5-§. Жиноят субъекти ва жиноятчининг шахси
Ҳуқуқ назариясида, жумладан, жиноят, жиноят-процессуал, криминология, жиноят ижроия ҳуқуқи фанларида жиноят содир қилишда айбланаётган шахсга нисбатан «жиноят содир қилишда айбли шахс», «айбланувчи», «судланувчи», «маҳбус», «маҳкум», «жиноятнинг субъекти» атамалари ишлатилади. Шунга мувофиқ равишда айбланувчининг шахси, айбдорнинг шахси, судланувчининг шахси, маҳкумнинг шахси, жиноятчининг шахси каби атамалардан фойдаланилади. Бу тушунчалар шубҳасиз бир-бирига яқин, бир-бири билан боғлиқ бўлсада, аммо уларнинг ҳар бири алоҳида мазмунга эга. Уларнинг ҳар бири алоҳида тушунчага эга бўлсада, аммо бунда фақат битта шахс, яъни жиноят содир қилган шахс устида гап боради.
Бу атамалар жиноят содир қилишда айбланаётган шахснинг ижтимоий-ҳуқуқий томонларини ифодаловчи тушунчалар бўлиб, содир этилган жиноят юзасидан тергов ишлари олиб бориш, суд тергови олиб бориш, суд қилиб, муайян жазога ҳукм қилиш, жазони ижро этиш ва жазони ўташ вақтида ишлатиладиган ҳуқуқий атамалар тушунчасидир. Бу тушунчалар жиноят содир қилишда гумон қилинаётган ва айбланаётган шахсга нисбатан босқичма-босқич ифодалаш атамаларидир.
Жиноят ҳуқуқида жиноятнинг субъекти ва жиноятчининг шахси тушунчалари ҳуқуқий тушунчалар сифатида кўп ишлатилади. Жиноятнинг субъекти ва жиноятчининг шахси бир-бири билан боғлиқ тушунчалар бўлсада, улар мазмуни ва моҳияти жиҳатидан фарқ қилади.
Жиноятнинг субъекти–жиноят содир қилиш пайтида қонунда назарда тутилган ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахсдир.
Жиноят кодекси Махсус қисмида назарда тутилган барча жиноятларнинг субъекти бўлишнинг энг кам белгилари жисмоний шахснинг ақли расолиги ва қонунда белгиланган ёшга етганлиги-нинг ўзи етарлидир. Фақат махсус субъектли жиноятлардагина бу белгилардан ташқари яна ЖК Махсус қисмининг моддаси диспозициясида кўрсатилган белги бўлиши талаб қилинади. Шу белгилардан бирининг бўлмаслиги қилмишда жиноят таркибининг мавжудлигини истисно қилади.
Жиноят ҳуқуқида жиноятнинг субъекти устида гап борар экан, ана шу белгиларнинг ўзи (ақли расолиги, қонунда кўрсатилган ёшга етганлиги) тадқиқ қилинади, ҳолос. Шунга кўра, жиноятнинг субъекти тушунчаси жиноятчининг шахси тушунчасига нисбатан тор тушунча ҳисобланади. Шахснинг муайян жиноятнинг субъекти (умумий субъект) бўлиши учун унинг ақли расолиги, муайян ёшга етганлигидан бошқа белгилари жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмай қолади (махсус субъект белгисидан бошқа белгилари). Аммо ҳар бир жиноят содир этишда айбланаётган субъект унинг ўзигагина хос бўлган биологик руҳий (ақлий); ижтимоий хусусиятларга эга бўлади. Биологик белгилари — шахснинг ёши, соғлиғи бўлса, руҳий хусусиятлари — ақлий ривожланганлиги, ўзига хос темпераментлари кирса, ижтимоий хусусиятларига оиладаги хулқи, меҳнатга муносабати, ижтимоий яшаш қоидаларига муносабати ва ҳоказолар киради.Қонун чиқарувчи орган жиноятнинг махсус субъекти белгиларини ишлаб чиқар экан индивиднинг шахсини ифодаловчи барча индвидуал хусусиятларни ҳисобга ололмайди.Қонун чиқарувчи орган жиноятнинг умумий ва махсус субъектлари белгиларини ишлаб чиқар экан, шахснинг жиноят содир этишига ўз таъсирини кўрсата оладиган энг муҳим белгиларни жиноят таркиби субъектининг умумий ва махсус белгилари сифатида олган.Қонун чиқарувчи орган шахс индивидуал хусусиятларининг жиноят таркиби субъектининг белгилари доирасига киритилмаган белгилари суд томонидан жазони енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олиниши мумкин.
Жиноятчи шахсининг ижтимоий-руҳий ҳолати нуқтаи назардан қаралганда, унинг шахси жамиятдаги салбий ҳодисаларнинг умумлашган кўринишида ифодаланиши бўлиб, ҳуқуққа хилофлик, айблилик, зарарлилик ва ижтимоий хавфлилик унинг шахсининг муҳим элементлари бўлиб, ҳисобланади61[61].
Шундай қилиб, жиноятчининг шахси жиноят содир қилган шахснинг жиноят ҳуқуқий воситалар (жиноий жазо ва бошқа жиноят — ҳуқуқий таъсир чоралар) орқали тузатиш имкониятлари бўлган, ижтимоий аҳамиятли хусусиятлари тизимига эга бўлган киши шахсидир.
Жиноятчи шахсининг қўшимча белгилари жиноятни квалификация қилишга таъсир қилмайдиган, жиноят таркиби субъектининг белгилари доирасидан ташқарида бўлган белгилари бўлиб, суд жазо тайинлаш вақтида жазо тури ва муддатларини белгилашда жазо тайинлаш қоидаларига амал қилган ҳолда ЖК Махсус қисми модда (норма)си санкцияси доирасида жазо тайинлайди. Жумладан, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда жиноят содир қилган шахсга нисбатан суд жазо тайинлаш вақтида ЖК 56-моддаси 1-қисмининг «о» бандига биноан Махсус қисми санкцияси доирасида, аммо оғирлаштирилганроқ ҳолда жазо тайинлаш мумкин. Бу айнан суднинг қонун нормасининг санкцияси доирасида жазо тайинлаши бўлиб, ҳисобланади. Аммо жиноят содир қилган шахснинг ЖК 56-моддасида кўрсатилмаган шахсий хусусиятларини суд жазо тайинлашда ҳисобга олиши мумкин эмас. Аммо шахсни жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш масаласи кўрилаётган вақтда суд томонидан бу белгилар муҳокама қилиниши мумкин. Айниқса, жазони енгиллаштиришга асос бўладиган белгилари — вояга етмаганлиги, биринчи марта жиноят қилганлиги,чин кўнгилдан қилмишига пушаймон бўлиб, жиноятни очишга фаол ёрдам берганлигини ҳисобга олади.
Жиноятчининг шахсини ифодаловчи хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қонун талабларига қатъий риоя қилиб, жазо тайинлаш, адолатли жазо тайинлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |