III. Суғурта пули, суғурта мукофоти ва суғурта мукофотини тўлаш тартиби 26. Суғурта пули мажбурий суғурта шартномасида миллий валютада кўрсатилади.
27. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотининг миқдори ушбу Қоидаларга 5-иловага биноан суғурта тарифларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилади.
Мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиш муддати мобайнида суғурта тарифларининг ўзгариши суғурта қилдирувчи томонидан тўлов вақтидаги амалда бўлган суғурта тарифлари бўйича тўланган суғурта мукофотининг ўзгаришига олиб келмайди.
28. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотини ҳисоблаш суғурталовчи томонидан мажбурий суғурта шартномасини тузиш тўғрисидаги ариза-анкетада суғурта қилдирувчи томонидан кўрсатилган маълумотлардан, шунингдек, ушбу Қоидаларга 4-иловага мувофиқ шакл бўйича тақдим этилган маълумотлардан ёки суғурталовчида мавжуд бўлган, ҳужжатлар асосида тасдиқланган маълумотлардан ёхуд мажбурий суғурта тўғрисида ягона ахборот базасидан олинган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
29. Агар мажбурий суғурта шартномаси тузилгандан кейин мажбурий суғурта шартномасини тузиш тўғрисидаги ариза-анкетада суғурта қилдирувчининг нотўғри ва (ёки) хато маълумотлар кўрсатганлиги аниқланса суғурта мукофоти миқдорлари мажбурий суғурта шартномаси тузилган вақтда амалда бўлган суғурта тарифларига мувофиқлаштирилиши керак.
30. Мажбурий суғурта шартномаси шартлари у амал қилган муддат мобайнида ўзгарган тақдирда, шунингдек ушбу Қоидаларда назарда тутилган бошқа ҳолатларда суғурта мукофоти миқдори ўзгарган шартларга мувофиқ равишда тузатилади. Бунда томонларнинг суғурта мукофотини ўзаро ҳисоб-китоб қилишга тааллуқли бўлган мажбуриятлари мажбурий суғурта шартномаси шартларига ўзгартиришлар киритилган кундан бошлаб 3 иш кунидан кечикмай бажарилиши керак.
31. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотининг барча коэффициентлари қўлланишини ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритилган энг юқори миқдори базавий ставканинг беш бараваридан ошиши мумкин эмас.
Суғурта қилинувчи суғурталовчидан тўланиши керак бўлган суғурта мукофотининг ёзма ҳисоб-китобини талаб қилишга ҳақлидир. Зарур маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда суғурталовчи ана шундай ҳисоб-китобни суғурта қилдирувчидан тегишли ёзма ариза олинган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида тақдим этиши шарт.
32. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофоти суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчига (унинг филиалига ёки суғурта агентига) мажбурий суғурта шартномасини тузиш вақтида нақд ёки нақдсиз ҳисоб-китоб йўли бўйича бирйўла тўланади.
Нақд ҳисоб-китоб бўйича суғурта мукофотини тўлашда суғурталовчи (унинг филиали ёки суғурта агенти) томонидан пул маблағлари қабул қилинган сана тўлов санаси ҳисобланади. Нақдсиз ҳисоб-китоб бўйича суғурта мукофотини тўлашда пул маблағларининг суғурталовчининг (унинг филиали ёки суғурта агентининг) банкдаги ҳисоб рақамига тушган санаси суғурта мукофоти тўланган сана ҳисобланади
33. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофоти тўлашда қуйидаги суғурта қилдирувчиларга суғурта мукофоти суммасининг 50 фоизи миқдорида сийлов берилади:
1941—1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ёки партизанлари ёхуд уларга тенглаштирилган шахслар;
1941—1945 йиллардаги уруш даври меҳнат фронти фахрийлари;
концентрацион лагерларнинг собиқ ёш тутқунлари;
ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришда яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг ота-онасидан бири ёки бошқа турмуш қурмаган беваси;
ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқув ва текширув йиғинларига чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар, Афғонистон Республикасида ва жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган бошқа мамлакатларда вақтинча туришган қўшинларнинг чекланган контингенти таркибида хизматни ўтаганлар;
Чернобиль АЭСдаги авария оқибатида жабрланганлар;
пенсионерлар;
ногиронлар.
Ушбу бандда назарда тутилган сийловлар Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан, суғурталовчининг суғурта мукофотига доир сийловни компенсация қилиш масаласи юзасидан ёзма равишда мурожаати олинган кундан эътиборан ўн беш календарь кун ичида қопланади.
Суғурталовчи Тўловларни кафолатлаш жамғармасига тақдим қилинадиган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги учун жавоб беради.
Сийлов ушбу бандда кўрсатилган суғурта қилинувчининг ўзига тегишли бўлган битта транспорт воситаси бўйича фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда берилади.
Ушбу бандга мувофиқ берилган сийлов тўғрисида мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида тегишли белги қўйилади.