Қилмишнинг ҳуқуққа хилофлиги. ЎзР ЖК нинг Махсус қисми моддаларида жиноятларнинг қатъий рўйхати берилган бўлиб, бу моддаларда айтилган қилмишларни содир қилиш тақиқланади. Уларни содир қилиш эса ҳуқуққа хилоф ҳисобланади. Жиноят кодекси Махсус қисмида жиноят деб ҳисобланмаган ва жазо назарда тутилмаган қилмишлар ҳар қандай оқибатга сабаб бўлганлигидан қатъи назар, жиноят ҳисобланмайди. Қилмишни жиноят деб ҳисоблаш учун албатта, ЖК Махсус қисми моддасида кўрсатилган ва бунинг учун жиноий жазо назарда тутилган бўлиши керак.
У ёки бу қилмишни жиноят деб ҳисоблаш ва Жиноят кодексига киритиш масаласини фақат қонун чиқарувчи орган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси) ҳал қилади. У ёки бу қилмишни криминализация ёки декриминализация қилиш масаласи жамиятда шундай қилмишларнинг мавжуд ижтимоий муносабатлар учун хавф туғдириши, маълум даражада бундай ҳаракатларнинг кўпайиши билан ҳам боғлиқдир.
Жиноят кодексининг Махсус қисмида жиноятларнинг қатъий рўйхати берилган бўлиб, бу жиноятларни шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин:
1) криминологик жиноятлар;
2) жиноят-ҳуқуқий жиноятлар;
Криминологик жиноятлар инсоният тарихининг барча босқичларида ижтимоий хавфли ҳисобланиб мавжуд одат, ахлоқ ва қонун нормалари билан доимо таъқиб қилиб келинган. Буларга масалан, одам ўлдириш, баданга шикаст етказиш, ўғрилик, талончилик, босқинчилик ва ҳоказоларни айтиш мумкин. Бу жиноятлар учун жазо муддати ва турлари ҳар хил бўлиб келган бўлсада, улар ҳар доим таъқиб қилинган.
Жиноят-ҳуқуқий жиноятлар эса муайян бир даврда ижтимоий хавфли тус олганлиги муносабати билан жиноят деб ҳисобланади, жиноят-ҳуқуқий норма сифатида Жиноят кодексига киритилади. 1959 йилда қабул қилиниб, 1995 йил 1 апрелгача амалда бўлган Жиноят кодексида жиноят деб ҳисобланган 60 яқин қилмишлар янги Жиноят кодексига киритилмади. Масалан, чайқовчилик учун олдинги кодексда жавобгарлик белгиланган эди. Чайқовчилик учун жавобгарликни назарда тутувчи олдинги кодекснинг 175-моддаси янги Жиноят кодексига киритилмади.
Чайқовчилик энди жиноят эмас, балки тижорат ҳисобланиб, кишиларнинг шуғулланиш фаолият туридан бирига айланди. Шунинг билан бирга олдинги Жиноят кодексида жиноят деб ҳисобланмаган 60 га яқин қилмишлар янги Жиноят кодексига жиноят деб киритилди.
Жиноят қонунининг мазмунига кўра, фақат ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқарган қилмишларгина жиноят ҳисобланмай, балки қонун билан қўриқланадиган объектга реал зарар етказиш хавфини келтириб чиқарадиган ижтимоий хавфли қилмишлар ҳам жиноят ҳисобланади. ЎзР ЖК нинг 14-моддаси 2-қисмида «Ушбу Кодекс билан қўриқланадиган объектларга зарар етказадиган ёки шундай зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарадиган қилмиш ижтимоий хавфли қилмиш деб топилади» дейилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |