МУЛОҚОТ МАЛАКАЛАРИ
Мулоқот нутқли ва нутқсиз маълумотлардан иборат. Аниқланишича, сўз ёрдамида маълумотнинг оз қисми узатилади. Гавда ҳолати, қўл ҳаракатлари, овознинг оҳанги ва сўзловчининг атрофидаги ҳолат сўздан кўра кўпроқ маънони англатади.
Қандай сўзлардан фойдаланишимиз, урғуни қаерга қўйишимиз, қанақа интонация билан гапиришимиз ҳам кўп нарсани англатади. Бундан ташқари, мулоқотда биз мимика ва ҳаракатлар: қошни чимириш, қўлни қовуштириш, полга тикилиш, қизариш, соатга қараш, қўлни силташлардан ҳам фойдаланамиз. Новербал ҳулқ ёрдамида, масалан, бармоқни лабга босиб тинчлик сўраш, жилмайиб ёки столни муштлаб ҳам ўз муносабатимизни билдиришимиз мумкин. Турли этник гуруҳларда ва маданиятларда мулоқотнинг нутқсиз усуллари турлича талқин қилинади. Нутқсиз мулоқотдан нотўғри фойдаланиш бизни ноқулай аҳволга солиб қўйиши ҳам мумкин.
Новербал сигналлар аксарият биз баён қилаётган фикрни яққолроқ, равшанроқ ифодалайди. Баъзан уларни нотўғри талқин қилиш тушунмовчилик ва ҳатто хафачиликка олиб келиши ҳам мумкин. Масалан, Сиз суҳбатдошингиз зерикканидан кўзини юмиб олди деб ўйлаб хафа бўласиз, аслида у эҳтимол Сиздан эшитаётганларига диққатини яхшироқ жамламоқчидир. У ёки бу ҳаракат нимани англатишини билиш мулоқот муваффақияти учун ниҳоятда муҳимдир.
Баъзан одам ўзи билмаган ҳолда новербал сигнал бериши ҳам мумкин. Масалан, суҳбат пайтида кўзни пирпиратиш, аланглаш, столни чертиш Сизга одат бўлиши мумкин. Сизни яхши биладиганлар буни тушунади, яхши билмайдиганлар эса Сизнинг мимика ва ҳаракатларингизни нотўғри тушуниб, хафа бўлиши мумкин.
Ҳар бир одам ўзи сўзлаётган фикрнинг мазмунига мимика ва ҳаракатларини мослаштиришни ўрганиши керак. Бундай мулоқот услубини шакллантириш бошқаларга ҳам ўз ҳулқ манералари нимани англатаётганлигини билишга ёрдам беради.
Масалан, айтишингиз мумкин: “Кўпчилик мени бирон нарсага шубҳа қилсам қошларимни кўтараман,- деб ҳисоблайди. Аслида мен бирон қизиқроқ фикр эшитиб қолсам қошларимни кўтаришга одатланганман”.
Сизнинг бошқалар билан мулоқотингиз мукаммал бўлиши учун қуйидаги маслаҳатларга амал қилишга уриниб кўринг:
А) самимий қизиқиш ва диққатингизни билдириш учун сўзловчига қараб туринг;
Б) суҳбатдошингизнинг юзига қаранг. Унга бир оз энгашишингиз ҳам мумкин;
В) қулай пайтда қўлларингизни ҳаракатлантиринг. Юз ифодангиз гапингизнинг мазмунига мос бўлишига ҳаракат қилинг. Аксарият ҳолатда одамлар аччиқланганларида жилмаядилар, ёки нохуш хабарни айтишдан олдин ҳазил қиладилар. Мулоқотнинг бундай тунд усули ишончсизлик туғдиради;
Г) овозингизнинг баландлиги ва оҳангига эътибор беринг. Текис, қатъий овоз ишонтириш учун қўл келади, ёқимли овоз меҳр ва самимийликни билдиради. Чийилдоқ овоз нафрат уйғотади.
Do'stlaringiz bilan baham: |