б) жиноятларни ижтимоий хавфлилик даражасига кўра таснифлаш Юқорида баён қилганимиздек, ЖК 15-моддасидаги жиноятларни таснифлашнинг ижтимоий хавфлилик даражаси олинган. Ижтимоий хавфлилик даражаси жиноятнинг миқдор кўрсаткичлари бўлиб, жиноятни ижтимоий хавфлилик даражасини оширувчи бир қанча омиллар борки, бу омилларга жиноят натижасида етказилган зарарнинг миқдори тажовузнинг хусусиятлари, айбнинг хусусияти, жиноят содир қилган субъектнинг ўзига хос хусусиятлари ва ҳоказолардир.
ЎзР ЖК 15-моддасига кўра ЖК Махсус қисмидаги барча жиноятлар ижтимоий хавфлилигига кўра тўртта туркумга бўлиниб, булар:
ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар;
унча оғир бўлмаган жиноятлар, оғир жиноятлар; ўта оғир жиноятлар.
Қуйида уларга алоҳида-алоҳида тўхталамиз.
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар ЎзР ЖК 15-моддасининг 2-қисмида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркуми берилган бўлиб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 29 августдаги олтинчи сессиясида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодексига бир қанча қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган эди. Ана шундай қўшимча ва ўзгартиришлардан бири ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар доирасини кенгайтиришдан иборат бўлган қўшимча ва ўзгартиришлардир.
15-моддага киритилган қўшимча ва ўзгартиришларни ҳисобга олиб, бу модданинг 2-қисмида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларнинг доираси белгиланади. Бу ерда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради, дейилади. Бунда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумини ифодалашда фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси олинмоқда холос. Ваҳоланки Жиноят кодексида фақат озодликдан маҳрум қилишнинг ўзи эмас, балки бошқа бир қанча жазолар ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, Жиноят кодекси Махсус қисмининг кўплаб моддалари санкциясида озодликдан маҳрум қилиш умуман назарда тутилмаган. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар назарда тутилган жиноятларни қайси туркумдаги жиноятларга киритиш керак деган ҳақли савол туғилади. Чунки умумий қоидага кўра қонунда йўқ нормани амалда қўллаш мумкин эмас.
Бизнинг назаримизда, ЖК 15-моддасини 2-қисми қайтадан қабул қилиниб, қуйидаги таҳрирда баён қилиниши керак:
«Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қонунда озодликдан маҳрум қилишга нисбатан енгилроқ жазолар назарда тутилган, шунингдек, қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради» деб берилиши керак. Ана шу юқорида баён қилинганларга кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга:
1) Жиноят кодекси Махсус қисмининг нормаси санкциясида озодликдан маҳрум қилишдан бошқа турдаги жазолар назарда тутилган жиноятлар;
2) қасддан содир этилиб, қонунда, яъни Жиноят кодекси Махсус қисми нормасида уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар;
3) эҳтиётсизликдан содир этилиб, Жиноят кодекси Махсус қисми нормасида беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Жиноят кодекси Махсус қисмининг асосий кўпчилик нормаларида альтернатив жазолар назарда тутилган. Масалан,ЎзР ЖК 168-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган фирибгарликни содир қилганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган. Бу санкцияда жазонинг энг енгили жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари, энг оғири озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилиб, жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари назарда тутилган жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар ҳисобланса, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар эса унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киради. Бундай ҳолатда шундай савол туғилади: агар санкцияда назарда тутилган альтернатив жазоларнинг энг енгили ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят туркумида, энг оғири унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумида бўлса, бундай жиноятлар жиноятлар таснифининг қайси туркумига киради? Бизнинг назаримизда ҳам жиноятларни у ёки бу туркумига киритишда қонуннинг мазмуни ва амалда қўлланиш амалиётига кўра ҳам санкцияда кўрсатилган альтернатив жазоларнинг энг оғири ҳисобланиб, муайян туркумга киритилади. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларнинг жиноят ҳуқуқидаги аҳамияти нимада? Унинг ижтимоий аҳамиятини қуйидагиларда ифодалаш мумкин:
1) Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001йил 29 августда бўлиб ўтган олтинчи сессиясида қабул қилинган суд-ҳуқуқи тизимини либераллаштириш талабларига тўла мувофиқ келади ва қонунларнинг инсонпар-варлик принципларини амалга оширишнинг муҳим шарти бўлиб хизмат қилади;
2) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир қилган шахсларга нисбатан ЖК 66, 661-моддаларини қўлланган ҳолда жавобгарликдан озод қилишни қўллаш;
3) ЎзР ЖК 71-моддасини қўлланган ҳолда жазодан озод қилиш;
4) ЎзР ЖК 71-моддаси қоидаларини қўлланган ҳолда шартли ҳукм қилинишини қўллаш;
5) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун суд тайинлаган жазонинг камида учдан бир қисмини ўтаб бўлганидан кейин ЎзР ЖК 73-моддаси қоидаларини қўллаб, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш;
6) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини ўтаб бўлганидан кейин ЖК 74-моддасининг қоидаларини қўллаб жазонинг қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш;
7) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, жазони манзил колониясида ўташни (ЎзР ЖК нинг 50-моддаси) белгилаш;
8) вояга етмай туриб ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланмайди;
9) келтирилган зарарни қоплаган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмайди;
10) шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа имтиёзлар қўлланиши мумкин.
ЎзР ЖК Махсус қисми моддаларини ўрганиб чиқилса, ундаги моддаларнинг ёки муайян модданинг тегишли қисми ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар деб ҳисобланган нормага эга бўлган моддалар 135 дан кўпроқдир. Демак, ЎзР ЖК Махсус қисми моддаларининг тахминан 44 фоиз моддаси ёки моддасидаги муайян норма ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киради. Бу рақамлар Ўзбекистон Республикаси амалдаги Жиноят кодекси том маънода инсонпарвар қонун ҳисобланишидан далолат беради. Иккинчи томондан эса бундай ҳолат ҳар бир жиноят содир этишда айбланаётган шахсга нисбатан жавобгарликни ва жазони индвидуаллаштириш имконини беради. Яна бир энг муҳим жиҳати жиноий жазога ҳукм қилинаётган шахсларга асоссиз равишда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашга имконият қолдирмайди.