99-модда. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли органлар Қуйидаги органлар солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга органлардир (бундан буён ушбу моддада ваколатли органлар деб юритилади):
1) ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 1 — 5-бандларида кўрсатилган солиқлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (бундан ушбу қисмнинг 3-бандида ва ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно);
2) ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 6 — 8-бандларида кўрсатилган солиқлар ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари. Бундай солиқларга нисбатан тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти икки йилгача муддатга берилиши мумкин;
Олдинги таҳрирга қаранг. 3) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар бўйича — божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда божхона органлари (бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно).
(99-модда биринчи қисмининг 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси солиқ тўловчига ушбу Кодекснинг 17-моддасида кўрсатилган ҳар қандай солиқ бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини уч йилгача муддатга беришга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришда ушбу Кодекс 98-моддасининг биринчи қисмида белгиланган чекловлардан четга чиқишга ҳақли.
100-модда. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш шартлари Солиқни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти манфаатдор шахсга, башарти унинг молиявий аҳволи ушбу солиқни белгиланган муддатда тўлаш имконини бермаса, бироқ кўрсатилган шахсда бундай солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун берилган муддат мобайнида тўлаш имконияти юзага келади деб тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса, берилиши мумкин.
Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти манфаатдор шахсга қуйидаги асослардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда берилиши мумкин:
1) ушбу шахсга табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилганлиги;
2) ушбу шахсни бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш кечиктирилганлиги ёки ушбу шахс томонидан бажарилган давлат буюртмаси, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги;
3) манфаатдор шахс солиқни бир йўла тўлаши оқибатида унинг ночорлиги (банкротлиги) аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келганлиги;
Олдинги таҳрирга қаранг. 4) жисмоний шахснинг мулкий ҳолати (қонунчиликка мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк ҳисобга олинмаганда) солиқни бир йўла тўлаш имкониятини истисно этиши;
(100-модда иккинчи қисмининг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) 5) манфаатдор шахс томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга эканлиги;
Олдинги таҳрирга қаранг. 6) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тўланиши лозим бўлган солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун асослар мавжуд эканлиги.
(100-модда иккинчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Ушбу модда иккинчи қисмининг 1, 3 — 6-бандларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қуйидагиларга берилиши мумкин:
1) юридик шахсга — унинг соф активлари қийматидан ошмайдиган суммага;
Олдинги таҳрирга қаранг. 2) жисмоний шахсга — унинг мол-мулки қийматидан ошмайдиган суммага, бундан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк мустасно.
(100-модда учинчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқни ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига ёзма, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабарнома юбориб, солиқ аудити натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини, шунингдек молиявий санкцияларни текширув материалларини кўриб чиқиш натижалари юзасидан солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор кучга кирган кундан эътиборан олти ой мобайнида тенг улушларда тўлашга ҳақли.
Агар солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ушбу модда иккинчи қисмининг 1 ёки 2-бандларида кўрсатилган асослар бўйича берилган бўлса, қарз суммасига фоизлар ҳисобланмайди.
Агар солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ушбу модда иккинчи қисмининг 3 — 6-бандларида ва (ёки) тўртинчи қисмида кўрсатилган асосларга кўра берилган бўлса, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даврида амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг ставкадан келиб чиққан ҳолда қарз суммасига фоизлар ҳисобланади.