Гипопротекция – шундай ҳолатки, унда ота-онанинг бола билан шуғулланишга ё вақти етишмайди, ёки бу ишни бошқаларга юклаб қўяди. Айрим ота-оналар шу тарзда ҳаёт кечириб, фарзандларини умуман назорат ҳам қилмайди, унинг тақдирига бефарқ бўлади, ғамхўрлик кўрсатмайди, боласининг келажагига қайғурмайди. Гипопретекциянинг яширин шаклида ота-она бола устидан номига нималардир қилгандай бўлади. Лекин аслида уларни фақат ўзларининг кундалик муаммолари қизиқтиради. Бола бу ҳолатларни таҳлил этиб, ўзининг керак эмаслигини, оилада ортиқча эканлигини англаб боради.
Ташлаб қўйилган болалар ёки ташландиқ болалар – одатда ёшлигидан на моддий, на маънавий эҳтиёжлари қондирилмаган болалардир. Улар масалан, қорни тўймаганидан жисмоний тараққиётдан орқада қолса, назорат ва эътиборнинг йўқлигидан турли жиноят йўлларига кириб қолади, яхши, самимий эътибор ва меҳрнинг йўқлигидан жамиятда, одамлар орасида ўз ўрнини топишга қийналадиган, одамови, саводсиз бўлиб ўсади. Буларнинг барчаси уларнинг келажакда жиноят йўлларига кириб қолишига ёки зарарли одатларга ўрганиши (гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш)га сабаб бўлади. “Меҳр таянчи” маркази Тошкент шаҳрида айнан шундай болалар тоифасини тўғри ҳаётга қайтарадиган, гипопротекциянинг қурбонларини оилавий муҳити шароитини ўрганганидан сўнг ота-онасини чақиртириб келиб, улар билан педагогик-коррекцион, психологик услубларда ишлайдиган муассаса ҳисобланади. Марказдаги болаларнинг барчаси оиладаги нотўғри тарбиянинг қурбонларидир.
Гипопротекциянинг ҳам ҳаддан зиёд шакли борки, унда бола ота-она назоратидан атайлаб ташлаб қолдирилгани сабабли, унинг нотўғри йўлларга кириб кетаётганлигига ҳам катталар бефарқ бўладилар. А.Е. Личко, А.А. Вдовиченколарнинг Россияда ўтказган тадқиқотларида ёмон йўлга кириб кетган, вояга етмаган жиноятчиларнинг ота-оналарида жиддий хатоликлар аниқланган. Улар боласининг нотўғри хатти-ҳаракатини оқламоқчи ҳам бўлади, ёки айбни бошқаларга, масалан, кўча болаларига, мактабдаги интизомсизликка, ўқитувчиларнинг бефарқлигига тўнкамоқчи бўлади, фақат ўзларининг айбини сезмайди ёки тан олмайди.
Оилавий тарбиянинг яна бир шакли – зиддиятли тарбия. Бунда оила аъзоларининг ҳар бири битта болага нисбатан турлича тарбия услубларини қўллайди, масалан, отаси ўта қаттиққўл, она ўта меҳрибон, ёки ота-она боланинг хулқини жуда назорат қилиб, масъулият билан унинг ахлоқий тарбияси билан шуғуллаланади, бувилари эса аксинча, уни эркалатиб, издан чиқиб кетишини – “ҳали ёш, катта бўлганда ўзи яхши бўлиб кетади”, қабилида маъқуллайверади. Бундай беқарор тарбия услубларини Э.Эйдемиллер, В.Юстицкий, Н.Ленгардлар ўрганиб, унинг оқибатида болада салбий характер хусусиятлари, масалан, қайсарлик, обрўли шахсларнинг тазйиқини нотўғри баҳолаш кабилар шаклланишини исботлаганлар. Ота-она тарбиядаги беқарорликнинг оқибатларини тасаввур қилсаларда, унинг олдини олишни билмайди. Кўпинча бу – болаликка хос сифатлар эканлиги фикри уларни тинчлантиради. Аксарият ота-оналар боласини йўқотиб қўйиш ёки унинг кўнгли қолишидан қўрқиб ҳам нотўғри тарбия йўлларини тутади. Шунинг учун оилавий тарбия ўта мураккаб жараён бўлиб, унда ота-оналар олдиндан психологик жиҳатдан тайёр бўлишлари керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |