Интернетдаги алоқа одоблари
Интернетда чат, форум, фейсбук, твиттер каби ўзаро алоқа олиб боришга хизмат қилувчи воситалар орқали кишилар бир-бирлари билан ёзишма, сўзлашма, суратли мулоқотлар олиб бориш имкониятларига эга бўлишган. Улар ушбу имкониятларни ишга солиб, кўпгина ҳожатларини рўёбга чиқариш, маълумот алмашиш, билмаганини сўраб ўрганиш, янги дўст ва шериклар орттириш каби кўпгина манфаатларга эга бўлишмоқда.
Аммо шу билан бирга, бошқа соҳаларда бўлгани каби, бу соҳада ҳам ўзига яраша муаммолар, мушкулотлар ва кўнгилсиз воқеалар пайдо бўлмоқда.
Масалан, бегоналарнинг бир-бирлари билан ушбу воситалар орқали олиб борган алоқалари натижаси ўлароқ, никоҳга ваъда бериш, бировга туҳмат қилиш, кимнидир зинода айблаш, сўкиш каби ишлар келиб чиқмоқда. Шунингдек, эр-хотинларнинг ушбу воситалар орқали олиб борган алоқалари натижаси ўлароқ талоқ, бир-бирини зинода айблаш, насабни инкор қилиш каби ўта аҳамиятли ҳукмлар ҳам собит бўлмоқда.
Ушбу воситалар орқали бир неча тарафларнинг олиб борган мулоқотларидан сўнг бир-бирини оммавий равишда кофир, фосиқ, фожир дея ҳукм чиқариш, фаҳш ишларга чақириш, сеҳр ва фолбинликка чорлаш, пора ваъда қилиш, видео орқали авратларни намойиш қилиш, шахсий, диний, ижтимоий ҳолатларни масхара қилиш каби ўта жиддий ҳолатлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Интернетдаги ушбу тармоқлар орқали вақтни зое қилувчи кўнгилхушликларга оид нарсалар, овозли ва суратли ёзувлар тарқатилмоқда. Турли ўйинлар ва мусобақалар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари жорий қилинмоқда. Шунингдек, интернетдаги ушбу тармоқлар орқали илмий ва молиявий муомалалар ҳам кенг миқёсда олиб борилмоқда.
Афсуски, мазкур алоқаларнинг барчасида маънавиятга хилоф бўлган, қонунбузарлик ҳисобланган ишлар тўлиб-тошиб ётибди. Турли ахлоқий, моддий жиноятлар содир этилмоқда.
Буларнинг ҳаммасини тартибга солиш, кишиларни тўғри йўлга солиб, нотўғрисидан қайтариш лозим бўлмоқда. Бу борада ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бошқалар етарли ишлар олиб боришмоқда.
Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ўзига танлаган исмнинг гўзаллигига эътибор бериш лозим. Интернетдаги ўзаро алоқаларда ҳар бир киши ўзига маълум тахаллус қўйиб олиши одат тусига кирган. Аслида ўзининг асл исми бўлгани яхши. Лекин турли сабабларга кўра, тахаллус танлаб олса ҳам бўлади. Фақат тахаллус танлашда ўзининг беодобона гап ва ишларига парда қилиш нияти бўлмаслиги шарт. Тахаллус танлаганда чиройли ва завқ бағишлайдиган исмларни танлаш керак.
Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишида ҳам шундай бўлиши талаб этилади. Баъзи кишилар муомала ҳолати бир оз ўзгаргани туфайли Интернетдаги муомалаларга енгил-елпи қарашади, бу эса мутлақо нотўғридир.
Ҳаётимизга диққат билан назар соладиган бўлсак, кишиларнинг кўп вақти, зеҳн-заковати, ақл-идроки ва имкониятлари беҳуда нарсаларга сарф қилинаётганини кўрамиз. Беҳуда нарсалардан четда бўлган киши фақат фойдали иш билан машғул бўлаётганини яхши англаб етишимиз лозим. Бинобарин, бефойда ишлардан ўзимизни ҳамиша четда тутишимиз керак бўлади. Инсондан вақти, кучи, ақли ва зеҳн-заковатини фақат фойдали нарсаларга сарфлаши талаб этилади.
Интернетдаги ўзаро алоқалардан жуда кўп манфаат ва фойдалар олиш мумкин. Чунки кўпчиликнинг ичида турли нарсаларни биладиган, тажрибасидан ўтказган кишилар бўлиши мумкин.
Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда номаҳрамлар масаласида жуда эҳтиёт бўлиш керак. Бу нарсада эҳтиёт бўлинмагани учун, жуда кўп муаммолар келиб чиқмоқда. Айрим йигит-қизларнинг Интернет орқали мулоқотда номаъқул алоқаларга ўтиб кетаётганлари кузатилмоқда. Шунингдек, Интернет алоқасидаги тушунмовчиликлар ёки одобдан чекинишлар оқибатида оилали кишилар орасида ажралишгача етиб борилмоқда. Ушбу сатрлар соҳибига аёллардан келган мактубларда эри номаҳрам аёллар билан Интернет орқали топишиб, бузилиб кетгани ҳақида шикоят қилинса, эркаклардан келган ёзувларда хотинининг худди шунга ўхшаш ишни қилганда, қўлга тушгани баён этилган.
Интернетдаги имкониятлар кўпайиб кетганини баъзилар суиистеъмол қилишга ўтишган, ёлғон хабарлар, суратлар ва видеолавҳалар тарқатишга одатланишган. Бунда ўз мақсадига эришиш ҳам, одамларни майна қилиш ҳам, яхшиликка чақириш нияти ҳам бўлиши мумкин. Аммо нима бўлганда ҳам, буни қилмаслик керак.
Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда худди кўз кўзга тушиб тургандек, ўзини одоб ва ахлоқ ила тутиш лозим. Бу хилдаги алоқа кўпчилик билан бўлаётганини зинҳор унутмаслик керак. Мазкур алоқа ёзишма орқали бўлса, ёзув қоидаларига тўлиқ амал қилиб, ўзининг юксак маданиятини кўрсатиш керак. Ёзувларининг бехато эканини текшириб кўриши лозим. Агар алоқа овозли ёки суратли бўлса, бунинг ҳам риоясини қилиш керак.
Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда нотаниш кишиларни «сиз»лаб, уларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш керак.
Воқеъликда ҳам шундай бўлади. Нотаниш киши билан алоқага киришганда, ҳурматини жойига қўйиб, алоҳида аҳамият ва эътибор билан муомала қилинади.
Шу билан бирга, Интернет қаллоблари одамларни алдаш учун ўзига хос «интернет-савдолари»ни ўйлаб топишган. Биргина мисол тариқасида quest.net номли интернет бозорини олишимиз мумкин. Сиртдан қараганда, бу нарса одамларга қулайлик туғдириш, савдо молини арзонлаштириш учун тузилганга ўхшайди. Тармоқли савдо номини олган бу иш аслида қаллобликдан бошқа нарса эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |