Фразеологик антонимия. Зид маъноли антонимлар бир-бирига тескари тушунчани ифодалайди. Мисоллар: кўнгли жойига тушди–юрагига ғулғула тушди, қони қайнади– оғзи қулоғига етди.
Фразеологик омонимия. Фразеологизмлар омонимик муносабатда ҳам бўлиши мумкин. Мисоллар: сўз бермоқ I - “ваъда бермоқ”, сўз бермоқ II - “гапиришга рухсат бермоқ”, бошга кўтармоқ I - “ардоқламоқ”, бошга кўтармоқ II - “тўполон қилмоқ”, қўл кўтармоқ I - “овоз бермоқ”, қўл кўтармоқ II - “урмоқ”.
Тилда экспрессивликни ифодаловчи воситалар ичида фразеологизмлар ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бу ҳақда А.В.Кунин қуйидагиларни баён этади: “Фразеологик бирликларнинг сигнификатив, денотатив маънолари ичида коннотатив маъно алоҳида ўрин эгаллайди. Маъноларнинг коннотатив жиҳатлари фразеологизмларнинг потенциал имкониятларини белгилайди”22. Бироқ бу таъриф фраземаларнинг барчаси учун хос эмас, яъни ҳамма иборада ҳам коннотатив маъно бўлавермайди. Шунга кўра ибораларни экспрессивликни ифодалаш хусусиятига кўра қуйидаги турларга ажратиш мумкин:
1. Эмоционал-экспрессивликни кучли даражада ифодалайдиган иборалар.
2. Эмоционал-экспрессивликни кучсиз даражада ифодалайдиган иборалар.
3. Эмоционал-экспрессивликни ифодаламайдиган иборалар.
Эмоционал-экспрессивлиги кучли бўлган иборалар экспрессивлик бўёғи бўртиб туриши билан кейинги тур иборалардан ажралиб туради. Масалан: боши осмонга етди, тепа сочи тикка бўлди, юраги ёрилди каби.
Эмоционал-экспрессивлиги кучсиз бўлган иборалар биринчи тур ибораларга нисбатан экспрессивликни кучсиз даражада ифодаловчи иборалардир. Буларга мисол тариқасида боши қотди, обрўйи тушди, оқ-қорани таниди ибораларини келтириш мумкин.
Эмоционал-экспрессивликни ифодаламайдиган ибораларда эса бадиий бўёқдорлик, таъсирчанлик кузатилмайди. Бундай иборалар, одатда, расмий услуб учун хос бирликлар саналади. Масалан: олдини олмоқ, сўзга чиқмоқ, турмуш қурмоқ кабилар.
Ёзувчилар одатда тасвир мақсадига мувофиқ ибораларни танлаб қўллаш билангина кифояланиб қолмайдилар. Балки, қаҳрамонлар табиати, руҳий ҳолати, ҳаёт тарзига мослаб ўзгартиради ва қайта ишлайди. Шу тарзда халқ иборалари сайқалланиб, янги маъно нозикликлари билан тўйиниб боради. Халқ ибораларини қайта ишлашнинг усуллари, уларга янгича ранг ва тус, янгича маъно талқини беришнинг йўллари жуда хилма-хилдир. Бунга «умумтил ибораси замиридаги маънонинг янгича талқинини очиш, иборанинг лексик таркибини ўзгартириш ва унинг семантик-стилистик функцияларини кенгайтириш, иборага янгича мажозий ва образли маънолар киритиш каби усулларни киритиш мумкин.»23 Фразеологик ибораларни қайта ишлашнинг турли усуллари Б.Йўлдошев томонидан кенг ўрганилган.24 Бадиий матнда энг кўп учрайдиганлари қуйидагилардан иборат:
1.Ибора таркибидаги айрим сўзларни алмаштириш: Яна уч кун жим туриб берсангиз, мулла минган велосипеддек ювош бўлиб қоласиз. (С.Аҳмад) Мингбошининг фалон – фалонлари бизни кўзига иладими? -деб хабар ҳам қилмабмиз. Нега индамайсанлар? Оғзингга пахта тиқдингми ҳамманг? Дунёда ўз оёғига ўзи болта чопадиган аҳмоқ ҳам бўладими? (Чўлпон)
2.Ибора таркибини кенгайтириш. Бунда ибора таркибига янги сўз киритилади. Тилимизда жар солмоқ ибораси мавжуд. Чўлпон уни қўшкарнайи билан жар солмоқ тарзида кенгайтиради: Мингбошиликни тортиб олиб, эл кўзида тамом шарманда қиладигандай! Абдисамат билан Ёдгор эчки, Умарали пучуқлар яна қўшкарнайи билан жар соладигандай!
3.Ибора таркибини қисқартириш. Ибора таркибидаги айрим сўзларни тушириб қўллаш тилдаги тежамкорлик талаби билан амалга оширилади. Аммо ёзувчилар бундан ўз бадиий мақсадига кўра фойдаланадилар. Тилимизда қўлини ювиб қўлтиғига урмоқ ибораси мавжуд бўлиб, унинг маъноси «ихлоси қайтиб, ишонмай қўйиб, диққат-эътибордан соқит қилмоқ» тарзида изоҳланади. Чўлпон «Кеча ва кундуз» романида уни мана бундай қисқартирилган ҳолда қўллайди: Ундан кейин, қишлоқ одамларининг шунақа ўзбошимча ҳаракатларига йўл қўйиб берсак, оз вақт ичида қишлоқдан қўл ювишимиз керак бўлади. Бу иборанинг нойиб тўра нутқида қўл ювмоқ тарзида қисқариши нафақат шакл ихчамлиги учун, балки маъно силжиши учун ҳам хизмат қилган. Нойиб тўранинг «воқеалар шу тахлит давом этса, оз вақт ичида биз қишлоқни ташлаб чиқишимизга тўғри келади» демоқчи эканлиги мазкур ибора орқали таъкидланган. Бундан кўриш мумкинки, айни иборанинг қисқарган варианти «ташлаб чиқмоқ», «ажралмоқ», «қочиб қолмоқ» каби янги маъно қирралари билан матн бадииятини бойитган.
Бадиий асарда қўлланилган ибораларни ўрганишда бир асар доирасидаги фраземалар миқдорини (фондини) аниқлаш ва характерли хусусиятларига қараб таснифлаш, уларни структурал-семантик жиҳатдан тавсифлаш ҳамда матндаги вазифасини текшириш лингвопоэтик таҳлил талабларидан ҳисобланади. Ана шундай таҳлилда ёзувчининг имконият сифатида мавжуд бўлган тил бирликларидан фойдаланиш маҳорати ҳам намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |