Микропалеонтологик организмлар. Бу усул асримизнинг 20-йилларида нефт ва газ геологиясининг жадал суръатларда ривожланиши сабабли биостратиграфияда қўлланила бошланди. Микропалеонтологик организмлар қолдиқларига асосан энг содда микроорганизмлар скелетлари (фораминифера, радиолярий, остракода, диатомли ва тилларанг сув ўтлари ва бошқалар) ҳамда йирик организмлар майда қисмлари (конодонтлар, балиқ скелетини майда қисмлари ва бошқалар), шунингдек, юқори синф ўсимликларининг энг майда спора ва гулчанглари киради. Охиргиси флористик усул ҳам деб аталади. Улар ниҳоятда майда (микрофауна) микроскопик организмлар бўлгани учун электрон микроскопларда ўрганилади. Микроорганизмлар ҳам ўз ривожланишига эга, усулик жиҳатдан филогенетик усулга яқин, лекин микроорганизмларни ўрганишда етакчи муҳим шакллар, фаунистик мажмуа таҳлил усуллари биргаликда қўлланилиши мумкин. Шундай қилинса, геологик ёш ишончли аниқланади.
Фораминифералар денгиз ётқизиқлари стратиграфияси учун муҳим бўлиб, кесимларни ажратиш уларнинг айрим турларини ва мажмуаларини вертикал бўйича тарқалишини аниқлашга асосланади. Фораминифераларнинг кенг географик майдонларда тарқалганлиги катта ҳудудлар ётқизиқларини стратиграфик таққослашга имкон беради. Масалан, Ер куррасининг Европа ва Осиё қитьаларида мезозой ва кайнозой ётқизиқлари стратиграфиясини ишлаб чиқишда планктон фораминифералар қўл келди. Шунингдек, бу усул нефт геологиясида ҳам яхши натижалар берди.
Остракодалар турлича шўрланган сув ҳавзаларида тарқалганлиги сабабли стратиграфик таққослашда қўп қўлланилади. Асосан палеозой, мезозой ва кайнозой ётқизиқлари стратиграфиясини ишлаб чиқишда қўлланилади.
Конодонтлар асримизнинг ўртасидан бошлаб муҳим стратиграфик аҳамиятга эга бўлди. Улар кембрийдан триас ётқизиқларигача деярли ҳамма континентларда топилган. Конодонтлар бўйича палеозой ва триас учун зонал шкала ишлаб чиқилган.
Фоиз-статистик усулда ўрганилаётган қатламдаги палеонтологик қолдиқларни математик ҳисоблаш орқали фоиз миқдори аниқланади ва энг яхши ўрганилган таянч кесим билан таққосланади. Масалан, текширилаётган қатламда а тур 5 фоиз; б тур - 15 фоиз; в тур - 50 фоиз; г тур - 18 фоиз; д тур - 12 фоизни ташкил қилади дейлик. Ўрганилаётган қатлам умумий турлари энг кўп бўлган в қатлами билан таққосланади. Қатлам ва пачкалар махсус ишлаб чиқилган ўхшашлик коэффициентлари орқали солиштирилади.
Фоиз-статистик усул унчалик яхши ишлаб чиқилмаганлиги туфайли стратиграфик масалаларни ҳал қилишда бошқа усуллар билан биргаликда қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |