Магматик жинсларнинг нисбий ёшини аниқлаш. Магма-тик ва метаморфик тоғ жинсларида органик қолдиқлар учрамайди. Уларнинг ёши сақланиб қолган тошқотган органик қолдиқли чўкинди жинслар билан ўзаро муносабатларига кўра аниқланади.
Магматик жинслар ҳосил бўлишига кўра интрузив ва эффузив жинсларга бўлинади. Улар Ер пўстида шакли, ўлчами, ички тузилиши, шаклланиш чуқурликлари бўйича хилма-хил геологик жисмлар ҳосил қилиб жойлашади. Эффузив ва интрузив жинслар ёши турли йўллар билан аниқланиши мумкин.
Вулқон жинслар магманинг Ер юзасига оқиб чиққан мақсулотлари бўлгани учун қатламсимон ёки линзасимон шаклда чўкинди жинслар билан бирин-кетин қаватланиб ётиши мумкин. Бундай ҳолда вулқон жинслар нисбий ёши одатдаги геологик-стратиграфик усуллар билан аниқланиши мумкин. Агар остидаги ва устидаги чўкинди жинслар ёши маълум бўлса, улар орасида жойлашган вулқон жинслар ёшини аниқлаш осон бўлади.
Умуман табиатда вулқон ва интрузив жинслар бирга учрайдиган ўлкалар кўп.
Интрузив жинсларнинг ётиш шароитлари мураккаб бўлгани учун уларнинг ёшини аниқлаш қийинроқ. Интрузив жинслари билан атроф жинслар ўртасида ҳар доим контакт метаморфизм кузатилади. Бу жараён юқори температурадаги эриган магмани кимёвий фаоллигидан ён жинсларни қиздирилиши орқали содир бўлади. Ўзида суюқ моддаларни олиб келган юқори температурали магма ён жинсларни бошқача структура ва таркибли жинсларга айлантириб юборади. Агар интрузив жинслар эрозиядан очилиб қолган бўлса, контакт метаморфизмни кузатиш осон. Бундай контактлар фаол ёки “иссиқ” деб аталади.
Интрузив жинсларнинг ёшини аниқроқ айтиш учун ёшроқ чўкинди жинслар ётқизилган жойини топиш керак. Бу ҳолда контакт метаморфизм кузатилмайди, чунки ётқизилган жинслар интрузиянинг ювилган юзаси устига тўпланган. Бундай контакт “совуқ” деб номланади.
Геохронологик жадвал.1881 йилда Балоня шахрида бўлиб ўтган 2-Ҳалқаро геологик конгрессда асосий стратиграфик бўлимлар тасдиқланган. Бу геохронологик жадвалда Ер тарихи тўртта эрага бўлинди ва уларни қуйидаги номлар билан аташ таклиф қилинди: Архей, Палеозой, Мезазой, Кайназой. Кейинчалик 1887 йилда Архей эраси таркибидан Протеразой эраси ажратилди. Ҳозирги вақтда геохронолик жадвал қуйида келтирилган жадвал кўринишига эга. Даврларнинг номи аниқланган жойнинг номи билан аталган. Масалан: Кембрий даври Уэльс ярим оролининг қадимги номи; Ордовик ва Силур даврлари Англияда яшаган қабилаларнинг номи; Перм даври Россиянинг Перм губерниясининг номи; Юра даври Швецариядаги тоғнинг номидан олинган. Фақат Тошкўмир ва Бор даврлари топилган фойдали қазилмалар номидан олинган. Маълум бир эра давомида ҳосил бўлган чўкиндилар қатлами эса система (давр) дейилади. Геохронологик бирлик сифатида эра ва эранинг бўлаклари қилиб даврлар қабул қилинган. Давр ўз навбатида бир неча майда бўлимларга, улар ярусларга бўлинади. Геохронологик жадвалнинг ярусгача бўлган қисми умумжахон аҳамиятига эга бўлиб, ҳамма ерда бир хил номланади. Эралар тубандагилардан иборат: