Таянч тушунчалар:
1.«Шоир хотираси» - симфоник поэма. 1954 Ҳамзага бюағишлаб яратилган
2.Кантанта – (итал.cantare- куйламоқ) тантанали ёки эпик ҳикоявий характердаги кўп овозли вокал – симфоник асар
3.Оратория – (лот-oratio-нотиқлик қилиш, чиройли гапириш) яккахон, хор ва симфоник оркестр ижросига мўлжалланган кўп қисмли вокал-симфоник асар
4.Балет – (итал. балло-рақсга тушаман)- мусиқа ва рақс уйғунлашган мусиқа-хореографик спектакл
5.Опера – (итал.ижод)- саҳна ҳаракатлари вокал ва оркестр мусиқаси билан жипс боғланган театр санъати тури
Назорат саволлари:
1. Композиторнинг ёшлик ва талабалик йиллари. ҳақида маълумот беринг
2. Композиторнинг вокал ва вокал - симфоник ижоди га характеристика беринг..
3. Композиторнинг опера ва балет ижоди га характеристика беринг..
4. И.Акбаровнинг мусиқали драма ижоди га характеристика беринг..
Адабиётлар:
1. Музыкально- энциклопедический словарь. Москва. 1990 г.
2. Ф.Кароматов. Вопросы музыкознания (материалы симпозиума) 1980 г.
3. А.Жабборов.Т.Соломонова.Композиторы
и музыковеды Узбекистана.Ташкент. 1975.
4. А. Жабборов. Ўзбек бастакор ва мусиқашунослари. Тошкент.2004.
5. Ю.Ражабий. И. Акбаров. Ўзбек халқ мусиқаси тарихи, (Ўқитувчи). 1981
йил.
6. Т. Қиличев. Хоразм халқ театри.
Қўшимча адабиётлар:
1. Ўзбек халқ музикаси, VII том. Тошкент 1960
2. Ўзбек халқ музикаси, IV том. Тошкент 1960
Маъруза № 16
Композитор Хайри Изомов(1922) ҳаёти ва ижоди.
Режа:
1. Композиторнинг ёшлик ва талабалик йиллари.
2. Композитор Хайри Изомовнинг вокал вокал- симфоник ижоди.
3. Композитор Хайри Изомовнинг мусиқали драма ижоди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор ва дирижёр Хайри Изомов 30 - йилларда мусиқа дунёсига кириб келди. У ўзбек профес-сионал композиторларнинг иккинчи авлодига мансуб. Ўзининг кўп қиррали ижодий ва дирижёрлиқ фаолияти билан республикамиз мусиқа санъати ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Изомов Хайри Ғуломжон ўғли Бухоро шаҳрида, зиёли оиласида 1922 йилнинг 30 декабрида туғилди. 1928 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва 1931 йили Бухоро мусиқа техникумида скрипка бўйича ўқиди ва 1935 йили битирди. 1935 - 1936 йилларда Бухоро мусиқали драма театрида созанда бўлиб ишлади.
Маълумки, 1936 йили Т. Жалилов бошчилигида Ўзбек давлат филармонияси қошида ўзбек халқ чолғулари ансамбли ташкил топди. Мазкур ансамблга бошқа созандалар қатори 14 ёшли Хайри Изомов ҳам ишга таклиф қилинди. У 1937 йили Москвада ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасида энг ёш созанда сифатида қатнашди. Декададан қайтиб келгач, Т. Жалиловнинг ансамбли қошида Ўзбекистон халқ артисти, композитор ва дирижёр Н. Н. Миронов ёш созандалардан нотали оркестр тузди. Х. Изомов нота ёзувини мусиқа техникумида ўргангани учун устозга ёрдамчи ва дирижёр бўлди. Бу жамоа Россия ва Белорусия шаҳарлари бўйлаб ўзбек мусиқасини тарғибот қилди. Мазкур жамоа асосида 1938 йили филармония қошида Ўзбек халқ чолғулари оркестри ташкил топди.
1938 йили Х. Изомов Тошкент консерваториясининг тайёрлов курсига ўқишга кириб, Б. Б. Надеждин синфида сабоқ ола бошлади. Х. Изомов 2 -жаҳон уруши даврида Олмаота шаҳри ҳарбий авиация мактабида учувчилика ўқиди. Ушбу мактабда курсантлардан ташкил топган бадиий ҳаваскорлик ансамблига раҳбарлик қилди. Сўнгра у учувчи бўлиб фронтда, урушдан кейин шу армиянинг захирадаги авиаполкида хизмат қилди. 1946 йилнинг сентябридан бошлаб узилиб қолган ўқишни консерваториянинг асосий курсида Б. Надеждин синфида давом эттирди. Ўқиб юрган йиллари мусиқанинг турли жанр ва шаклларида асарлар яратди. Улар орасида «Пари» (Навоий ғазали) романси, «Ватан олқиши» (П. Мўмин сўзи), «Гул» (Т. Эрназаров сўзи), «Ўзбекистоним менинг» (Уйғун сўзи) қўшиқлари ва фортепиано учун «Токката» куйи машҳур бўлиб кетди. Унинг нотаси 1949 йилда чоп этилгандан буён республикамизнинг ҳамма мусиқа мактабларида ёш пианиочилар ҳамон ижро этиб келмоқдалар. Талаба - композитор Х. Изомов ўқиш билан бирга 1949 - 50 йилларда Ўзбекистон радио комитети мусиқий таҳририятининг масъул котиби, 1950 - 1955 йилларда эса радиокомитетнинг бадиий эшиттиришлар бошқармасининг бош муҳаррири вазифаларида ишлади.
Тошкент давлат консерваториясини Х. Изомов 1952 йилда битириб, радиодаги ишини давом эттириш билан бирга мустақил равишда турли жанрларда ижод қила бошлади. Масалан, 1953 - 64 йилларда бирин - кетин қуйидаги қўшиқ ва бошқа мусиқий асарлар яратди: «Қаҳрамон қизлар», «Шонли элим», «Ёшлик байрами», «Тинчлик ҳақида ёшлар қўшиғи», «Дуторим» (М. Қориев сўзлари), «Менинг севимли ўлкам», «Тошкент осмони» (Д. Полинин сўзлари), «Сайр этдим» ( П. Мўмин сўзлари), «Қиз қўшиғи» (Ғ. Ғани сўзи), «Салом, юлдузлар» (Т. Тўла сўзи), «Севмай бўлмайди», «Зиёфатда айтиладиган қўшиқ» (Ҳ. Шарипов сўзи) ўз даврида жуда машҳур бўлган қўшиқлар билан бирга симфоник оркестрга ўзбекча сюита, скрипка ва фортепиано учун пъеса, фортепиано учун Этюд, 7 та вариация, «Ноктюрн», «Мусиқали қутича», 4 та пъеса; кларнет ва фортепиано учун пъеса, хонанда ва симфоник оркестр учун «Ўзбекистон пахтаси» (В. Мухторов сўзи) қўшиқ, хонанда ва хор жамоаси учун «Севикли ёр» қўшиқ, Тошкент давлат ёш томошабинлар театрида саҳна юзини кўрган қуйидаги спектаклларга мусиқа басталади: «Абдулла Набиев» (А. Раҳмат пъесаси), «Ўжар» (М. Ғани ва У. Исмоилов пъесалари), «Ким айбдор» (И. Аҳмедов пъесаси), «Ойгул ва Бахтиёр» (Ҳ. Олимжон асари асосида У. Раҳмонов пъесаси), «Иқбол» (Ё. Мирзо пъесаси), «Вафодорлик» (О. Ёқубов пъесаси); қўғирчоқ театри учун «Тўти қиз» (М. Муҳамедов пъесаси), «Ўрмондаги воқеа» (С. Абдукаҳдор пъесаси), Ҳамза номидаги драма театри учун «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим» (О. Ёқубов пъесаси) ва бошқалар. Х. Изомов 1964 -1966 йилларда Афғонистон ҳукумати таклифига биноан Қобул радиосида маслаҳатчи бўлиб ишлади. 1966 йили Тошкентга қайтгач, радио қошидаги «Ўзбек халқ чолғулари» оркестрида дирижёр вазифасида ишини давом эттирди ва 1992 йили нафақага чиқди. Х. Изомов дирижёрлик ва жамоатчилик ишлари билан банд бўлишига қарамай мусиқанинг турли жанрларида янги янги, жозибали асарлар яратди. Композитор 60 - йилларнинг 2 - ярми, 70 - 80 йилларда замонавий ўзбек эстрада санъатининг ривожланишига катта аҳамият берди. У яратган эстрада қўшиқларидан «О, Дилбар», «Бу муҳаббат», «Саломалайкум» (Д. Полинин сўзлари), «Ким ўзи?» (E. Раҳим сўзи), «Кимга айтай?» (А. Пўлат сўзи), «Кўзи хумор» (Ш. Шомаҳмудов сўзи), «Сен» (О. Ҳожиқосимов сўзи), «Ишва кўз» (С. Холмуҳамедов сўзи) машҳур бўлиб кетди. Яккахон ва Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ёзилган «Қуёшли Ўзбекистон» номли вокал - рақс сюитаси, «Зангори кема капитанлари» ва «Янги Тошкент» (Д. Полинин сўзлари) қўшиқ – балладаси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Драматург С. Абдукаҳҳор билан ҳамкорликда «Алижон ва Валижон» спектаклига мусиқа басталаган. Бастакорлар уюшмасининг оммавий жанрлар комиссиясига узоқ йиллар раислик қилди. 1954 йили «Ўзбекистон ҳукуматининг фахрий ёрлиғи», 1967 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» ва 1974 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвонлари ва 2000 йилда «Эл юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |