8.3. Оилапарварлик фалилатлари: миллий ва умуминсоний қадриятлар
Мустақиллик урф-одат ва анъаналаримизнинг жамиятни бирлаштирувчи имкониятларидан тўлиқроқ фойдаланиш учун йўл очди. Жамият ҳаётидаги улкан ўзгаришлар, телевидиния, радио ва матбуотнинг мавқеи кун сайин ортиб бораётгани, бир қарашда урф-одат ва анъаналарни ўрганиш масалалари замонавийлашиш жараёнлари комида қолаётгандан туюлса-да, уларнинг жамият ҳаётидаги, шахс маънавияти ва мафкурасининг шаклланишидаги аҳамияти камаяётгани йўқ. Албатта, урф-одат ва анъаналар ҳамда маъросимлар ўз вазифасини тўғри ўташи учун улар бевосита халқ томонидан тўла эътироф этилиши, кундалик турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланган бўлиши керак. Шу сабабли ҳар бир жамият урф-одатларнинг халқ орасига яхши сингиб кетишидан манфаатдордир.
Анъана ва урф-одатлар тарихий мазмунга эга, яъни моддий турмуш шароити таъсирида юзага келади, вақт ўтган сари улар барқарорлаша бориб, аждодлардан авлодларга меърос бўлиб қолади. Бунинг учун улар инсоният ҳаётида қадриятга айланиши керак.
Зеро, урф-одат, анъаналар ва маросимлар инсон учун қадриятга айланганда, унинг ҳаётини бойитади. Шу боис ҳар қандай жамият, ҳар қандай ижтимоий тузум уларга эҳтиёж сезади, улар ёрдамида одамлар орасида ўзаро муносабатлар кенг тус олади, аҳлоқнинг муайян қоида ва мезонлари вужудга келади.
Кишиларни анъана, маросим ва урф-одатларга жалб этишда энг аввало оиланинг, маҳалла, қишлоқ оқсоқоллари ва улуғларининг ўрни каттадир. Ўзбекистонда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараён халқнинг маънавиятига таъсир этиб, бу жуда кўп урф-одат ва расм-русмларда ўзгаришларга сабаб бўлиб, янги удум ва маросимлар шаклланишида ўз ифодасини топмоқда.
Мустақиллик йиллари давомида давлат ва мамлакат миқёсида 9 та расмий умумхалқ байрамлари қарор топди. Улар халқ ва мамлакат тарихи, миллий менталитет ва маънавият, шунингдек, умумжаҳон тажрибасини ҳисобга олиб, пухта ўйлаб жорий этилган. Ушбу байрамларни нишонлаш ёш авлод тарбиясида она Ватанга бўлган меҳрни мустаҳкамлайди. Асрлар мобайнида шаклланган, авлоддан авлодга бебаҳо мерос сифатида ўтиб келаётган урф-одат, маросим ва байрамлар миллий мафкуранинг асосий ғояларини сингдиришда муҳим омил бўлади. Хусусан, Мустақиллик, Наврўз, Ўқитувчилар ва мураббийлар, Хотира ва қадрлаш куни каби янги байрам ва маросимларимиздан жамият ҳаётига замонавий мазмун бахш этиш йўлида оқилона фойдаланиш зарур.
Катталарга ҳурмат, ўзаро ҳамкорлик, фарзандларнинг тақдири ва келажаги учун қайғуриш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамиша оилавий қадриятларнинг ва удумларнинг асосий қоидалари бўлиб келган. Афсуски, ўтган тоталитар тузум даврида бу қадриятларга жиддий путур етди. Шажаралар унут бўлди, оилавий ҳунармандчилик ва касб-корни авлодддан-авлодга узатиш, оилавий касбий кўникмалар унут бўлиши учун барча чоралар кўрилди. Қариндош-уруғнинг бир хил касбга ихлос қўйиши “қариндош-уруғчилик” тамғаси остида қораланди. Шу тарзда жамиятда оилалар ва уруғларнинг анъанавий касбий ва иқтисодий “ўрни” батамом йўқолиб кетишига сал қолди. Унинг ўрнига уруғ-аймоқчилик ва ошна-оғайнигарчиликнинг ижтимоий бузуқ шаклллари юзага кела бошлади. Шу билан бирга, қариндошларнинг ўзаро ёрдами баъзи ҳолларда жамият тараққиётини секинлаштириб қўядиган тайёрга айёрликка ва таниш-билишчиликка айланиб кетди.
Истиқлол йилларида оила қадриятлари ва қон-қариндошлик муносабатларининг қайта тикланиши ҳар бир оиланинг иқтисодий, маданий ва касб жиҳатидан эркин бўлиш имкониятини яратди. Яъни, истиқлолнинг ҳар бир оиланинг мустақил мамлакат ичидаги мустақил “жамият, давлат” сифатида эркин фаолияти, оилавий бизнесни ривожлантириш, ўз аъзоларининг барча фазилатлари яққолроқ намоён бўлишига очган чексиз имкониятлари туфайли ўзбек халқининг турли фаолият соҳаларидаги истеъдоди ўсди, унинг тадбиркорлик ва киришимлилик, бир неча чет тилларни тез ўрганиб олиш каби ноёб фазилатлари тўла-тўкис рўёбга чиқа бошлади. Буни юртимизга меҳмон бўлиб келаётган хорижлик туристлар, расмий арбоблар эътироф этишлари боис миллий меҳмоннавозлик ва саҳоват анъаналари янада ривожланди. Ўзбекнинг қадди росмана тикланди, миллий ғурур ўсди.
Энди биз Ғарбнинг ёки дунёнинг бошқа бурчидаги халқларнинг у ёки бу анъаналари, расм-русмларига кўр-кўрона тақлид қилишдан кўра, ўзининг ноёб удумларини кўз-кўз қилишга ҳозир бўлган халққа айландик. Ваҳолангки, оила ва никоҳ, фарзанд тарбияси, жамиятнинг катта ва кичиги ўртасидаги самимий, инсоний муносабатларга ривожланган мамлакатлардан келган минглаб хорижликлар ҳавас қилаётганлари ҳам айни ҳақиқатдир. Ўз асрий қадриятларининг эгаси бўлган халқимиз мустақиллик йилларида шарқона демократиянинг ўз менталитетига мос шаклини қарор топтиришда ташаббусни тобора ўз қўлига олмоқдаки, бунда аҳолининг билимдонлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Фақат билимли, маърифатли жамиятгина демократик тараққиётнинг барча афзалликларини қадрлай олишини ва аксинча, билими кам, оми одамлар авторитаризмни ва тоталитар тузумни маъқул кўришини ҳаётнинг ўзи ишонарли тарзда исботламоқда, бу ҳақиқатга халқ ўз заковати ва фаҳм-фаросати билан етиб бормоқда.
Миллий анъаналарни ўрганиш, тарғиб этиш билан бир қаторда тўй-маъракаларни, одат ва удумларни ихчамлаштириш, бу борада исрофгарчилик ва дабдабабозликка йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратиш даркор. Бунда оила ҳамда маҳалла институтларининг кенг имкониятларидан оқилона фойдаланиш зарур. Бу борада амалга ошираётган ишларимиз охир оқибат нақфаҳат мамлакат манфаатига, балки ҳар бир оиланинг ижтимоий-иқтисодий манфаатига хизмат қилиши муқаррар.
Do'stlaringiz bilan baham: |