4-боб. Геномга оид ахборотга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилиш 23-модда. Геномга оид ахборотга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилишга доир асосий талаблар Геномга оид ахборотга ишлов бериш шарт-шароитлари унинг йўқотилиши, бузилиши ва ундан рухсатсиз фойдаланилиши, худди шунингдек қонунга хилоф равишда ва (ёки) бехосдан фойдаланилиши ва (ёки) геномга оид ахборот мавжуд бўлган электрон ахборот ресурсларига таъсир кўрсатилиши имкониятини истисно этиши керак.
Геномга оид ахборотга ишлов бериш фақат олинган маълумотларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича шарт-шароитлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.
Геномга оид ахборотни муҳофаза қилиш давлат томонидан кафолатланади.
24-модда. Геномга оид ахборотни йиғиш, ҳисобга олиш, тизимлаштириш ва сақлаш Геномга оид ахборотни йиғиш, ҳисобга олиш, тизимлаштириш ва сақлаш геномга оид ахборотга ишлов бериш бўйича автоматлаштирилган идентификация тизимларидан фойдаланган ҳолда, Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш йўли билан ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Геномга оид ахборотни ҳисобга олиш ва сақлаш Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида амалга оширилади.
25-модда. Геномга оид ахборотни сақлаш муддатлари Геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширишда қуйидагиларнинг:
бедарак йўқолган шахслар биологик қариндошлардан олинган геномга оид ахборот — бедарак йўқолган шахснинг қидируви тугагунига қадар ёки унинг вафот этганлиги факти аниқлангунига қадар, бироқ Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига геномга оид ахборот киритилган кундан эътиборан кўпи билан етмиш беш йил сақланади;
геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатидан ўтган шахслардан, шу жумладан вояга етмаганларнинг ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шаxслардан олинган геномга оид ахборот — ариза берувчининг ёки унинг қонуний вакилининг ёзма аризасида кўрсатилган муддат мобайнида сақланади;
оғир, ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган, шунингдек геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган ҳукм қилинган шахслардан олинган геномга оид ахборот — биологик ўлим юз берилганлиги факти аниқланганига ёхуд шахс суд томонидан вафот этган деб топилганига қадар, уларнинг ўлими тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса — улар юз ёшга тўлиши мумкин бўлган санага қадар сақланади;
биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахслардан олинган геномга оид ахборот — шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгунига қадар сақланади;
таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) биологик материалидан олинган геномга оид ахборот — одамнинг шахси аниқлангунига қадар, бироқ Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига геномга оид ахборот киритилган кундан эътиборан кўпи билан етмиш беш йил сақланади.
26-модда. Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геном бўйича давлат рўйxатидан ўтган одамнинг шахси ҳақидаги маълумотларга ўзгартиш ва (ёки) қўшимча киритиш Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геном бўйича давлат рўйxатидан ўтган одамнинг шахси ҳақидаги маълумотларга ўзгартиш ва (ёки) қўшимча киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
исми, отасининг исми, фамилияси, туғилган санаси, миллати, жинси ўзгарганда;
нотўғри ва ишончсиз (хато) маълумотлар мавжудлиги факти аниқланганда.
Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геном бўйича давлат рўйxатидан ўтган одамнинг шахси ҳақидаги маълумотларга ўзгартиш ва (ёки) қўшимча киритиш ишончли маълумотлар ва (ёки) тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Илгари геном бўйича рўйxатдан ўтган шахснинг шахсга доир маълумотларига ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритилганлиги тўғрисида ахборот ва (ёки) тасдиқловчи ҳужжатлар келиб тушганда ваколатли давлат органи Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига уч иш кунидан кечиктирмай тегишли ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритади.
Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган маълумотларга ўзгартиш ва (ёки) қўшимча киритилганидан кейин олдинги маълумотлар белгиланган тартибда архивлаштирилади.