Яккабоғ беклиги тарихий географияси
Яккабоғ шимолдан Шаҳрисабз, жанубдан Қамаши ва ғарбдан Чироқчи билан чегарадош бўлиб, 1.1 минг кв.км ҳудудни эгаллаган. Яккабоғ тумани ҳудудининг чекка шарқий қисмида Ҳисор тоғ тизмасининг жануби-ғарбий тармоғлари ўрнашган бўлиб, унинг баландлиги 2500 километрни ташкил этади. Мазкур тармоқлар Бешнов, Чақчар, Хонтахта номларини олган.Тоғ тармоқлари ғарбга томон пастлашиб текисликка қўшилиб кетади.
Яккабоғ вилоятининг ташкил топиш даврига назар ташланса, Яккабоғ вилоятининг пайдо бўлиши аштархонийлар даврига (XVIII асрнинг биринчи ярми) бориб тақалади. Кенагас ва манғитлар Шахрисабз вилоятига келиб ўрнашган вақтда вилоятнинг Така, Яккабоғ, Сурхоб минтақалари бошқарувини авақли уруғи вакиллари қўлга киритадилар. Авақли уруғи айрим тарихий манбаларда кенагас қавмининг тармоғи сифатида келтириб ўтилган.1
Яккабоғ вилоятининг шаклланиш даври шу уруғнинг чағар тармоғидан чиққан, қатъиятли Қосимбий фаолияти билан бевосита боғлиқ. Қосимбий Муҳаммад Раҳимхон манғит (1715-1759 й) Шаҳрисабз вилоятини бўйсундирган пайтларгача Яккабоғда ҳоким бўлиб турган. Тахминан 1755 йиллар атрофида бир қанча уруғдошлари билан Ҳисор томонга ўтиб кетади. Бу вақтга келиб ҳокимлик Муҳаммад Амин томонга ўтиб кетади. Қосимбий бошчилигидаги авақлилар Ҳисорда кўп туришмайди, қавм етакчилари ўртасида ихтилоф чиқиб, улар яна ўз юрти Яккабоғга қайтиб келишиб, Қосимбий қавмлар ўртасидаги муносабатлар ва ўз нуфузини тиклайди.
Муҳаммад Раҳимхон манғит вафотидан сўнг Бухоро давлати марказий бошқаруви яна заифлашади. Шаҳрисабзда янги ва ғайратли ҳокими машҳур Бекназар девонбеги сиёсий майдонда пайдо бўлади. У муросасиз рақибга айланган қариндошлари (манғитлар) қўлига ўтган марказий ҳокимиятга бўйсунмай мустақил сиёсат юритишга ҳаракат қиларди.
Яккабоғда эса аллақачон Қосимбий авақли ва унинг авлодлари тепасида турган маъмурий бошқарув тизимига эга вилоят ҳисобланар эди. Авақлилар кенагас қавмининг йирик бир тармоғи бўлгани сабабли Яккабоғ ва Шаҳрисабз беклиги бошлиқлари кўп вазиятларда сиёсий иттифоқда яшашга ҳаракат қилишган. Яккабоғ Шаҳрисабзга нисбатан кучсизроқ бўлса-да, мустақил вилоятга айланиб улгурганди.1
Бекликнинг маркази бўлган Яккабоғ қўрғони шу даврдан бошлаб Бухоро амирлигининг муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган шаҳри сифатида катта ўрин тутган. Шаҳарнинг аҳамияти шу билан белгиланар эдики, у орқали Шаҳрисабз воҳасини Ҳисор ўлкаси билан боғловчи энг қисқа йўл-Тошқўрғон довони орқали ўтган. 2
Яккабоғ қалъаси бугунги кунда маҳаллий аҳоли томонидан Эски Яккабоғ деб аталади. Унинг йирик қалъага айланиши Яккабоғ вилоятининг ташкил этилиши билан боғлиқдир. У атрофдаги барча амлоклардан келадиган йўллар ўзаро туташадиган ниҳоятда қулай географик ўринда жойлашган. Унча узоқ бўлмаган масофада, шарқий тарафида Қизилдарё ва Турнадарё қўшилади. Шаҳарни ёқалаб ўтиши билан Қизилдарё яна иккига шимол ва ғарбий тармоққа ажралади. Дарёнинг ажралган икки қисми ҳам Қизилдарё номи билан аталади. XIX асрдан унинг ёнига Яккабоғдарё номи қўшилади.
XVIII аср ўрталаригача Яккабоғ қалъаси ўрнида кичикроқ аҳоли маскани бўлган. Қалъанинг жаниубий томонидан Ёдгор девонбеги мадрасасидан 150-180 метрлар масофада Беклартепа тарихий ёдгорлиги сақланиб қолган. Археологик тадқиқотлар таҳлилига кўра, у X-XII асрларда кичик қўрғонча бўлган. 3
Қалъада XVI асрда ҳаёт тез суръатлар билан гавжумлаша бошлаганини ўша пайтлар унинг ғарбида катта қабристон пайдо бўлгани ва қабртошлардаги тарихий маълумотлардан ҳам кўришимиз мумкин.1
Яккабоғ беклигида турли даврларда идора қилган ҳокимлар Яккабоғ қўрғонининг ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида унинг атрофини баланд ва қалин девор билан ўраб олишади. Бугунги кунда ҳам ушбу девор қолдиқларни кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, қалъа тахминан 40 гектар майдонни ташкил қилган. Деворлари XVIII асрнинг иккинчи ярмидан XIX асргача аниқ шаклланиб бўлган. Марказида бек яшайдиган ва фуқаролар арзини тинглайдиган арк жойлашган.( сноска бериш керак)
Табиий тепаликлар устида жойлашган бу нотекис қурилган бек Ўрдаси марказида, Ўрда энг баланд жойида бекнинг саройи жойлашган бўлган. Ўрданинг мудофаа деворида 1 та, шаҳар мудофаа деворида эса 3 та дарвоза бўлган 2.
1985 — 1986 йилларда бек қалъаси харобаларида археологик қазишма ишларини олиб борган КАТЭ аъзолари аркнинг кириш қисмини ўрганиб, бек саройининг бир қанча хоналарини очган. Тадқиқотлар натижасида бу ҳудуд илк ўрта асрлардаёқ аҳоли томонидан ўзлаштирилгани аниқланган. 3
Қалъага асосий Кунчиқар ва Кунботар дарвозаларидан кириб чиқилган. Кунчиқардан Самақ, Бўзариқ, Тошқўрғон амлокларига борилган. Дарвоза ўрни ҳозир иккита тепалик кўринишида сақланган. Кунботар ёки Кўктош ота дарвозаси орқали Чимқўрғон, Ғузор, Қорабоғ, Насаф йўлига чиқилган.4
Маҳаллий аҳоли вакилларининг маълумотларига кўра, қалъанинг шимолий томонида Шаҳрисабз, жанубий томонида Бобо Шоди номли дарвозалари ҳам бўлган. Шаҳрисабз дарвозасидан Имом Ёқуб амлоки, Шаҳрисабз ва Бобо Шоди дарвозасидан мазкур амлокка борадиган йўл ўтган.
Яккабоғ беклиги аҳолисининг асосий машғулотларига эътибор қаратсак, қадимдан бу ернинг географик жойлашуви ва иқлим хусусиятларидан келиб чиқиб, асосий машғулоти деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келишган. Экинзор ва боғлар суғориш йўли билан парваришланган. Тадқиқотларга кўра бу ҳудудда деҳқончилик ишлари учун мўлжаллаб қазилган сунъий суғориш иншоотлари тарихи уч минг йилликларга боришини кўрсатди. Иқлими иссиқ ва айрим пайтлар қурғоқчил бўлиши сабабли аҳоли томонидан сув ниҳоятда қадрланиб келинган.
Шу билан бирга бу ҳудудда деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланишда аҳоли нафақат сунъий суғориш иншоотларидан, балки шу ҳудуд атрофидан оқиб ўтадиган дарё сувларидан ҳам кенг фойдаланишган. Қизилдарё - вилоятнинг энг катта дарёси ҳисобланиб, Ҳисор тоғининг баланд қорли чўққиларидан, Тошқўрғоннинг шарқий тарафидаги музликлар ва қорлардан бошланган. Қадимги манбаларда Сурхоб ва Сурруд каби номлар билан ҳам учрайди.1 Шунингдек Лангардарё, Турнадарё ва Гулдарёлар бу бекликнинг деҳқончилик ва боғдорчилик тараққиётининг асосий манбаи бўлиб келганлиги ҳам маълум.
Кўриб чиқилаётган давр Яккабоғ беклиги Шарқий Қашқадарёнинг муҳим савдо марказларидан бири бўлганини ҳам кўрсатади. Бундан ташқари, Яккабоғда етиштирилган мева-сабзавотлар нафақат беклик бозорларига, балки воҳанинг бошқа шаҳарлари бозорларига ҳам етказиб берилган.
Яккабоғ беклигининг бошқарув тизимига эътибор қаратсак, Бухоро амирлиги таркибига кираркан уни назорат қилиш ҳам шу давлат қўлида эди. Бекликнинг бошқаруви тепасида бек ёки ҳоким турарди. Табиийки уни Бухоро амири тайинларди. Манбаларда вилоят бошлиғига нисбатан ҳоким атамаси, тадқиқотларда ҳамда халқ оғзаки нутқида бек сўзи қўлланилиб келинган.2 Яккабоғ беклигини бошқарган ҳокимлар исмлари ортидан додхоҳ, бий, мир, девонбеги каби унвонлар қўшиб айтиш ҳам учраб турган. Ҳокимнинг марказий ҳокимият қошида нуфузи ортган сари мавқеи ҳам юқорилашиб бораверган. Улар орасида энг юксакка кўтарилган Ёдгор девонбеги (1790-1842 й.й) бўлган. Унинг исмига ҳатто валинеъма (валиънемат) сўзи қўшиб айтилиши урфга айланади. Бу сўз манғит ҳукмдорларидан Дониёлбий оталиқ, Шоҳмуродларга нисбатан ишлатилгани манбаларда учрайди. Вилоят ҳокими Яккабоғ қалъасида яшаган ва шу жойдан ўзига тобе ҳудудларни назорат қилган.
Вилоят ҳокими атрофида қози, муфти ва раис юқори мансаб ҳисобланган. Вилоят ҳудуди амлок бошқарув тизимига бўлинган. Бу бошқарувга масъул амалдорлар амлокдор деб аталган. Амлокдор номига баъзан амин атамаси ҳам қўшиб айтилган.
Амлоклар қишлоқлардан ташкил топган бўлиб, уни оқсоқол бошқарган. Амлок тузилиши қишлоқлар сони ёки ер майдонига қараб белгиланмаган. Давлат бошқаруви осон бўлиши эътиборга олинган. Баъзи вазиятларда амлоклар таркиби ўзгариб ҳам турган. Айрим қишлоқларнин турли даврларда гоҳ бу, гоҳ у амлок таркибида кўриниб қолиши ҳам кузатилган.1
Яккабоғ вилояти тарихида Бешариқ, Самақ, Имом Яқуб, Тошқўрғон, Бўзариқ, Бобо Шоди, Қорабоғ, Қораёғоч, Дийул, Ҳазрати Лангар, Муминобод каби амлоклар мавжуд бўлган.
Умуман олганда, аштархонийлар ва манғитлар сулоласи даврида Яккабоғ беклиги ва унга туташ амлоклар Қашқадарё воҳасининг асосий иқтисодий марказлари сирасига кирган. Бу ҳудуд мудофаа девори билан ўраб олинган қалъа, қўрғон ва рабоддан иборат бўлган. Шаҳарлар бек қўрғонидан ташқари, бир қанча жамоатчилик ва диний ибодат иншоотлари, жумладан жоме масжидлари, бозорлар, савдо дўконлари, ҳаммомлар, карвонсарой ва бошқалар жойлашган. Қашқадарё воҳасининг бу каби шаҳарларида ҳам Бухоро ва Самарқанддаги сингари бир неча ўнлаб ҳунармандчилик гузарлари мавжуд бўлиб уларда шаҳар аҳлининг асосий қисми истиқомат қилган. Шаҳар аҳлининг асосий даромад манбаи деҳқончилик, чорвачилик ва савдо-сотиқ ҳисобланиб, бу омил воҳанинг иқтисодий таянчи ҳисобланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |