Ўзбаклар расими шундай бўлади:
Чошка-тушда соп йигитлар келади,
Ҳакимбекдан “куёв улоқ” сўради,
Сўраган одамлар қуруқ қолмади,
Буларга ҳам битта сарка беради,
Вақти хуш бўп булар кетиб боради.6
“Куёв улоқ” куёвжўраларга келиннинг уйига тўй жўнатишдан олдин, куёв томонидан берилади, ёки сўйиб зиёфат қилинади. Шунинг учун айнан куёв лексемаси билан боғланади.
Воҳада бундан ташқари “улоқ”, “шов улоқ”, “шоҳ улоқ” каби луғавий воситалар орқали: 1. Йигит бўлажак келиннинг уйига тўй жўнатишда ( Бу ерда тўй – сеп, сарпо-суруқ маъносида. Қадимги урф-одатларга кўра жонлиқ – қўй ҳам берилади. Бунда томонлар ўзаро келишувига биноан, куёвнинг иқтисодий имкониятига қараб иккитадан, ўнтагача берилган.) тўй қўйларнинг олдида борадиган “шор улоқ” (фонетик ўзгаришга учраб, “шов” тарзида талаффуз қилинади, (Бой., Қизи., Қумқ.). “Шор” – “шов” – шўҳ, қочағон, тутқич бермас, талаш. Бундай номланишига сабаб, бўйнига рўмол ва пул боғланган ушбу улоқ биринчи бўлиб тутган кишига берилади. Шунинг учун кўпчилик орасида талаш бўлади. Оламондан сесканган улоқ қочади. Ниҳоят кимдир улоқни тутиб, ўзиники қилади. Жуда кўп ҳолларда сурхонча бағрикенглик ва меҳмондўстлик билан улоқни тутган киши уни тўй эгасига беради ва улоқ сўйилади. 2. Юқоридаги маросимда ҳам сезилган “талаш”, “талашиш”, “талаш бўлиш” маъноси, кўпкаридаги “улоқ” лексемасининг маъносидир. Яъни кўпкари майдонига ташланган улоқ чопағонлар орасида талаш бўлади. Якунда кимгадир насиб этади ва у бош совринни қўлга киритади.
Воҳанинг баъзи туманларида айнан “шов улоқ” - “шоҳ улоқ” тарзида айтилади (Муз., Тер., Шер.). 3. “Шоҳ улоқ” ҳам куёв томонидан бўлажак келиннинг уйига жўнатилган тўйга қўшилади. Фақат бунда, юқоридаги “шор – шов” – шўх, қочағон, тутқич бермас, талаш маъносидан ташқари “шоҳ” – бошлиқ, бош бўлиб борувчи, олдинда турувчи маъносини ҳам ифодалайди. Бундан ташқари “Сарпони улоқ қилар” маросими ҳам мавжуд бўлиб (Узун, Олт.), унда ҳам улоқ ўз маъносидан бошқа маънода қўлланилган. Бу ерда келиннинг сеплари талаш қилинади (улоқ қилар бу ўринда талашиш маъносида қўлланган. Яъни, кўпкаридаги талаш қилинадган улоқ билан бир хил маъно билдирган). Бу маросимда одатда аёллар, қизлар ва ёш болалар иштирок этади. Улар давра қурадилар. Келиннинг сепларини бирорта аёл бир қучоқ қилиб даврани айланиб югуради. Атрофдагилар сепдан бирор бир нарса олишга ҳаракат қилади. Келиннинг сепи қут, бахт рамзи ҳисобланади ва ўзида кўплаб яширин маънолар ифодалайди. Бу реалияда сурхон халқига хос стереотип намунаси бўй кўрсатган бўлиб, сурхондарёликлар қадимги ирим-сиримларга ишонувчи халқ эканлигини кўрсатади. Маълумотларни йиғиш жараёнида мълумот берувчиларниинг яна бир фикрига кўра, “Сарпони улоқ қилар” маросими келиннинг қанча йигитлардан талаш бўлиб, айириб олингани ифодаси ҳам ҳисобланар экан.7 Сурхон халқида мақсад қўйилдими, канча қийинчиликлар бўлсада унга эришиш руҳи устувор бўлади. Достонларда куйланган, Алпомишдан мерос бўлган бу характер сурхонликлар учун стереотип ҳисобланади. Қарижилик – тўй – никоҳ тўйи куни куёв олдига қўйиладиган таом. Сурхондарёнинг Термиз, Шеробод туманларида ошиқ жилик шакли ҳам учрайди. Мазкур реалия ҳам бошқа тил эгалари нутқида лакуна ҳисобланиб, ўзбек маданияти ва урф-одатлари ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмаган кишиларда бутунлай бошқа маъно-мазмунни англатади. Бунда, куёв келинни олиб кетиш учун унинг уйига ўртоқлари ва яқинлари билан борганда куёв дастурхонига қўйилади. Уни аввал куёв, кейин унинг ўртоқлари навбат билан тишлаб гўштидан ейди. Қарижилик, аслида қари молнинг эмас, ёш молнинг илиги бўлади. Бу суяк молнинг олдинги оёғи бўлиб, илик (суяк ёғи) шу оёқдан бошланади ва аввал шу оёқ ёғга тўлади. Бу ўриндаги ном куёвнинг узоқ умр кўриб, қариганда ҳам куч-қувватга тўлиб юришига нисбатан айтилган. Ошиқ жилик деб номланганда эса суякнинг бошидаги бирикиш қисмига ишора берилади. Бунда ошиқ-мошиқ (мошиқ – маъшуқ), яъни бир-бирини тақозо этишлик назрада тутилади. Айнан ошиқ бўлиб қолмоқ бирикмасидаги ошиқ (севиб қолмоқ, шайдо бўлиб қолмоқ, ўрганиб қолмоқ каби) манашу суяк номи билан боғлиқ (ушбу одат воҳанинг деярли барча худудларида бор). Бу ерда мазкур реалия ифода этаётган Сурхондарёда яшовчи халқнинг чорвачилик билан шуғулланиши, гўшт маҳсулотларини яхши кўриб истеъмол қилиши, ҳурматли ва азиз меҳмонларнинг дастурхонига гўшт қўйиши фақат сурхонликларга хос стереотип бўлиб, маданиятни кўрсатувчи лингвомаданий бирликдир. Кўриниб турибдики, бирор бир ҳалқ ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун унинг миллий реалиясига этибор қаратиш лозим. Маданиятни ифодаловчи “ички” тил маъноларини тушунмай туриб, у халқ тўғрисида фикр билдириш қийин. Ўзига ҳослик, бошқалардан ажралиб туриш маданиятни ифодаловчи тилнинг имконияти билан баҳоланади десак, адашмаймиз. Мана бу тил ва маданият муштараклигига яққол мисолдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |