Талаб – пул билан таъминланган, тўловга қодир эҳтиёж; маълум вақт оралиғида, нархларнинг мавжуд даражасида истеъмолчиларнинг товар ва хизматлар маълум турларини сотиб олишга қодир бўлган эҳтиёжи.
Якка талаб – ҳар бир алоҳида истеъмолчи (масалан, шахс, оила, корхона, фирма)нинг товарнинг шу турига бўлган талаби.
Бозор талаби – бир қанча (кўпчилик) истеъмолчиларнинг шу турдаги товар ёки хизматга бўлган талаблари йиғиндиси.
Талаб қонуни – товар нархи ва сотиб олинадиган товар миқдори ўзгариши ўртасида бўладиган тескари ёки қарама-қарши боғлиқлик.
Талаб эгри чизиғи – нарх ва талаб ҳажмининг ўзгариши ўртасидаги тескари боғлиқликни кўрсатувчи эгри чизиқ.
Олий тоифали товарлар – даромаднинг ўзгариши билан талаб миқдори тўғри боғлиқликда ўзгарадиган товарлар.
Паст тоифали товарлар – даромаднинг ўзгариши билан талаб миқдори тескари боғлиқликда ўзгарадиган товарлар.
Энгель қонуни – истеъмолчи даромади билан у томонидан сотиб олиниши мумкин бўлган товарлар миқдори ўртасидаги ўзаро боғлиқлик.
Таклиф – маълум вақт оралиғидаги нархларнинг муайян даражасида ишлаб чиқарувчи ёки сотувчилар томонидан маълум турдаги товар ва хизматларнинг бозорга чиқарилган миқдори.
Таклиф қонуни – нархнинг ўзгариши билан таклиф этилаётган товар миқдорининг тўғри боғлиқликдаги ўзгариши.
Бозор мувозанати – талаб миқдори билан таклиф миқдори ўртасидаги нисбат бир-бирига тенг бўлган ҳолат.
Бозор нархи – бозор мувозанати вужудга келган ҳолда шаклланган нарх.
Талабнинг нарх бўйича эгилувчанлиги кўрсаткичи – талаб ҳажмига таъсир қилувчи бошқа омиллар ўзгармай қолган шароитда нархнинг бир фоизга ўзгариши талабнинг неча фоизга ўзгаришини ифодаловчи кўрсаткич.
Талабнинг даромад бўйича эгилувчанлиги кўрсаткичи – истеъмолчи даромадининг бир фоизга ўзгариши талабнинг неча фоизга ўзгаришини ифодаловчи кўрсаткич.
Таклифнинг нарх бўйича эгилувчанлиги кўрсаткичи – таклиф ҳажмига таъсир қилувчи бошқа омиллар ўзгармай қолган шароитда, нархнинг бир фоизга ўзгариши таклифнинг неча фоизга ўзгаришини ифодаловчи кўрсаткич.
Истеъмолчининг афзал кўриши – истеъмолчи томонидан ўзи учун турли товарларнинг нафлилик даражасининг баҳоланиши.
Сўнгги қўшилган нафлилик – муайян неъматнинг навбатдаги бирлигини истеъмол қилишдан олинган қўшимча нафлилик.
Ялпи (умумий) нафлилик – сўнгги қўшилган нафлилик кўрсаткичларининг йиғиндиси.
Бефарқлик эгри чизиғи – эҳтиёжларни бир хил даражада қондирилишини таъминловчи истеъмол тўпламлари йиғиндиси.