Оддий диспозицияда жиноят таркибининг белгилари кўрсатилмай, фақат жиноятнинг номигина ёзилади. Масалан, 97-модданинг 1-қисми, 102-модданинг 1-қисми ва ҳоказолар.
Тасвирлов диспозицияда жиноят таркибининг таърифи берилади ва унинг муҳим асосий белгилари кўрсатилади. Масалан, 104-модданинг 1-қисмида қасддан баданга оғир шикаст етказиш қуйидагича тасвирланган. Содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотиш ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқиши ёки унинг фаолиятини тамоман йўқолишига, руҳий касалга чалинишига ёки умуман соғлиги бузилиб, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоиздан кам бўлмаган қисми доимий йўқолишига ёки ҳомиланинг тушиши, ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса, дейилади.
ЖК Махсус қисмининг асосий кўпчилик моддалари тасвирлов диспозиция шаклида қабул қилинган.
Ҳаволаки диспозицияда муайян жиноятнинг белгилари кўрсатилмай, бу жиноятнинг белгиларини кўрсатиш учун бошқа бир жиноятнинг белгиларига ҳавола қилинади.
Масалан, ЖК нинг 107-моддасида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, — дейилади. Демак, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб баданга оғир шикаст етказилганлигини аниқлаш учун ЖКнинг 104-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган белгиларга мурожаат қилинади. Бошқача қилиб айтганда, қилмишни ЖК нинг 107-моддаси билан квалификация қилиш учун жиноят зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб қилинган бўлиши ва 104-модданинг 1-қисмида назарда тутилган белгилардан бири бўлиши керак.
ЖК Махсус қисмининг моддалари бир неча қисмдан иборат бўлса, иккинчи, учинчи ва ҳоказо қисмлари ҳаволаки диспо-зиция шаклида бўлиб, жиноятнинг номи ҳам, белгилари ҳам кўрсатилмай, шу модданинг 1-қисмидаги таъриф ва белгиларига ҳавола қилинади.
Бланкет диспозицияда жиноят таърифланмай ёки унинг белгилари кўрсатилмай бошқа қонун ёки норматив акт бузганлиги кўрсатилади. Бланкет диспозицияли модда билан айбдорнинг қилмишини квалификация қилиш учун бошқа қонун ёки норматив акт бузилган ва ўша қонун ёки норматив акт бузилганлиги натижасида ЖК нинг бланкет диспозицияли моддасида назарда тутилган оқибатлар юз берган бўлиши керак. ЖКнинг кўпгина моддалари бланкет диспозиция шаклида тузилган. Хўжалик фаолияти соҳасидаги, экология соҳасидаги, жамоат хавфсизлиги соҳасидаги, транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларнинг асосий кўпчилиги бланкет диспозиция шаклида тузилган. Масалан, қилмишни ЖК нинг 257-моддаси билан квалификация қилиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари бузилган ва бунинг оқибатида шу моддада назарда тутилган оқибат юз берган бўлиши керак, ёки қилмишни ЖК нинг 266-моддаси билан квалификация қилиш учун транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида шу моддада назарда тутилган оқибат келиб чиққан бўлиши керак ва ҳоказолар.
Санкция деб Жиноят кодекси Махсус қисми диспозициясида кўрсатилган жиноят учун белгиланган жазо қисмига айтилади.
Жиноят-ҳуқуқий норманинг санкция қисмида жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, жазонинг тури ва муддатлари кўрсатилади. Санкцияда асосий жазоларга қўшимча жазолар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Амалдаги Жиноят кодексида санкциянинг иккита туридан фойдаланилган. Булар:
1. Нисбий муайян санкция;
2. Альтернатив санкция.
Нисбий муайян санкция деб муайян чегарада белгиланган битта жазо назарда тутилган жиноят-ҳуқуқий норманинг жазо қисмига айтилади. Нисбий муайян санкцияда битта жазо турининг энг кам ва энг кўп қисми кўрсатилади. Масалан, 166-модданинг 2-қисмида уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўрсатилган. Айрим моддаларда эса жазонинг энг кўп қисми кўрсатилиб, энг кам қисми кўрсатилмайди. Масалан, ЖК нинг 98-моддаси (кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш) санкциясида беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган бўлиб, бунда жазонинг энг кам қисми кўрсатилмаган. Агар санкцияда кўрсатилган жазонинг энг кам қисми кўрсатилмаган бўлса, ЖК Умумий қисмида унинг энг кам қисми қанча кўрсатилган бўлса, Махсус қисми моддаси санкциясида кўрсатилган жазо муддатининг энг кам қисми шунга мувофиқ бўлади. Масалан, жариманинг энг кам қисми энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш асосий ёки қўшимча жазо тариқасида энг кам муддат бир йил, ахлоқ тузатиш ишлари олти ой, хизмат бўйича чеклаш икки ой, қамоқ бир ой, интизомий қисмга жўнатиш уч ой, озодликдан маҳрум қилиш олти ой белгиланган.
Альтернатив санкцияда асосий жазо сифатида тайинланиши мумкин бўлган икки ёки ундан кўпроқ жазо турлари кўрсатилади. Альтернатив санкция судга муайян жиноят иши учун ҳукм чиқариш вақтида жиноятнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси жиноятчи шахсининг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб жазо тайинлаш имконини беради.
ЖК Махсус қисмининг асосий кўпчилик моддаларининг санкцияси альтернатив санкция шаклида берилган. Фақат оғир ва ўта оғир жиноятларнинг санкцияларигина нисбий муайян санкция шаклида берилган.
Амалдаги Жиноят кодексимизда мутлоқ санкция назарда тутилмаган. Мутлоқ санкцияда битта жазо турининг қатъий муддати кўрсатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |