Чингиз Аҳмаров
Мусаввир Чингиз Аҳмаров номи Ўзбекистон тасвирий санъатида хақли равишда фахрли ўринларидан бирини эгаллайди. Бу улкан рассомнинг ижоди ўзбек тасвирий санатининг ажралмас бир қисми сифатида кенг халқ оммасининг олқишига сазовор бўлди. 96-расм.
Бўлажак рассом 1912 йилда Россиянинг Троицк шаҳрида туғилган. 1920 йилларнинг охирида Аҳмаровлар оиласи қаршига, сўнг Самарқандга кўчиб келадилар. расм. Самарқандаги келгач.
Чингизнинг қаршисида гўё у болалик чоғидан буён ўйлаб юрган афсонавий шаҳар дарвозаси ланг очилгандек бўлди. Кейинчалик у Пермь бадиий техникумида таҳсил олар экан, барча таътил-кунларини Самарқандда ўтказарди. Шарқ шаҳрининг қайноқ, суронли ҳаёти, унинг бир-биридан ёрқин рангларга тўлиб-тошган бозор ва чойхоналари, меъморчилик ёдгорликларидаги бой нақшлар ва бўёқлар, халқ санъатининг бепоёнлиги ва ранг-баранглиги Чингиз Аҳмаровга катта таъсир кўрсатди.
Тошкентга келиб Ч. Аҳмаров А.Волков, Н.Карахан, Ў.Тансиқбоев сингари ҳар бири ёрқин, бетакрор индивидуалликка эга бўлган рассомлар билан яқинлашди. Айниқса, Ўзбекистонлик колористлар бошлиғи Ў.Тансиқбоевнинг ижодий интилишлари уни ўзига тортди. Ч.Аҳмаров “Менда Ўрол Тансиқбоевнинг асарлари катта таасурот қолдирди. Унинг эҳтирослиги ва касбий маҳоратининг ёрқин табассуми кишига бамисоли симфониядек таъсир қилади” деб эслайди.
Ч.Аҳмаров 1935 йили Москва рассомчилик институтига ўқишга кирди ва шу ерда бир йўла аспирантурани ҳам битириб чиқди. Институтда у И.Грабарь, В.Фаворский, И.Репиннинг шогирди, Шемякин сингари санъат усталаридан таълим олди.
Ч.Аҳмаров аксарият асарларини унга руҳан яқин бўлган кишилар-ёзувчилар, шоирлар, актёрлар ва рассомларнинг портретлари ташкил қилади. Машҳур рус балеринаси М.Плисецкая, раққоса М.Турғунбоева, рассом Р.Темуров, шоира Зульфия, актёр Аброр Ҳидоятов портретлари шулар жумласидандир. ....расм. Буларнинг ҳар бирида рассом ўз қаҳрамоннинг ташқи қиёфасидаги индивидуал баркамолликни ифодалайди ҳамда унинг руҳий дунёсининг ўзига хослигини, шахснинг ижодий интилишларидаги ягоналикни очиб беришга ҳаракат қилади.
Чингиз Аҳмаровнинг маҳобатли рангтасвир устаси сифатида ижодининг илк ёрқин саҳифасини унинг Тошкентдаги Алишер Навоий номли опера ва балет театри фойеси деворларига ишланган ишларида кўриш мумкин. Тўрт йиллик меҳнат жараёнида (1944-1947) рассом унга саккизта композиция яратди. Бир андозадаги тўртта деворий суврат театрнинг биринчи қаватидаги фойега зийнат бағишлади. Уларнинг ҳар бирида куй, рақс ва шеъриятни ўзида ифода этувчи гўзал қизлар образи талқин этилган. Иккинчи қаватидаги деворий расмлар Навоийнинг машҳур “Ҳамса” сига кирган “Ҳайрат-ул аброр”, “Фарход ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Садди Искандарий” ва “Сабъаи сайёр” достонларидаги кульминацион эпизодларга бағишланган. 97- расм.
Композициялар ўзининг декоративлиги, расмларнинг мусиқавийлиги, Шарқ мўъжаз рангтасвирнинг бадиий анъанларини Европа тасвирий санъати тажрибалари билан уйғунлашганлиги билан ажралиб туради.
ХХ асрнинг иккинчи ярми бошларида Аҳмаровнинг қилган йирик ишларидан бири Улуғбек расадхонаси ёнида қад кўтарган буюк мунажжим музейи биноси ички қисмига мўлжалланган маҳобатли декоратив паннолар туркуми бўлди.
Кейинчалик рассом Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти биноси вестибюлининг ички қисмига (1969), Тошкентдаги Алишер Навоий номли Адабиёт музейининг баъзи залларига (1968), Самарқанддаги “Юлдуз” чойхона-ресторан мажмуасининг банкет залига (1970), Андижондаги адабиёт музейи шаҳобчасига (1974) деворий расмлар ишлади.
Улуғбек музейи учун ишланган паннода рассом Улуғбекнинг подшоҳ сифатида тасвирлар экан, унинг асосий диққат-эътиборини қаҳрамонининг санъат, фан хомийси ва мухлиси сингари фазилатларини очишга ҳаракат қилади. Бу олимнинг расадхона лойиҳасини тузиш пайтида муҳандислар билан қилган муҳокамалари мисолида яққол намоён бўлди. Улуғбек тасвири тушурилган панно бутун асар руҳини белгилайдиган қииб жойлаштирилган. Бунда у бутун борлиги, фикру-зикри билан само сари интилиб турибди, самода юлдузлар чарақлайди.
Тошкентдаги Абу Райхон Беруний номли Шарқшунослик институти фойесига ишланган деворий сувратларда рассом билим ва маданиятни авлоддан-авлодларга элтувчи китобни асосий мотив қилиб олди. 98-расм.
Мазкур сувратларнинг бош фалсафий маъносини ҳаёт ва мамот, эзгулик ва қабоҳат, уруш ва тинчлик, бунёд ва барбод сингари бир-бирига қарама-қарши тушунчалар ташкил этган.
Деворий расм мазмуни аста-секин чапдан ўнгга қараб ҳаракатланиб, ривожланиб боради. Суврат йўлга чиққан савдо карвони тасвиридан бошланади. Шундан кейин суҳбат қилиб ўтирган аёллар давраси, ўқишга кетаётган болалар, ошиқ-маъшуқлар, шогирдлари қуршовидаги устоз намоён бўлади. Воқеалар давомининг иккинчи қисмида тинч ҳаёт бирданига вайронлик келтирувчи қирғин уруш домига тушгандек бўлади. Бирдан юқоридан худди йиртқич каби суврат мазмунига душманнинг отлиқ аскари отилиб киради. Жангу жадаллардан сўнг кулга айланган мурдалар, дарахтлар, мозор, сарсон-саргардон кишилар, тиланчилар, дарвишлар қолади. Лекин ҳаёт давом этаверади. Мана бу тасвирда устоз болаларни ўқитяпти, бошқасида янги сарой лойҳасини муҳокама қилмоқда, усталар уй қурмоқдалар.
Ч.Аҳмаров ўз асарларида гўзал чеҳраларни, тўлин ойни эслатадиган юзлар, бодом қовоқлар, ёйдай қошлар, ўқдек киприкларни тасвирлашга ҳаракат қилади.
Рассом ўз асарларида ҳамма рангларни бир варакайига ишлатмайди.
Рассом бир асар учун битта ёки иккита рангни танлайди-да, унинг жуда кўп тусларидан фойдаланади.
Хусусан, Адабиёт музейидаги сувратларда пистоқи-яшил, Шарқшунослик институтидаги асарларида яшил ва оч нилгун ранглар қўлланилган.
Ч.Аҳмаровнинг муваффақиятли бажарилган ишларидан яна бири “Суғд тўйи” ҳисобланади. 99-расм.
Композиция марказида ҳаёт ва ҳаёт рамзи бўлмиш қуёш фонида турган келин билан куёв тасвирланган. Келин-куёвнинг атрофида ҳар хил совғалар кўтариб келаётган кишилар тасвири бор.
Мазкур суврат тинчлик, халқлар дўстлиги, меҳмондўстлик ғояларини тараннум этади.
Ч.Аҳмаров ижодининг сўнгги йилларида ўз шогирдлари билан Тошкент метроси бекатлари, маъмурий биноларининг бадиий безашда катта ишларни амалга оширди. Айниқса, метронинг Алишер Навоиий бекатини безашдаги ишлари диққатга сазовордир.
Шу билан бирга у Камоллиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтида бўлажак маҳобатли рангтасвир усталарини таълими билан машғул бўлди. Улар орасида қобилиятли рассомлардан Тўхтабек Соибов, Собир Жумамурадовлар бор эди.
Ч.Аҳмаров санъатшунос олим ҳам, меҳрибон мураббий, профессор эди. Халқимиз ва хукуматимиз унинг миллий ўзбек маҳобатли рангтасвирини ривожлантиришга қўшган катта хизматларини юқори баҳолаб, унга Ўзбекистон халқ рассоми унвонини берган эди. У Республика ва ундан юқори бўлган бир қатор мукофотлар соҳиби эди.
Рассом ўзининг серқирра, қайтарилмас ижоди билан миллий санъатимизнинг тараққиётига улкан хисса қўшган. Шу боис у санъатимиз тарихида ўчмас ўз қолдирди.
Do'stlaringiz bilan baham: |