2.Билиш назариясининг предмети. Гносеологиянинг моҳияти ва мазмуни. «Гносеология» - соф фалсафий категория. Унинг номи юнонча gnosis – билим, илм ва logos – таълимот, фан сўзларидан келиб чиққан. Сўзма-сўз маъноси - «билиш ҳақидаги таълимот (фан)», «онг ҳақидаги таълимот (фан)». Фалсафий адабиётларда, шу жумладан фалсафий қомуслар ва луғатларда «гносеология» атамаси «билиш назарияси» деб таржима қилинган. Шу билан бир қаторда, айни шу мазмунни ифодалаш учун фалсафий адабиётларда «эпистемология» сўзи ҳам қўлланилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, гносеологияга татбиқан билиш назарияси ва эпистемология номларининг қўлланилишини ўринли деб бўлмайди. Зотан, «episteme» сўзи «pistis» - эътиқод сўзи билан узвий боғлиқ. Бироқ, биз биладиган (гносио) ва биз ишонадиган (пистио), мавжудлигига эътироз билдирмайдиган нарсалар – фалсафий ва илмий билимларнинг ҳозирги даражасида мазмунан ҳар хил тушунчалардир. Шу боис Ғарбий Европа фалсафасида эпистемологиянинг мазмуни икки хил, баъзан эса – уч хил талқин қилинади.
Умуман олганда, ҳозирги замон фалсафасида гносеология билиш жараёнининг умумий, аниқроқ айтганда – фалсафий моҳияти ҳамда умумий муаммоларига эътиборни қаратади. Эпистемология эса, бизнинг муайян нарсалар ҳақидаги билимларимиз ва (ёки) эътиқодларимизнинг ишончлилик даражасини ўрганади.
Демак, эпистемология гносеологиянинг таркибий қисми ёки унинг амалий ифодасидир. Том маънодаги эпистемология ҳозирги кунда илмий, ҳақиқий билимнинг мазмунини, шунингдек диний эътиқодларнинг гносеологик моҳиятини ўрганиш билан шуғулланади. Бунда эса билиш (онг)нинг моҳияти тўғрисида баҳс юритувчи фалсафий таълимот маъносидаги «гносеология» атамасидан фойдаланилади. Шу билан биз аввал гносеология муаммолари доирасини аниқлаб олишга ҳаракат қиламиз.
Гносеология ёки билиш назарияси фалсафий билимлар (фалсафа фани) бўлими бўлиб, унда 1)инсоннинг дунёни билиш имконияти;
2) инсоннинг ўзликни англаш жараёни; 3)билишнинг билмасликдан билим сари юксалиши, 4)билимлар табиати ва уларнинг мазкур билимларда акс этувчи нарсалар билан ўзаро нисбати ўрганилади.
Шундай қилиб, умуман олганда, гносеология онг, билиш, билимни ўрганиш билан шуғулланади.
Шахсий ва ижтимоий тажрибада биз онгнинг мавжудлигини аниқ сезамиз, онгнинг ўз-ўзига, бошқа одамларга ва умуман жамиятга таъсири натижаларини физиологик даражада ҳис қиламиз ва кўрамиз. Бироқ бу жараёнда онгнинг ўзи кўринмайди. Моддий дунё ҳодисаларидан фарқли ўлароқ, онгни кузатиш мумкин эмас. У гўё вақт ва макон чэгараларидан ташқарида туради. Гносеологиянинг вазифаси бу кўринмас онгни идрок этиш, унинг моддий нарса ва ҳодисалар дунёси билан ўзаро алоқаларини аниқлаш, уни ўз муҳокама ва тадқиқот предметига айлантиришдан иборат.
Гносеологиянинг асосий муаммоси бизнинг барча билимларимиз тажрибада синалганми? дэган «оддий» масалани ечишдан иборат: Бу саволга жавоб излаш ва масаланинг ечимини топишда гносеологияда икки мухолиф анъана: билимларимиз тажрибада синалганини қайд этувчи эмпиризм ва буни инкор этувчи рационализм тўқнашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |