Оиланинг функционал хусусиятлари – бу оила аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг сифатий тарафларини тавсифлайди. Масалан,
мулоқот услублари;
ҳар бир оилага хос бўлган тартиб-қоидалар;
ўзаро мулоқот жараёнида коммуникатив тўсиқларнинг мавжудлари (йўқлиги).
Сатир ўзининг психотерапевтик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда оилавий муносабатлар жараёнида кўзга ташланадиган мулоқотнинг 5 хил услубини ажратадики, улардан тўрттасини у самарасиз деб атайди, биттаси етарли даражада тажриба ва билимга эга бўлган етук мулоқот услубига киради. Дастлабки тўрттаси одатда муомала жараёнида бирор муаммо ёки тўсиқни енгишга, ўзини атайлаб яхши кўрсатишга, кимгадир ёқишга ёки аксинча, кимнидир нимагадир айблашга, танқид қилишга хизмат қилувчи услублардир. Масалан,
Хушомадгўйлик услуби кимларгадир атайлаб ёқиш мақсадида барча оила аъзоларининг хатти-ҳаракатларидан андоза олиш, ўзини ерга уриб бўлса-да, ўзгалар билан келишиб яшаш, бу билан ўзини ҳамиша ерга уришни назарда тутади.
Айбловчи услуб доимо кимнидир нимагадир ўргатавериш, танқид ва назорат қилиш, фақат ўзидан кучли одам олдидагина бироз ўзини тортиш билан боғлиқ коммуникатив ҳаракатларни ўз ичига олади. Биринчи ва иккинчи услублар гўёки бир бирини тўлдиради.
Ҳисоб-китобли муомала услуби шундайки, унга кўра одам ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда аниқ, бехато ҳаракатлар қилишга интилади, чунки бундай одам адашмай, доимо “тўғри, бенуқсон” бўлишга интилади, шунинг учун бундай инсоннинг ҳаракатлари доимо сунъийдай, ҳис-туйғулари эса мазмунсиз, доимо тазйиқ остига олингандай бўлади.
Четлаштирилган муомала услуби ўзини нима қилиб бўлса-да ўзгалардан узоқда, муайян масофада тутишга қаратилган, одамовидай бошқаларнинг назаридан ҳам, уларнинг таъсиридан ҳам ўзини тортади (масалан, бизда одатда янги келинчак ўзини ана шундай тутади).
Етук, адаптив муомала услубида эса инсон ҳамиша ўз оиладошлари билан тўғри, самимий, очиқ муносабатларга тайёр бўлади. Бундай одам ўзининг барча фазилатларини билгани ва сақлагани ҳолда бошқаларнинг ҳам шахс эканлигини, индивидуаллигини унутмаган тарзда мулоқотга киришади. У гапиришни ҳам маромида эплайди, ўзгаларни тинглашни ҳам билади, шу сабабли, унга қандайдир коммуникатив тўсиқлар хатарли эмас.
Психотерапевтик амалиётда Сатир ҳам Карл Рожерс каби барча муомала услубларини таҳлил қилар экан, бир инсоннинг бошқа бир инсонни тинглай олишига алоҳида эътибор қаратади. Асосий мақсад шундан иборатки, ҳар бир оила аъзосини ўз тартиб-қоидаларини бузмаган ҳолда муомала маданиятига ўргатишдир. Масалан, оиланинг муайян тартиб қоидаларига қуйидагилар кириши мумкин: “Якшанба кунлари ҳамма тўпланиб, бирга тушлик қилишади”, “Отамиз ухлаган пайтда унга ҳеч ким халақит бермайди”, “Мактаб харажатлари учун болаларга муайян миқдорда пул берилади” ва ҳоказо.
Очиқ тартиб-қоидалардан ташқари, ҳар бир оиланинг яширин қоидалари ҳам мавжудки, улар ҳам оилавий муносабатларнинг яхши бўлишида катта рол ўйнайди. Одатда бундай қоидалар муайян мавзуларнинг оила даврасида кўтарилмаслиги ёки маълум тарзда ҳис-кечинмаларнинг намоён этимаслигида кўринади. Масалан, отасининг олдинги никоҳдан фарзандлари борлиги мавзуси, оилада ногирон борлиги, боланинг қандайдир фалокат туфайли руҳан ёки жисмонан дардман бўлиб қолгани, кимнидир қамалиб кетганлиги, ота ва онанинг бирга ётмаётганлиги, отанинг спиртли ичимликларга ружу қўйганлиги кабилар одатда оила аъзолари тўпланган пайтда очиқ муҳокама қилинмайди. Чунки расман таомил бўйича бундай ҳолатларга бевосита болаларнинг алоқаси ҳам, айби ҳам бўлмайди, шунинг учун уларда шу каби салбий тажриба пайдо бўлишидан сақлаган тарзда бу каби ҳолатлар муҳокама қилинмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |