Мамлакатда валюта муносабатларини бошқарувчи ва тартибга солувчи миллий органлар
Давлатлараро валюта муносабатларини амалга оширувчи халқаро ташкилотлар
Миллий валюта тизимининг қуйидаги элементлари мавжуд:
а) миллий валюта;
б) миллий валютанинг алмашиш режими;
Ҳар қандай миллий валютани алмашинишига 3 режимни киритиш мумкин:
1. Эркин айирбошлангадиган валюта (ЭАВ);
2. Қисман ЭАВ;
3. ЭАВ эмас.
в) миллий валюта курсининг режими (3 режими мавжуд):
1. эркин сузиб юрувчи курс режими;
2. қатъий белгиланган курс режими;
3. бошқариладиган сузиш режими;
Агар миллий валютанинг курси эркин тарзда валюта бозорида талаб ва таклиф асосида аниқланса, бу эркин сузиб юрувчи курс режими деб аталади. Бунда мамлакат Марказий банки миллий валютанинг маълум ҳолати учун жавоб бермайди. Ҳар бир валюта учун чегара белгиланган ва шу чегарадан курсни тушиши аксар ҳолларда нохуш ҳолатларга олиб келади.
Қатъий белгиланган курс режимида мамлакатнинг миллий валюта курси хорижий валютасига нисбатан маълум нисбатда ўрнатилади ва Марказий банк ушбу нисбатда сақланиши учун жавоб беради, аммо қатъий белгиланган валюта курслари валюта операцияларини кенг кўламда ривожланишига тўсқинлик қилади, лекин унинг иқтисодиётга ижобий томонлари ҳам бор.
1970 йилнинг ўрталаридан бошлаб Марказий банкларда курс сиёсатларида ўзгаришлар пайдо булди. Расман эркин сузиб юрувчи валюта курсларини тан олган Марказий банк валюта курсига таъсир қилиш учун валюта интервенциясини тез-тез амалга ошира бошладилар. Бу ҳолат ХВФ экспертлари томонидан ва бошқа бир қатор мутахассислар томонидан бошқариладиган сузиш деган номни олди.
г) миллий валютанинг паритети - миллий валюта қийматининг хорижий валюта қийматига нисбати бўлиб, у ҳисобланадиган кўрсатгич ҳисобланади ва миллий валюта курсини белгилаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатнинг олтин ва валюта режими. Ўзбекистон Республикаси ички валюта бозори икки қисмдан иборат:
1. Республика валюта биржаси. Валюта биржаси - Ёпиқ турдаги Акционерлик жамияти (ЁТАЖ) бўлиб, норезидентларнинг иштирок этишига рухсат этилмайди. Унга фақат Республикадаги ваколатли тижорат банклари аъзо бўлиши мумкин;
2. Биржадан ташқари валюта бозори. Бу хусусда 2- бобда батафсил тўхтаб ўтилган.
Миллий валюта тизими миллий валютани чет эл валютасига алмаштириш, шунингдек, алмаштириш билан боғлиқ бўлмаган, чет эл валютасига доир бошқа операцияларни тартибга солувчи қонуний мустаҳкамланган тизим ҳисобланади.
Ўзбекистон миллий валюта тизими халқаро валюта тизимининг тузилмавий тамойилларини ҳисобга олган ҳолда шаклланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси валюта тизими элементлари:
валюта тизимининг асоси – миллий валюта ҳисобланади. Бизда, миллий валюта - «сўм» 1994 йил 1 июлдан муомалага киритилган;
бугунги кунга келиб, сўмнинг тўлов баланси жорий операциялари бўйича конвертацияси таъминланган. Бироқ, валюта операциялари бўйича сезиларсиз бўлсада, амалиётда бир қатор чекловлар сақланиб қолинган;
сўм курси ҳеч бир хорижий валютага ёки валюта саватига расман боғланмагандир. Хорижий валютанинг Ўзбекистон Республикаси пул бирлигига бўлган курсни ўрнатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўрнатилади. Ўзбекистон Республикаси Валюта биржасидаги битимлардаги талаб ва таклиф бўйича хорижий валюталарнинг сўмга бўлган курси аниқланади. Расман Ўзбекистонда сузиб юрувчи валюта курси режими тан олингандир;
валюта тизимининг кейинги элементи – халқаро кредит муомала воситаларидир. Ўзбекистон унификациялашган (бир хил шаклга келтирилган) халқаро нормаларга амал қилиб келмоқда. Булар қаторига Женева конвенциясига биноан қабул қилинган вексел ва чеклардан халқаро кредит-муомала воситалари сифатида фойдаланишни мисол қилиб кўрсатиш мумкин;
республикамизда халқаро ҳисоб-китобларни қатъий белгилаш, Халқаро Савдо Палатаси томонидан қабул қилинган «Ҳужжатли аккредитив ва инкассонинг унификация қилинган одатлари ва қоидалари»га асосланган ҳолда амал қилинмоқда;
халқаро валюта ликвидлилигини бошқариш. Бу элемент ўз навбатида халқаро ҳисоб-китобларни етарли тўлов маблағлари билан таъминланганлигини кўрсатади;
валюта бозори режими. Республика валюта бозорларида (валюта биржаси, биржадан ташқари валюта бозори ва нақд хорижий валюта савдоси, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжуд бўлган ваколатли банкларга тегишли барча валюта айирбошлаш шоҳобчалари) операцияларни фақатгина Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Бош лицензиясини олган ваколатли банкларгина амалга оширишлари мумкин;
Ўзбекистонда мамлакат валюта муносабатларини бошқариш ва тартибга солишнинг йўналишлари аниқ белгилангандир. Валюта сиёсатини бошқаришнинг асосий ижро этувчи ташкилотлари бўлиб – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси валюта тизими ўтиш давридаги тугалланмаган тизим бўлиб, такомиллашиш босқичидадир.
Ўзбекистонда мамлакат валюта муносабатларини бошқариш ва тартибга солишнинг йўналишлари аниқ белгилангандир. Валюта сиёсатини бошқаришнинг асосий ижро этувчи ташкилотлари бўлиб – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси валюта тизими ўтиш давридаги тизим ҳисобланиб, у такомилталаб босқичдадир.
Демак, сўмнинг барқарорлигини таъминлаш ва қадрини ошириш иқтисодиётни эркинлаштиришнинг ҳозирги асосий вазифаларидан биридир. Мамлакатимиз аҳолисини фаровонлигини таъминлаш бевосита мазкур вазифанинг ҳал этилишига боғлиқдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, фикримизча, миллий валюта тизимини янада такомиллаштириш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозим:
- етарли даражада олтин-валюта резервларини шакллантириш;
- халқаро даражадаги рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш;
- экспортдан валюта тушумларининг ҳажмини кўпайтириш;
- оқилона ва самарали валюта сиёсатини амалга ошириш;
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, валюта бозоридаги операцияларни ҳажмини ва валюта тушумини янада кўпайтириш учун марказлашмаган экспортдан мажбурий валюта сотуви ҳажмини камайтириш лозим. Шу йўл билан Ўзбекистон экспортёрларини янада рағбатлантиришга эришиш мумкин. Бу эса, натижада валюта тушумини ошишига хизмат қилади.