Машғулотнинг мақсади: талабаларга паррандаларнинг модда алмашинуви бузилиши касалликларини даволаш ва уларга қарши препаратларни касал паррандаларга қўллашни ўргатиш.
Керакли жиҳоз, реактив ва асбоб-ускуналар: паррандларнинг модда алмашинуви бузилиши касалликларига қарши препаратлар намуналари, паррандачиликда кўп ишлатиладиган қўшимча аралашмалар, стерил шприц ва игналар, клиник текшириш асбоблари, клиник соғлом ва касал паррандалар.
Модда алмашинувининг бузилишлари паррандалар орасида кенг тарқалган бўлиб, паррандаларнинг касалланиши ва ўлимининг ўртача 50-60% ни ташкил этади. Айниқса витаминлар ва минерал моддалар етишмовчиликлари кенг тарқалган бўлиб, улар асосан бир вақтнинг ўзида бир неча витамин ёки минерал моддаларнинг етишмовчиликлари оқибатида келиб чиқадиган аралаш патология ҳолида қайд этилади.
А гиповитаминоз (ретинол етишмовчилиги). кўпинча тухумдан чиққан ёш жўжалар ва бройлерларда учрайди.
Сабаблари. 2 ойликкача бўлган ёшдаги жўжаларда асосан тухум таркибидаги ретинол (10 мкг/г дан кам бўлиши) ва каротиноидларнинг (20 мкг/г дан кам бўлиши) етишмовчиликлари оқибатида келиб чиқади. Катта ёшдаги паррандаларда эса рацион таркибида ретинолнинг етишмаслиги касалликнинг асосий сабаби ҳисобланади.
Ривожланиши. Паррандаларда ретинол заҳираси жигарда тўпланади. Организмда ретинолнинг етишмовчилиги оқсиллар, ёғлар ва фосфор алмашинувининг бузилишларига сабаб бўлади. Ретинол ёш организмда ўсиш ва ривожланишни, катта ёшдагиларда - кўпайиш фаолияти ва маҳсулдорликни таъминлайди. Унинг танқислиги оқибатида шиллиқ пардаларнинг шох модда билан қопланиши, оақат ҳазм қилиш ва нафас тизими касалликларига нисбатан мойилликнинг ортиши, суяк ва асаб тўқималари ривожланишининг бузилишлари, кўз касалликларининг келиб чиқиши ва организмнинг иммунобиологик қобилиятининг издан чиқиши кузатилади.
Белгилари. Касаллик белгилари аста-секинлик билан ривожланиб боради. аввалига тож ва сирғаларнинг оқариши ва кейинчалик, уларнинг кўкариши, умумий ҳолсизланиш, иштаҳанинг пасайиши, ўсишдан қолиш, ориқлаш, терининг юпқалашиши, қонюктивит, патларнинг ҳурпайиши, нафас ва оақат ҳазм қилиш тизимларининг касалланишлари (бурундан зардобли катарал суюқлик оқиши, ларинготрахеит, жиғилдон, ошқозон, ичак ва клоака яллиғланишлари) кузатилади. Тил ва томоқнинг сарғич - оқчил пўстлоқ билан қопланиши, нерв фаолиятининг бузилиши белгилари (бўйиннинг буралиб қолиши, фалажланиши), она товуқларда тухум беришнинг ва тухум таркибидаги ретинол ва кортиноидлар миқдорларинингнинг кескин камайиши кузатилади.
Даволаш. Касаллик сабаблари бартараф этилади ва рационга яшил озиқалар, ўт уни ва ретинол сақловчи препаратлар (тривит, тетравит, А витаминининг ёғли концентрати, ретинол ацетат) киритилади. Бундай препаратларнинг даволовчи миқдорлари олдини олиш мақсадида 3-5 марта кўп бўлиб, даволаш курси 2-3 ҳафта давом этади.
Олдини олиш. Паррандалар рациони ретинол ва каротиноидлар билан бойитилади. Инкубацияга қўйишда тухум таркибидаги А витамин миқдори эътиборга олинади. Паррандалар учун каротиннинг асосий манбаси ўт унлари ҳисобланади ва уларнинг рацион структурасидаги улуши ўртача 7-8% ни ташкил этиши лозим.
Паррандаларнинг ретинолга бўлган суткалик эҳтиёжи катта товуқларда 2-3, 1-ойгача бўлган жўжаларда - 0,3, 1-2 ойлик жўжаларда - 0,8, 2-5 ойлик жўжаларда - 1,5, ўрдакларда - 3,5 ХБ ни ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |