Кадрлар сиёсати ва унинг саноат тараққиётидаги роли
Режа:
Мутахассис кадрлар жамият тараққиётининг муҳим омили.
Кадрлар соҳасидаги сиёсат, унинг саноат, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий муносабатлар тараққиёти билан боғлиқлиги.
Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилиниши, унинг асосий вазифалари ва демократик жамият барпо қилишдаги аҳамияти.
1. Ҳар қандай жамиятда амалга ошириладиган давлат ҳокимиятининг кадрлар сиёсатида мамлакат иқтисодиётининг барча соҳаларини ва барча йўналишларини тадбиркор ва ишбилармон, малакали мутахасис кадрлар билан таъминлаш вазифасинни бажариш, мамлакат хўжалик ҳаётининг бетўхтов ҳамда уйғун ҳаракатда юксалиб боришини таъминлаш асосий ўринни эгаллайди. Хўжалик механизмини созлаб, шакллантириб, ҳаракатга келтирадиган соҳалар мутахассислари, иқтисод илми амалиётини пухта биладиган раҳбар кадрлар, халқ хўжалиги тармоқлари ўртасидаги оқил мутаносибликни режалаштириб берадиган бошқариш кадрлари етарли миқдорда ва юқори малакали бўлган мамлакатда ижтимоий сиёсат ҳам, миллий сиёсат ҳам, кадрлар сиёсати ҳам яхши самаралар беради.
Мамлакатнинг иқтисодиёти, халқ хўжалиги яхлит бир система бўлиб, айни вақтда у хилма-хил, мураккаб, ранго-ранг таркибий қисмлардан мужассамланган бирликни ташкил қилишини кадрлар сиёсати соҳасидаги дастурлар ва чора-тадбирларни кўзда тутиш, олдиндан белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Чунки жуда кўп ихтисосларга бўлиниб кетган яхлит халқ хўжалиги системасини бошқариш турли касбдаги, турли билим даражасидаги, турли малакага эга бўлган мутахасис кадрларнинг бир мақсад ва бир манфаат йўналишида ҳаракат қилишларини, бараварига қадам ташлашларини, ўз фаолиятларини ҳамнафас рухда амалга оширишларини талаб қилади.
Мана шундай ҳамнафаслик тартиби ва қаторидан чиқиш тасодифий бўлса, жамият тараққиётида сезиларли из қолдирмаслиги мумкин, лекин бундай ҳоллар оммавий тус олиб кетса ёки уларнинг суръатлари тезлашиб кетса, демак, давлат ҳокимияти кадрлар сиёсатининг асослари дарз кетган, у аслида нотўғри ишлаб чиқилган ва шунинг учун ҳам амалий фаолият учун яроқсиз бўлиб қолган ҳолатга тушади.
Ривожланган мамлакатларнинг ўз иқтисодий сиёсатларида эришган катта, салмоқли ютуқлардан бири шу бўлдики, хўжалик ҳаётини ва хўжалик механизмини бошқариш ишини улар ихтисослаштирилган касбкор соҳасига айлантиришга муваффақ бўла олдилар. Шундай қилиб, аввалги ишлаб чиқаришни умумий тадбиркорлик асосида ўзлари бошқаришлари ўрнига эндиликда корхона тақдири, ҳаёт-мамоти махсус бошқариш илми ва амалий тажрибаси билан қуролланган махсус одамлар - асосий касби менежер бошқарувчи бўлган мутахасислар қўлига топшириб қўйилади ва уларга тўла бошқариш эркинлиги берилади.
Бошкарувчи - менежерлар махсус муассаларининг кенг миқёсда амал қилиши ҳозирги ривожланган мамлакатлар кадрлар сиёсатидан доимий ўрин олганлиги бежиз эмас албатта. Уларни махсус ўқув юртларида, махсус дастурлар асосида тайёрлаш системасининг ҳаётга, хусусан, хўжалик ҳаётига чуқур кириб бориши ўзига хос мантиққа эгадир, чунки бошқарувчи - менежер ролининг ишлаб чиқариш жараёнида, меҳнат унумдорлигининг оширилишида, маҳсулот сифатини яхшилашда, иқтисодий тежамкорликни таъминлашда жуда улкан самаралар бераётгани ҳозирги кунда шак-шубхасиздир.
Ижтимоий ишлаб чиқариш умумийлиги табиатининг янада кенгайиб ва чуқурлашиб бораётганлиги, ҳозирги кунда ягона жаҳон хўжалигининг шаклланиши томон интилишига мойиллик рухининг тобора авж олиб кетаётганлиги кадрлар соҳасида ўтказиладиган сиёсатни ҳам энг долзарб сиёсат тармоқларидан бирига айлантирмоқда, чунки етук, юксак малакали мутахасис кадрлар, махсус бошқарувчи-менежер кадрлар тайёрлаб, уларни жой-жойига қўйиш сиёсати тобора хал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Кадрлар сиёсатида ижодий ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи мутахасис кадрларни тайёрлаш ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бу сиёсатни амалга оширишда бир қатор алоҳида хусусий табиатга эга бўлган чора-тадбирларни режалаштириш ва кундалик ҳаётга тадбиқ қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур соҳада юритилидиган кадрлар сиёсатида юксак табиий истеъдод соҳиблари бўлган ўғил ва қиз болаларнинг ёшлигиданоқ эркин ижод қилиш ва эркин тафаккур этиш жараёнларини жамиятнинг умумий тараққиёт йўналишига уйғунлаштириб, иложи борича улар истеъдодларининг кундан-кунга равнақ топиб бориши учун зарур бўлган барча моддий шарт-шароитларни ва маънавий-аҳлоқий соғлом муҳитни вужудга келтириш, улар ижодининг эркин оқимини ҳар томонлама рағбатлантириш каби чора-тадбирлар асосий ўрин эгалашига катта аҳамият берилмокда. Масалан, ривожланган мамлакатлар давлат муассасалари амалга ошираётган ҳозирги давр кадрлар сиёсатида истеъдодли, қобилиятли ёшларни замонавий талаб даражасидаги ихтисослар бўйича мутахасисликка тайёрлаш, айниқса, менеджер кадрларни кўплаб тайёрлаш, хатто зарур бўлганда уларни хорижий мамлакатлар ўқув юртларига юбориш сиёсати тобора кўпроқ ўрин эгалламоқда.
Фан, адабиёт, санъат, маданият ва бошқа сохаларда амалга ошириладиган кадрлар сиёсати туғма истеъдодни юксак қадрлай оладиган, унинг эркин ижодига тўла ишонч бағишлайдиган, мазкур эркин ижод йўлида сунъий тўсиқларни улоқтириб ташлайдиган сиёсат сифатида ишлаб чиқилиши ва амал қилиши зарур.
Кадрлар сиёсатида мутахасисларнинг барча гуруҳлари, барча ихтисосликлар турлари билан жамият ҳаётининг барча жабхалари ўртасида ниҳоят даражада нозик ва юксак мутаносиблик амал қилишига эътибор берилади, чунки шифокор фақат даволашдан бошқа нарса билан иши бўлмаса, муҳандис "темир-терсак"дан бошқа нарсани тан олмаса, ижоркор, рассом, бастакор, ёзувчи ўзидан бошқани одам ўрнида кўрмаса ягона ва яхлит жамият қуриб бўлмайди.
Жамият ҳаётидаги мана шундай мутаносиблик бурчини адо этувчи кадрлар гуруҳи ҳам тайёрланиши ва жойлаштирилиши барча ривожланган мамлакатлар ҳокимият муассасаларининг кадрлар сиёсати дастурида режалаштирилган бўлиб, унга жамиятнинг сиёсий системасини ва ижтимоий ҳаётини бошқарадиган мутахасислар киради. Уларни асосан сиёсий партия мактабларида, дорилфунунларнинг ижтимоий фанлар ҳамда инсоншунослик факультетларида, муаллимлар олий билимгохларида тайёрлаб етказиш мўлжалланган бўлиб, бошқа ихтисосликларга мансуб мутахасислардан ҳам бошқариш ишига лаёқатлилари танлаб олинади ва амалий фаолиятга жалб қилинади.
Кадрлар сиёсати ўта синчковлик ва талабчанлик рухида сиёсий ва ижтимоий бошқариш ишига юқори малакали мутахасис кадрларни пухта тайёрлаб бериш режасини ишлаб чиқиши зарур, чунки бу сохалар сохиби бўлмаган, уларнинг ички нозик томонларини чуқур англай олмайдиган, "ташқаридан" жалб қилинган кишилар кўпинча ўз фаолиятлари билан жамиятга наф келтириш ўрнига катта зарар етказадилар. Демак, кадрлар сиёсатида "чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин", "пойафзални косиб тиксин-у, ошни пазанда пиширсин" каби доно наклларга амал қилинса ҳеч маҳал фойдадан ҳоли бўлмайди.
Айрим ҳолларда бирор жамият ҳаётида мутахасислар ночорлигига ёки уларнинг етишмаслигига дуч келинса кадрлар сиёсати ишлаб чиқилса-ю, унга амал қилинмаса, ёки умуман кадрлар сиёсати батамом юритилмаса бундай жамиятнинг барча ҳаёт жабхалари издан чиқади ва инқирозга, ҳатто ҳалокатга юз тутади. Мутахасислар бир неча йиллар давомида умрини сарфлаб эгаллаган "олий маълумот" ҳам аслида чаласаводлик доирасидан ташқарига чиқмаса ёки жамият учун энг фожеали ҳолат, - шундай чаласавод сиёсий ҳокимият тепасига келиб ўрнашса, бундай жамият ва бундай мамлакат аҳлининг шўри қурийди, албатта.
Кадрлар сиёсати шу қадар ўта хушёрлик ва ўта масъулият рухида қарор топиши лозимки, у олдиндан бундай тасодифларнинг содир бўлишига ҳеч қандай йўл қўймайдиган чора-тадбирларни белгаласин, сиёсий ва ижтимоий бошқариш шахобчаларига чаласавод, жоҳил ва худбин раҳбар кадрлар кириб олишига йўл қўймайдиган тарзда шакллантирилган бўлсин.
Сиёсий ва ижтимоий бошқариш системасида фаолият олиб борадиган мутахасис кадрларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва роли бу соҳанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқади. Улар жамият хайтининг барча жабхаларида банд булган мутахасис кадрлар ўртасида узвий боғлиқлик, мунтазам алоқадорлик, уйғунлик, мутаносиблик ўрнатилишида амалий воситачилик бурчини ўтаб, мақсад ва манфаатлар бирлигини, жамият ва мамлакат бирлигини ифода этувчи махсус гуруҳ сифатида намоён бўладилар. Демак, кадрлар сиёсати бу хусусиятни инобатга олган холда шакллантирилиши ва амал қилиши жамият манфаатларига жуда мувофиқ келади.
Ҳозирги давр жаҳон тараққиётининг барча оқимлари тобора бир улкан яхлит, ягона оқимга келиб қўшилаётган, ҳаётнинг барча жабхаларида бир-бирига яқинлашиб боришга мойиллик кучайиб бораётган, умуминсоний манфаатлар ва қадриятлар устун даражада амал қилаётган тарихий давр сифатида ривожланаётганлигини ҳам ер юзида мавжуд бўлган ҳар бир давлат ҳокимиятининг кадрлар сиёсати мазмунида акс эттирилиши зарур бўлиб қолди.
Шу янги тарихий давр талабларидан келиб чиққан ҳолда кадрлар сиёсатида ҳам келажак мутахасис кадрларнинг аввалгига нисбатан анча оширилган, истиқбол манфаатларига йўналтирилган, жаҳон тараққиётининг муштарак қонуниятлари табиатидан келиб чиқадиган замонавий талаблар қўйиб, уларга ҳозир жавоблик рухида тайёрланган кадрларни етказиб беришнинг барча шарт-шароитларини яратиш зарурдир.
Мазкур талаблар қаторида биринчи ўринда ғоят юксак касб-корлик туради. Қайси сохада бўлмасин, мутахасис ўзи танлаган ихтисос бўйича ўз касбини пишиқ, пухта, чуқур билиши, билимгохларда ўзлаштирган илм-фан назарий асосларини бевосита ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ишлаб чиқариш жараёнларига тадбиқ эта олиши талаб қилинади. Юксак касб-корлик, эпчиллик, ишбилармонлик фазилатларига эга бўлган мутахасис кадрларгина ҳозирги жаҳон ва ўз мамлакати тараққиётининг долзарб вазифаларини бажаришга қодир бўлади.
Юксак касб-корлик ва ишбилармонликнинг калити чуқур ва замонавий билимларнинг эгаси бўлган киши қўлидадир. Демак, давлат ҳокимиятининг кадрлар сиёсатида турли поғонадаги билимгохларнинг омилкор фаолиятларини таъминлашга қаратилган барча чора-тадбирлар олдиндан белгиланиши, режалаштирилишида кундалик ҳаётга жорий қилиниш зарур. Бунинг учун сарф қилинадиган маблағни ҳам аямаслик керак, чунки бу сохага қилинган харажатлар бир неча марта кўпайиб жамият хазинасига қайтади.
Кадрлар сиёсатининг оғишмай амал қилиши жамият ҳаётининг барча жабхаларида турли вазиятларда, ҳолатларда, ўта кичик ва ўта катта муҳитлар доирасида доимий тарзда келиб чиқиб кўндаланг бўлиб турадиган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий-аҳлоқий муаммоларни тез ва омилкорлик билан ҳал қилиниши имкониятини вужудга келтиради.
Бундай ҳолларда мутахасис кадрлар ўзларига хос қорчалонлик, ишбилармонлик, касб-корлик фазилатлари билан бирга ўзларининг юксак маънавий-аҳлокий даражага ҳам эга эканликларини намойиш қилишларини таъминлайдиган режалар давлат ҳокимиятининг кадрлар сиёсатидан муҳим ўрин эгаллаши даркор.
Ута кичик муҳит сифатида оила ҳаётини, ўта катта муҳит сифатида жамиятни, улар оралиғида эса меҳнат жамоаларини олиб, мазкур ижтимоий-сиёсий бирлиқларнинг ҳар бирида ўзининг ечимига мухтож хилма-хил муаммолар доимо қалашиб кетганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Масалан, оддий ўзбек оила муҳитини таҳлил қилиш орқали қуйидаги хулоса келиб чиқади: беш кишидан иборат оилада мухандис ота, шифокор она, талаба қиз, мактаб ўқувчилари - қиз ва ўғил яшаётган оиладан ташқари улар ҳар бирининг ўз меҳнат жамоаси ёки билимгох муҳити ҳам мавжуд бўлиб, оила муҳитига муқаррар тарзда ўз таъсирини ўтказади, оила муҳити ўз навбатида меҳнат жамоаси ёки билимгохлар муҳитига маълум даражада таъсир қилади. Мана шу жараёнларни бошқаришда, йўналтиришда, режалаштиришда албатта етук ва малакали мутахасислар - муҳандис ота ва шифокор она оилада тутган ўринлари, фарзандларини истиқбол мақсадларига йўналтирувчи аҳамиятлари ниҳоятда катта бўлади.
2. Саноат тараққиётининг муаммолари умумий мажмуида уни ходимлар билан таъминлаш масаласи, уларнинг манбалари, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш шаклларини ҳамда улардан оқилона фойдаланиш масалаларини аниклаш алохида урин эгаллайди. Айникса, бозор иқтисодиёти шаротида саноат корхона (фирма) ларни кадрлар (ходимлар) билан таъминлаш ва улардан оқилона фойдаланиш алохида ахамият касб этади. Ходимлар (кадрлар) ўзларининг билими ва илми, меҳнат малакаси, ишлаб чиқариш тажрибаси ва маънавияти билан ишлаб чиқариш кучларининг мухим унсури хисобланади. Улар фан-техника тараққиёти ривожининг, меҳнат унумдорлигини ошириш, асосий ва айланма фондлардан фойдаланишни яхшилаш, махсулот сифатини оширишнинг ва унинг таннархини пасайтиришнинг хамма сохалари, ҳамма томонларининг самарадорлигини белгилайдилар.
Ҳозирги давр Мустақил Ўзбекистонда юритилиши лозим бўлган кадрлар сиёсати саноатда иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий-аҳлоқий тараққиётни юксалтиришга мўлжалланган стратегик йўлни амалга оширишда халқ хўжалиги барча тармоқларини етук, ватанпарвар, миллатпарвар, фидоий, ҳалол, пок мутахасис кадрлар билан таъминлаш вазифасини ифода этиши зарур. Жумхуриятда хўжалик юритишнинг маъмурий-буйруқбозлик усулларидан унинг иқтисодий усулларига ўтиш, барча ишларни масъулиятли хис қилиб ва ижодий тарзда бажариш рухи билан йўғрилган кадрлар сиёсатини янгидан ишлаб чиқиб амалиётга жорий этилиши жамият барча ҳаёт жабхаларининг ривожланиб равнақ топишини таъминлашга мўлжалланган равишда намоён бўлмоқда.
Ҳозирги кунларда ишлаб чиқариш корхоналари, қурилиш майдонлари, транспорт ва алоқа воситаларини ўз ихтиёрларига кўп миқдорда молиявий, моддий ва техникавий мададларини олиб, ишлаб чиқариш жараёнларини қайта жиҳозлаш, янги технологиялар, машина, станок, ускуналарни унга жорий қилиш, ижтимоий масалаларни Мустақил ҳал этиш имкониятларига эга бўлиб бормоқдалар. Раҳбар мутахасис ходимларга фақат хўжаликнинг техникавий муаммоларинигина эмас, балки умуман истиқболли барча ишлаб чиқариш масалаларини Мустақил ечиш учун кенг хуқуқий асослар яратиб берилган.
Янги иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-аҳлоқий вазият вужудга келтирган шундай эркин ижод шароитида мутахасис кадрларнинг серғайрат ва билимдон бўлишлари, ўз иқтидор ва қобилиятларини кенг намоён этишларининг имкониятлари бирмунча ортганлиги янгича кадрлар сиёсатида ўз ифодасини топгандир.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида ҳам саноат ишлаб чиқариши туридаги технологияларни жорий қилиш асосида техникавий ва дон экинларини, бошқа қишлоқ хўжалик экинларини парвариш қилиш кўламлари кенгайиб бораётган бир шароитда, жамоа ва давлат хўжаликларининг ижара ёки пудрат жамоаларининг тўла хўжалик ҳисобидаги иш усулига ўтиб, озиқ-овқат ҳамда хом ашё маҳсулотларини тезлик билан кўпайтираётган чоғларида бу соҳа мутахасис кадрларининг иқтисодиёт самарадорлигини оширишдаги аҳамияти ортиб бормоқда.
Ҳозирги даврда ўтказиладиган кадрлар сиёсатининг яна бир муҳим томони ташқи иқтисодий муносабатларни тубдан янгилаш учун зарур бўлган тадбиркор мутахасис кадрлар тайёрлаб, бу тармоққа жойлаштиришдан иборатдир.
Кўпгина саноат корхоналари ва бирлашмаларнинг ташқи бозорга бевосита эркин чиқиш хуқуқларига амал қила бошлаган бир пайтда хорижий мамлакатлардаги ўз хамкасблари ва шериклари билан иқтисодий хамкорлик алоқалари хуқуқини ҳам ишга солиб, умумжамият манфаатлари фойдасига фидокорона хизмат қилиш имкониятлари ташқи иқтисодий алоқалар ходимлари, мутахасис кадрлари учун кенг амалиёт йулини очиб беради.
Фан ва техника ютуқларидан самарали фойдаланилган, махсус мутахасис кадрлар етарли миқдорда ва юксак сифат дарасида тайёрланган, янги бозорлар ва бошқа имкониятлар реал ўзлаштирилган тақдирдагина ташқи иқтисодий фаолият сохасида кўзланган муваффақиятларга эришиш мумкинлиги ҳозирги кундаги кадрлар сиёсати рухига сингиб кетган. Жаҳон бозори талаблари даражасидаги юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришиш эса ҳозирги шароитда бу соҳада очилган имкониятларни ишга солишнинг асосий шартидир. Буларнинг ҳаммаси шубхасиз Ўзбекистон жумхурияти иқтисодий ва сиёсий мустақиллигини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.
Ўзбекистон давлат ҳокимияти ишлаб чиқиб амалга ошираётган кадрлар сиёсатида эркинлик, ижодкорлик, ташаббускорлик, яратувчанлик муҳитини яратиш кўзда тутилган бўлиб, унда барча мутахасис кадрларни иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, муаммоларнинг омилкор ва самарадор ечимини излаб топишга, кенг жамоатчилик орасида очиқ, ошкора, руй-рост, фикрлашувга ундайдиган демократик шарт-шароитлар яратиб бериш мўлжалланганлиги мухим аҳамият касб этади. Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов "Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли" рисоласида кадрлар сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб: "... бозорнинг ўзгарувчан шароитларида меҳнат қилишга лаёқатли бўлган ўзимизнинг юқори малакали маҳаллий кадрларимизсиз Ўзбекистоннинг Мустақиллигини тасаввур этиш қийин. Нафақат умумий маълумот ва тарбияни, балки кадрларнинг касб-корга йўналиш олишини, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ўз ичига олувчи ягона узлуксиз миллий таълим тизимини яратиш вазифаси қўйилмокда. Бунда Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятлари, миллий-рухий турмуш тарзи, таълимдаги бутун жаҳон ва шарқ тажрибасининг энг яхши ютуқлари ҳар томонлама эътиборга олиниши керак. Олий ва ўрта махсус таълимнинг бутун тизимини тубдан қайта қуриш, талабалар ўқийдиган мутахасисликлар таркибини жиддий ўзгартириш керак. Ўкув юртларининг янги шакллари - гимназиялар, лицейлар, коллежлар ривожланади. Малакали ишчи кадрлар тайёрлаш тизими янги хусусиятларга эга бўлади. Иқтидорли ёшларни хорижий мамлакатларнинг етакчи ўқув, илмий марказлари ва фирмаларига ўқишга ва стажировкага юборишга муҳим аҳамият берилади" деган мазмунда ўзи бошқараётган давлат ҳокимиятининг кадрлар сиёсати дастурини ишлаб чиққан эди.
Мазкур дастурнинг изчил амалга оширилиши натижаларидан бири Ўзбекистон парламенти томонидан истиқболга йўналтирилган ягона халқ таълими системасини жорий қилиш ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши бўлди ва унда демократик қоидаларга оғишмай амал қиладиган янгича, замонавий халқ таълими тизими юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва тарбиялаш давлат сиёсатини амалга ошириш мўлжаллангандир. Бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш жараёнлари янги бошқарув тизимини вужудга келтириш ва уларда ишлайдиган кадрларга, уларнинг касбий тайёргарлигига янада юқори талаблар қўйганлигини, ҳозирги замон бошқарув кадрлари, менежерлари юқори касбий маҳоратга эга бўлибгина қолмай, балки ҳар жиҳатдан маълумотли, ўз сохаларининг билимдони, ташаббускор, жонкуяр, муаммоларни ҳал қилишга ижодий ёндашадиган Ватан фидойилари бўлишлари лозимлигини И.А.Каримов ўзининг "Ўзбекистон иқтисодий ислохотларни чуқурлаштириш йўлида" номли китобида ҳам уқтириб ўтган эди.
Ўзбекистон давлат ҳокимиятининг кадрлар сиёсати барча йўналишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Айниқса, етарли даражада юқори малакали мутахасислар тайёрлаб чиқариш сиёсати ёки давлат ҳокимиятининг "мактаб сиёсати" устувор равишда амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 58 та олий ўқув юртлари кадрлар тайёрлаб бериш фаолиятини амалга ошираётган бўлиб, уларнинг 16 таси давлат универститетларидир. Ундан ташқари жуда кўп гимназиялар, лицейлар, коллежлар, ўрта махсус ўқув юртлари тегишли йўналишларда ва ихтисослар бўйича ёш авлодга замонавий таълим-тарбия бериш билан Ўзбекистон истиқлоли мақсад-манфаатларига хизмат қиладиган кадрлар корпусини яратиш ишига салмоқли хисса қўшмоқда.
Кадрлар тайёрлаш билан бирга уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сиёсати ҳам қўшиб олиб борилаётганлиги алоҳида диққатга сазовордир. Сўнги йилларда кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакаларини ошириш тизими тубдан қайта қурилиб, етук мутахасис кадрлар жамланган йирик шахарларда мужассамлаштирилди. Олий педагогика институти, Олий техника педагогикаси институти, Олий иқтисодиёт таълими институти каби марказларнинг очилиши кадрлар сиёсатининг бу соҳасида муҳим босқич бўлиб, жумхуриятда ягона узлуксиз миллий таълим тизимини яратиш учун замин бўлиб хизмат қилади.
Давлат ҳокимиятининг кадрлар сиёсатида иқтидорли ёшларни хорижий мамлакатларнинг етакчи ўқув, илмий марказлари ва фирмаларига ўқишга ҳамда стажировкага юбориш ижобий аҳамият касб этмоқда. Охирги тўрт-беш йил ичида тараққий этган мамлакатлар (АҚШ, Олмония, Франция, Буюк Британия, Италия, Туркия ва ҳ.к.)га юборилиб, етук замонавий мутахасис кадрлар бўлиб қайтган минглаб ёшлар (фақат Кореа жумхурияти ДЭУ ўқув марказида 2 мингдан ортиқ) Ўзбекистон миллий мустақиллигининг тўла ва узил-кесил қарор топишига хизматга тушганликлари ҳам самарали кадрлар сиёсатининг натижаларидан биридир.
Шундай қилиб, Мустақил Ўзбекистон давлат кадрлар сиёсати ҳам жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида юритилаётган сиёсий йўналишларига ўхшаш бутунлай янги мазмунли ва демократик моҳиятли сиёсат сифатида амалга оширилаётганлиги миллий Мустақиллик жараёнларини уйғунлаштиришга, уни тўла ва узил-кесил қарор топтиришга мўлжалланган сиёсат соҳаси сифатида амалга оширилмоқда.
3. Президент Ислом Каримов ташаббуси билан таълимни ислох қилиш йўллари ишлаб чиқилди. 1997 йил 27 август куни Олий Мажлиснинг IX сессиясида "Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисида" қонуни ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" қабул қилинди.
Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплар қуйидагилардан иборат:
- таълим ва тарбиянинг ипсонпарвар, демократик характерда эканлиги.
- таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги.
- умумий ўрта, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги.
- ўрта махсус, касб-хунар таълимининг йўналишини: академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни танлашнинг ихтиёрийлиги.
- таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги.
- давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги.
- таълим дастурларни танлашда ягона ва табақалаштирилган ёндашув.
- билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш.
- таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш.
Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисида қонуни. 3-модда.
Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:
- давлат таълим стандартларига мувофиқ таълим дастурларини амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари.
- таълим тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган тадқиқот ишларини бажарувчи илмий педагогик муассасалар.
- таълим соҳасидаги давлат бошқарув органлари, шунингдек уларга қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар.
-Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими ягона ва узлуксиздир.
Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисида қонуни. 9-модда.
Ўзбекистон Республикасида таълим қуйидаги турларда амалга оширилади:
- мактабгача таълим.
- умумий ўрта таълим.
- ўрта махсус,касб-ҳунар таълими.
- олий таълим.
- олий ўқув юртидан кейинги таълим.
- кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш.
- мактабдан ташқари таълим.
Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисида қонуни. 10-модда.
- Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида мамлакатимизда таълим ислохоти ўтказишдан кўзда тутилган мақсад, таълимнинг вазифалари, дастурни рўёбга чиқариш босқичлари, кадрлар тайёрлашнинг миллий модели асослаб берилди.
- Мазкур дастурнинг мақсади - таълим соҳасини тубдан ислох қилиш,уни ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлар ва сарқитлардан тўла халос этиш, ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ва аҳлокий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш миллий тизимини яратишдир.
- Ушбу мақсадни руёбга чиқариш қуйидаги вазифалар хал этилишини назарда тутади:
- "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ таълим тизимини ислох қилиш, давлат ва нодавлат таълим муассасалари ҳамда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш негизида таълим тизимини ягона ўқув-илмий ишлаб чиқариш мажмуи сифатида изчил ривожлантиришни таъминлаш.
- таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини жамиятда амалга ошираётган янгиланиш, ривожланган демократик хуқуқий давлат қурилиши жараёнларига мослаш.
- кадрлар тайёрлаш тизими муассасаларини юқори малакали мутахасислар билан таъминлаш, педагогик фаолиятнинг нуфузи ва ижтимоий мақомини кўтариш.
- кадрлар тайёрлаш тизими ва мазмунини мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти истиқболларидан, жамият эҳтиёжларидан, фан, маданият, техника ва технологиянинг замонавий ютуқларидан келиб чиққан холда қайта қуриш.
- таълим олувчиларни маънавий-аҳлокий тарбиялашнинг ва маърифий ишларнинг самарали шакллари ҳамда услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
- таълим ва кадрлар тайёрлаш, таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва акредитация қилиш сифатига баҳо беришнинг холис тизимини жорий қилиш.
- янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда таълимнинг талаб қилинадиган даражаси ва сифатини, кадрлар тайёрлаш тизимининг амалда фаолият кўрсатиши ва барқарор ривожланишининг кафолотларини, устуворлигини таъминловчи норматив, моддий техника ва ахборот базасини яратиш.
-таълим, фан ва ишлаб чиқариш самарали интеграциялашувини таъминлаш, тайёрланаётган кадрларнинг миқдори ва сифатига нисбатан давлатнинг талабларини, шунингдек нодавлат тузилмалари, корхоналар ва ташкилотларнинг буюртмаларини шакллантиришнинг механизмларини ишлаб чиқиш.
- узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимига бюджетдан ташқари маблағлар, шу жумладан чет эл инвестициялари жалб этишнинг реал механизмларини ишлаб чиқариш ва амалиётга жорий этиш.
- кадрлар тайёрлаш соҳасида узаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳаётимизнинг барча соҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ислоҳотларга монанд равишда амалга оширилади. Миллий дастурда таълим ислоҳотларини 3 босқичда амалга ошириш назарда тутилган. Биринчи босқич (1997-2001 йиллар). Бу даврда мавжуд кадрлар тайёрлаш тизимининг ижобий салоҳиятини сақлаб қолиш асосида ушбу тизимини ислоҳ килиш ва ривожлантириш учун хуқуқий, кадрлар жиҳатидан, илмий-услубий, молиявий-моддий шарт-шароитлар яратилади.
Ушбу босқичда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
- "Таълим тўғрисида"ги қонунга мувофиқ таълим тизими мазмунини таркибий қайта қуриш ва тубдан янгилаш.
- педагог ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни замон талабларига жавоб берадиган даражада ташкил этиш.
- таълим олувчиларнинг юксак тайёргарлилик даражаси, малакаси, маданий ва аҳлокий савиясининг сифатига нисбатан қуйиладиган зарур талабларни белгилаб берувчи давлат таълим стандартларини яратиш ва жорий этиш.
- ўрта махсус, касб-ҳунар таълими учун зарур моддий-техника, ўқув услубий ва кадрлар базасини тайёрлаш.
- таълим ва кадрлар тайёрлашга бюджетдан ташқари маблағлар жалб этишнинг механизмларини такомиллаштириш, давлат ва таълим муассасалари билан бир қаторда нодавлат таълим муассасаларини ривожлантиришни ҳам назарда тутган ҳолда таълим хизмати кўрсатиш соҳасида рақобатга асосланган муҳитни вужудга келтириш.
- таълим муассасалари фаолиятига баҳо беришнинг рейтинг тизимини, кадрлар тайёрлаш сифати ва уларга бўлган эҳтиёжнинг мониторингини олиб бориш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
- халқаро алоқаларни кенгайтириш ва кучайтириш, кадрлар тайёрлашда халқаро донорлик ташкилотлари ва фондлари фаолиятига тегишли шароитлар яратиш, шунингдек республика таълим соҳасига чет эл инвестицияларини жалб этиш бўйича реал чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш.
- Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастурини рўёбга чиқаришнинг мониторингини олиб бориш.
Ушбу босқичда болаларни 6-7 ёшдан мактабга қабул қилиш уларнинг жисмоний ва ақлий жиҳатдан ривожланганлигини эътиборга олган ҳолда амалга оширилади. Тақозо этилаётган ўқувчи ўринлари зарур моддий -техника шарт-шароитлари ва педагог кадрлар билан таъминланган ҳолда изчил тайёрланади.
Биринчи босқич бажарилишининг мониторинги асосида Миллий дастурни рўёбга чиқариш йўналишларига аниқликлар киритилади.
Иккинчи босқич (2001-2005 йиллар). Бу даврда Миллий дастур тўлиқ рўёбга чиқади, меҳнат бозорининг ривожланиши ва реал ижтимоий-иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда унга аниқликлар киритилади.
Иккинчи босқичда қуйидагилар амалга оширилади:
- Мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига, шунингдек ўқувчиларнинг қобилиятлари ва имкониятларига қараб табақалаштирилган таълимга ўтиш тўлиқ амалга оширилади.
- Таълим муассасаларини махсус тайёрланган малакали педагог кадрлар билан тўлдириш таъминланади, уларнинг фаолиятида рақобатга асосланган муҳит вужудга келтирилади.
- Таълим муассасаларининг моддий-техника ва ахборот базасини мустаҳкамлаш давом эттирилади, ўқув-тарбия жараёни юқори сифатли ўқув адабиётлари ва илғор педагогик технологиялар билан таъминланади. Узлуксиз таълим тизимини ахборотлаштириш амалга оширилади.
Таълим хизмати кўрсатиш бозорини шакллантириш механизмлари тўлиқ ишга солинади.
Учинчи босқич (2005 ва ундан кейинги йиллар). Мазкур босқичда:
- Тўпланган тажрибани таҳлил этиш ва умумлаштириш асосида, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларига мувофиқ кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштирилади ва янада ривожлантирилади.
- Таълим муассасаларининг ресурс, кадрлар ва ахборот базалари янада мустаҳкамланади, ўқув-тарбия жараёни янги ўқув-услубий мажмуалар, илғор педагогик технологиялар билан тўлиқ таъминланади.
- Миллий Олий таълим муассасаларини қарор топтириш ва ривожлантириш амалга оширилади. Касб-ҳунар таълими муассасаларининг Мустақил фаолият юритиши ва ўзини-ўзи бошқариш шакллари мустаҳкамланади.
- Таълим жараёнини ахборотлаштириш, узлуксиз таълим тизими жаҳон ахборот тармоғига уланадиган компьютер тармоғи билан тўлиқ қамраб олинади.
- Миллий дастур ҳар томонлама камол топган, турмушга мослашган, таълим турлари ва касб-ҳунарни онгли равишда танлай оладиган, жамият, давлат ва оила олдида уз жавобгарлигини хис этадиган фуқароларни вояга етказишни назарда тутади, дастурни ҳаётга тадбиқ этиш жараёнида Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш миллий модели шаклланади.
Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг асосий таркибий қисмлари қуйидагилардан иборат:
- шахс - кадрлар тайёрлаш тизимининг бош субъекти ва объекти, таълим соҳасидаги хизматларнинг истеъмолчиси ва уларни амалга оширувчи.
- давлат ва жамият - таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимининг фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширувчи кадрлар тайёрлаш ва уларни қабул қилиб олишнинг кафиллари.
- узлуксиз таълим - малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг асоси бўлиб, таълимнинг барча турларини, давлат таълим стандартларини, кадрлар тайёрлаш тизими тузилмаси ва унинг фаолият кўрсатиш муҳитини ўз ичига олади.
- фан – юқори малакали мутахасислар тайёрловчи ва улардан фойдаланувчи, илғор педагогик ва ахборот технологияларини ишлаб чиқувчи.
- ишлаб чиқариш - кадрларга бўлган талабни, шунингдек уларнинг тайёргарлик сифати ва савиясига нисбатан қўйиладиган талабларни белгиловчи асосий буюртмачи, кадрлар тайёрлаш тизимини молия ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш жараёнининг қатнашчиси.
Do'stlaringiz bilan baham: |