Когнитив компонент – бу ижтимоий установка объектини англаш билан боғлиқ жиҳатлар;
Аффектив компонент – бу объектга нисбатан ҳиссий муносабатлар, уни эмоционал баҳолаш, ёқтириш-ёқтирмаслик билан боғлиқ субъектив холатлар;
Хулқ-атвор компоненти (ёки конатив) – объектга нисбатан реал хатти-ҳаракатни тушунтирувчи жиҳатлар.
Бу учала компонентлар ўзаро бир-бирлари билан боғлиқ бўлиб, вазиятга қараб у ёки бу компонентнинг роли устунроқ, сезиларлироқ бўлиши мумкин. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, компонентлараро монандлик бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, айрим талабалар талабалик бурчи ва ички тартиб интизом билан жуда яхши таниш бўлсалар-да, ҳар доим ҳам унга риоя қилавермайди. “Тасодифан дарс қолдириш”, “жамоатчилик жойларида тартибни бузиш” каби холатларда когнитив ва хулқ-атвор компонентларида уйғунлик йўқлигини кўрсатади. Бу бир қарашда сўз ва иш бирлиги принципининг турли шахсларда турлича намоён бўлишини эслатади. Агар одам бир неча марта била туриб, ижтимоий хулққа зид ҳаракат қилса ва бу нарса бир неча марта қайтарилса, у бу ҳолатга ўрганиб қолади ва бу установкага айланиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам биз ижтимоий меъёрлар ва санкциялар воситасида бундай қарама-қаршилик ва тафовут бўлмалигига ёшларни ўргатишимиз лозим. Бу шахснинг ижобий тажрибаси учун реал асосдир.
Ушбу феноменга қизиқиш билдирган, унинг психологик моҳиятини очган олимлар кейинчалик унинг ижтимоий хулқни мувофиқлаштирига қаратилган “испозициялар” нуқтаи назаридан ўрганганлар. Масалан, рус олими В.А. Ядов инсондаги турли эҳтиёжлар ва турли ижтимоий вазиятларда намоён бўлиши муқаррар бўлган хулққа оид бир неча жабҳани ўз ичига олган диспозицион назарияни илгари сурган. Унинг фикрича, шахснинг ижтимоий эҳтиёжлари ва уни ўраб турган ижтимоий борлиқдаги фаолияти ўзаро боғлиқ бўлиб, улар қуйидаги жабҳаларда намоён бўлади.
Биринчи жабҳа – бевосита оилавий шароит бўлиб, унда инсоннинг асосий оддий эҳтиёжлари илк ёшликдан қондирилади.
Иккинчи жабҳа – бевосита мулоқот амалга ошириладиган контакт, кичик гуруҳлар бўлиб, индивид бу муҳитда ўзини намоён этади.
Учинчи жабҳа индивид ҳаёт-фаолиятини амалга оширадиган кенгроқ ижтимоий борлиқ бўлиб, унда у меҳнат қилади, дам олади, маиший муаммоларини хал қилади.
Тўртинчи жабҳа шахсни бевосита ўраб турган миллий-маданий борлиқ, ундаги мафкуравий и маданий қадриятларнинг ўзлаштирилиши туфайли намоён бўладиган ҳатти-ҳаракат актларини қамраб олади. Бу конкрет географик худуд, Ватан, юрти ва ундаги қадриятлардир.
Демак, юқорида ажратилган ҳар бир жабҳада инсон ўзига яраша алоҳида эҳтиёжларини қондиради ва у мос равишда муайян иш-ҳаракатларга тайёр бўлади.
Ядов юқоридаги жабҳаларга мос келадиган конкрет вазиятларни ва уларнинг индивидга таъсир кўрсатиш даражаларини ҳам ажратади. Масалан, биринчи, энг қуйи босқичдаги вазиятларда оддий предметли мулоқот ва тез ўзгарувчан эҳтиёжларга алоқадор холатлар намоён бўлади. Иккинчисида кўпроқ гуруҳ доирасидаги мулоқот ва ундан орттирилган тажриба назарда тутилади. Учинчисида – нисбатан турғун бўлган, хадеб ўзгарвермайдиган иш фаолият турлари, маиший эҳтиёжлар, профоссионал соҳаларда кўзга ташланадиган ижтимоий хулқ назарда тутилган. Ниҳоят, тўртинчи вазиятлар босқичи муайян ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий вазиятларда кўпчиликда шаклланадиган қадриятларнинг намоён бўлишини тақозо этади. Муаллиф юқоридаги жабҳалар, вазиятлар ва уларнинг шахс индивидуал ва ижтимоий тажрибасида намоён бўлишини тушунтириш учун уларга мос диспозицияларни фарқлайди:
1) Диспозицияларнинг биринчи даражаси шахсдаги элементар, оддий установкаларни тушунтириб беради. Бу Д. Узнадзе схемасига мос келадиган предметли вазиятларда намоён бўладиган оддий қайд этиладиган установкалардир;
2) диспозицияларнинг иккинчи даражаси мураккаброқ бўлиб, улар инсоннинг бевосита кичик гуруҳларда рўй берадиган мулоқоти, муомаласидан пайдо бўлган ижтимоий тажрибасини тушунтиради. Бу ўша америкаликлар таъкидлаган аттитюддир;
3) диспозицияларнинг учинчи даражаси шахс умумий дунёқараши, қизиқишлари асосида ҳосил бўладиган ижтимоий фаоллигини ўз ичига олади ва унинг профессионал йўналиши, иш фаолияти, дам олиши, бўш вақтини қандай ўтказишларида кўринадиган асосли установкаларида намоён бўлдаи;
4) диспозицияларнинг тўртинчи юқори даражаси шахсдаги мавжуд қадриятлар тизими, турмуш тарзи, юрти ва Ватани тақдирига, юртдошларидаги қадриятлар тўғрисидаги тасаввурларга яқин бўлган билим, малака ва кўникмалари бўлиб, унда даврга, замон ва маконга алоқадор тушунчалар акс этади ва ижтимоий тажрибага асос бўлади.
Шундай қилиб, таклиф этилган диспозициялар назарияси шахснинг турли вазиятлардаги муносабатлар тизимининг мувофиқлаштириш ва унинг сабабларини тушунтиришга имкон беради. Ижтимоий психологияда шу каби турли даражадаги ижтимоий установкаларни ўзгартириш муаммоси муҳим бўлиб, бу масала махсус тадқиқотлар ва тарбия воситаларининг ишлаб чиқилишини тақозо этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |