www.ziyouz.com kutubxonasi
16
— Бўлмаса юқори ўт, дамингни ол.
Бегимқул айиқдай чайқалиб, вазмин одимлаб чиқиб кетди. Унинг юриш-туриши, хатти-
ҳаракатлари, ҳатто «аблаҳ» деб хахолаб кулишларида ҳам ғурур аралаш зўр бир мамнуният, ўз
турмушидан қониқиш, бахтиёрлик сезилиб турарди. Нега ҳам мамнун бўлмасин? Шундай гўзал,
ораста хотини, шоҳона уй-жойи бўлса, ҳеч нарсадан кам-кўсти бўлмаса... у мамнун бўлмай,
Ҳикматилло мамнун бўлсинми?
Бу нима? Ҳасадми? Ичи қораликми? Йўқ, ҳасад эмас, лекин... лекин нима бўлаётганини
ўзиям тушунолмаган, фақат тиниқ куйдай ҳазин бир туйғу дилини чулғаб олганини сезган
Ҳикматилло бир-бир босиб, китоб терилган шкаф ёнига ўтди...
Ҳошиясига зар тикилган гулдор шиппаги билан гиламни унсизгина босиб, Нилуфар кирди.
Ўртадаги ялтироқ столга попукли қалин дастурхон ёзаркан, билинар-билинмас кулимсираб:
— Хизматлар яхши ўтяптими, Ҳикмат ака? — деб сўради.
— Шукур... ўзингиз қалай? Ўқишлар тугадими?
— Ҳа, кўкламдан бери аптекада ишлаяпман. Агар дори керак бўлса... ишхонаям яқин, шу
уйнинг ўзида... Йўқ-э, дорини нима қилардингиз сиз? Жа... отдай бўп кетибсиз! — Нилуфар бу
гапни айтишга айти-ю, қизариб кетди.
— Ҳа, энди... — Ҳикматилло хижолат чекиб йўталди. Нилуфарнинг бултурги одатлари, бир
жойда бир зум тинч туролмай кийикдай сакрашлари қолган, юриш-туришларида, ҳаракатларида
ёш келинчакларга хос ёқимли маъсумлик, босиқлик, назокат пайдо бўлган эди. Ё тавба! У
чиндан ҳам шунчалик ўзгарганми, ё бошдаям шундай маъсум бўлгану, фақат унга, рашкчил
қишлоқига беҳаё ва шаддод кўринганмиди?
Ҳикматилло эски муносабатларини эслаб ўзидан қанча кулган бўлмасин, бугун йўлда
келаётиб эркин гаплашишга ўзини қанчалик чоғламасин, ҳозир унсизгина одимлаб дастурхон
ясаётган бу ёш, гўзал жувон олдида ўзини эркин тутолмас, нимадир унга халақит берар,
нимадир асабларини таранг тортиб турар, энг ёмони юраги нина санчилгандай бетиним санчиб
оғрирди.
Нилуфар сервантдан тўртта ликопча, оғир кумуш қошиқ, кумуш вилкалар олиб столга
қўяркан:
— Хизматдан қачон қайтасиз? — деб сўради.
— Ҳали бир йил бор...
Ҳикматилло шкафни очиб оқ жилдли қалин китобни олди. Ё раб! Бу ўша маҳаллар кўл
бўйида Нилуфарнинг қўлида кўрган «Алвидо, қурол!» деган китоб эди!
Дастурхон ёзиб бўлган Нилуфар, худди нима қилиши ёдидан кўтарилган одамдай, хаёлга
толган эди. Ниҳоят, у қандайдир ички бир тараддудни енгиб, чаккасига тушиб турган соч
толаларини тўғриладида, шарпасизгина одимлаб, Ҳикматиллога яқинлашди.
— Нимани ўқияпсиз?..
— Ҳа, шу.. Хеменгуэй, — деди Ҳикматилло. — «Алвидо қурол!» Чиндан ҳам... ғалати китоб
экан!..
Нилуфарнинг кўзларида қувонч аралаш бир ҳайрат порлади.
— Ўқидингизми?
— Ҳозир Хемингуэйни ўқимаган одам, айниқса биз томонларда, армияда, кулги бўлади-ку!
— деди Ҳикматилло ва беихтиёр қизариб кетди.
Унинг ёдига кутубхоначи қиз Надя тушди. Надя унга бу романни навбат кутаётган
китобхонлардан яшириб, икки кунда ўқиб чиқиш шарти билан берган эди. Ҳикматилло эса
китобга сира киришолмаган, романнинг бош қисми унга жуда зерикарли туюлган эди. У бир
ўйида китобни «ўқидим» деб, қайтариб бергиси ҳам келган, бироқ Надянинг сўраб қолишидан
қўрққан эди. Энг муҳими, шу китоб баҳона Нилуфар билан кўлда аразлашиб қолгани ёдида
тургани учун ҳам ўқишга мажбур этган эди ўзини. Ва ажабо, биринчи кунлари китобнинг
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |