш талаби қўйилди. “Ёш бухороликлар” йирик бойлар қўлидаги ерларни мусодара қилиш, бепул бошланғич таълим жорий этиш, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандлар саноати, ички ва ташқи савдонинг аҳволини яхшилаш йўлида амалий чора тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлаган эдилар.
1920 йилнинг 2 сентябрида М.Фрунзе бошчилигидаги қизил армиянинг шафқатсиз ҳужумларидан сўнг амирликнинг пойтахти Бухоро шаҳри босиб олинди ва Амир Олимхон тахтдан ағдарилди. Шундан сўнг, қизил армия амирликнинг барча бекликларини бирин-кетин эгаллаб, амирликка бутунлай барҳам берди.
1920 йил 14 сентябрда Халқ Нозирлар Шўроси, Бухоро муваққат инқилобий қўмитаси ва Бухоро Компартияси МК нинг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 9 кишидан иборат Абдуқодир Муҳиддинов раислигида Бутунбухоро инқилобий қўмитаси ва 11 кишидан иборат республика ҳукумати – Файзулла Хўжаев раислигидаги Халқ Нозирлар Шўроси тузилди. Бухоро Халқ Нозирлари Шўросининг таркиби қуйидагича эди:
Файзулла Хўжаев – раис, хорижий – ташқи ишлар нозири;
Қори Йўлдош Пўлатов – маориф нозири;
Мухтор Саиджонов – дохилия – ички ишлар нозири;
Усмонхўжа Пўлатхўжаев – молия ишлари нозири;
Нажиб Хусаинов – давлат назорати нозири;
Юсуф Иброҳимов – фавқулодда комиссия нозири;
Мукаммил Бурхонов – адлия нозири;
Баҳовуддин Шаҳобуддинов – ҳарбий ишлар нозири;
Абдулқодир Муҳиддинов – ер-сув ишлари нозири;
Мирзо Муҳиддин Мансуров – савдо ва саноат ишлари нозири.
1920 йилнинг 6-8 октябр кунлари Бухородаги Ситораи Моҳи Хосада Бутунбухоро халқ вакилларининг I қурултойи чақирилиб, унда Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) тузилганлиги эълон қилинди. Бу республика давлат тузуми жиҳатидан халқ демократик ҳокимияти эди. Қурултой давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи олий органи бўлган Бухоро инқилобий қўмитаси ва дастлабки ҳукумат таркиби бўлган Бухоро Халқ нозирлар Шўросини ўзил-кесил тасдиқлади. Уларнинг ваколат муддати II қурултойгача ўзайтирилди.
1920 йил октябрда БХСР билан Россия ўртасида муваққат ҳарбий-сиёсий битим тузилди. 1921 йил 4 мартда эса ҳар иккала давлат ўртасида Иттифоқ шартномаси имзоланди. Ушбу шартномалар ёш Бухоро давлати арбобларининг мустақил сиёсат юритишга қаратилган ҳаракатлари фаолиятини маълум даражада чеклашга олиб келди. Чунки, иттифоқ шартномаси мустақил Бухоро давлати ҳудудида совет қўшинлари сақланишини қонуний қилиб асослаб берди. Бу эса Россиянинг БХСР ички ишларига ҳарбий жиҳатдан қуролли аралашуви эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |