- Қулоғингиз битканми? Бу гапда Мен сизга гапиряпман маъноси англашилаяпти, яъни ситуатив пресуппозиция ҳодисаси кузатилаяпти.
Бирон нарсанинг етишмаётгани ёки камлиги ҳақидаги эслатма ўша етишмаётган нарсани тўлдириб қўйиш зарурати ҳақидаги истакни ифодалаши мумкин. Масалан: Қулоқлашиб туринг гапида Соғлигидан хабар олиб туринг деган маъно ифодаланади.
Ушбу вазиятда семантик жиҳатдан гўё ортиқчадек туюлган фикрларни ёрдамчи воситалар орқали ифодаланган прагматик маъноли гаплар деб аташ мумкин. Масалан, “Ие, эшитмадингми? деган гапда прагматик жиҳатдан рўпарангизда сиз кутмаган кишининг пайдо бўлишини англатса, семантик жиҳатдан сизнинг ҳайронлигингиз ифодаланаяпти. Бундай гаплар нутқнинг турли жанрлариида кенг миқёсда қўлланилади. Улар турли-туман стилистик ифода воситалари орқали англашилади.
Тилда бундай гапларнинг кўрсаткичлари (индикаторлари) шаклланган. Сўроқ юкламаси “-ми”нинг қўлланиши ана шу кўрсаткич вазифасини бажарса, “ие” сўзи сўзловчининг ҳайронлигини англатади. Бундай гаплар кўчма манода қўлланилиб, ўзига хос метафора вазифасини ҳам бажариши мумкин. Бундай гапларни конвенционал характердаги гаплар деб атайдилар. – Кечирасиз, қизнинг қулоғини пишиқтириб қўйдингизми? сўроқ гапида “Қизни ҳаммасидан хабардор қилиб қўйинг, илтимос” деган маънодаги мулойим илтимос ифодаланган. Бунда мулойимлик оттенкасини “қулоғини пишиқтириб қўймоқ” шаклидаги модаллик маъносини англатувчи феъл бажаради.
Семантик майдон нуқтаи-назаридан қараганда “қулоқ” лексемасининг ядровий (марказий) маъноси инсон ва ҳайвонлардаги ташқи оламни эшитиш воситаси сифатида тушунилади. З.М.Маъруфовни 1981 йилда ва А.Мадвалиевни 2020 йилида чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ларида от сўз туркумига мансуб “қулоқ” сўзининг қуйидаги асосий маънолари санаб кўрсатилади:
1.1. Одам ҳамда умртқали ҳайвонларнинг эшитиш ҳамда мувозанат аъзоси ва унинг ташқи қисми: Одамнинг қулоғи. 2. Баъзи нарсаларнинг ушлаш, илиб қўйиш ёки маҳкамлаш учун хизмат қиладиган қисми; Челакнинг қулоғи.3. Бош кийимларнинг қулоқларини ва иякни ёпиб, иссиқ тутиб туриш учун тушириб қўйиладиган узун қисми; Телпакнинг қулоғи. 4. Баъзи механизм ва мусиқа арбобларининг бураб ишга тушириш ёки созлаш учун хизмат қиладиган қисми; Машшоқлар ўз асбобларининг қулоқларини бураб, созини тўғрилашди. А.Қаҳҳор, Сароб. 5. Автомабиль трактор ва ш. к. Машиналарни бошқариш учун ҳизмат қиладигон қурилма; руль. Ҳушёрлик билан машина қулоғини бураб кетаётган ёш шофёр Козим, ўзининг ҳарбий ҳолатда эканини сезиб ниҳоятда ғайратланган. М.Муҳаммедов, Машқ. 6. Ўсимликларнинг барг ёки ниҳол ёзадигон ери; дастлабки ниҳолча, баргча. Уч юз гектарча ернинг ғўзаси учинчи марта экилади. Аммо биз ҳам бўш келмадик: ғўза қулоқ кўрсатди дегунча парваришлаб, яганалайвердик. Й. Шамшаров, Енгиш (4.616-617).
1.2.1. Сувнинг анҳор, канал, ўқариқ ва ш.к дан кичик сув йўлагига, ариқларга тармоқланиб ўтадиган жойи; даҳана. Отанг мироб бўлса ҳам, қулоқнинг бошида бўл! Мақол. 2.2. Шундай жойдан ўтадиган сув миқдори. {Акбар аканинг кўзига} Шу қадимий дарёдан экинига бир қулоқ сув чиқариб ололмай армонда ўтган, бахт излаб элма-эл кезган ғурумсаройликлар кўринди. Й.Шамшаров, Бахт излаб.
1.3. {р. Қулак- мушт, муштум} тар. Қароллар, камбағаллар, умуман, деҳқонларнинг ёнланма меҳнатидан фойдаланувчи катта ер эгаси, қишлоқ бойи; бой ёки ўртаҳол деҳқон (мустабит шўро тузуми 1929-33 йилларда бундай кишиларни “қулоқ- муштумзўр” номи остида синф сифатида тугатиш сиёсатини олиб борган). Иш текширилди, Бозор ота.. аллақаердан қочиб келган қулоқ бўлиб чиқди. А.Раҳмат, Варракчи чол(5.372-373).
Бу ҳолатни қуйидаги чизма орқали тасвирлаш мумкин.
“Қулоқ” семасига эга бўлган лексеманинг прагматик характери инсон табиатини, унинг ҳиссиётларини ва умумий психик ҳолатини тушунишда ҳам намоён бўлади. Бунда инсон бошидан кечираётган илиқлик, ҳурмат, ғазаб, ёвузлик, бахт, саодат, умид, ишонч, безовталик, қўрқув, хафалик, маюслик, қизиқувичанлик, самимийлик, олижаноблик каби кўплаб ҳиссёт ва туйғу элементларини ифодалаши мумкин
“Қулоқ” лексемалар нутқда турли стилистик восита сифатида ҳам қўлланиши мумкин. Масалан, бу лексемадан метафорик ва метонимик моделлар ясаш орқали нутқда қўллаш мумкин.
Масалан, “Қулоқ – сиғим (идиш)” метафорик модели инсон тасаввурини чуқурлик ва кенглик ўлчамларига эга бўлган макон (объект) сифатида юзага чиқаради. М.: Уни қулоғигқ қуюб қўйди.
Метафорик моделлар билан бир қаторда “қулоқ – инсон (одам)“ типидаги метонимик моделлар ҳам қўлланилади. М.: Ёшликдаги қулоқ (қизнинг қулоғи) тишлашлар ҳам чиппакка чиқди; Сизни юзлаб қулоқлар (одамлар) эшитиб турибди.
Юқорида зикр қилинган мулоҳзаларга таянган ҳолда таъкидлаш мумкинки, қулоқ ўз ранги, товланиши, шакли, ҳажми ҳамда ўз ўрнига эга бўлган жисмоний объект бўлиб, у кишининг қайси миллатга мансуб ва ҳис-туйғуларини ифодаловчи муҳим соматизмлардан бири сифатида лисоний тадқиқот учун объект сифатида хизмат қилади. “Қулоқ” семасига эга бўлган лексемалар турли сўз туркумларига мансуб бўлган лексемалардан бўлиб, улар инсон танасидаги фақат эўитиш органигина эмас, балки, унга ёндош бўлган коннотатив маъноларни ҳам ифодалаб ўзининг прагматик хусусиятларини намоён қилади. У нутқда қўлланганда унинг прагматик характери (коннотатив маъноси) доим унга ҳамроҳ сифатида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |