8-боб. Солиқ ҳисоботи 81-модда. Солиқ ҳисоботини тузиш Солиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлари солиқ ҳисоботидир.
Солиқ ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шаклларда тузилади.
LexUZ шарҳи Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 24 февралдаги 3221-сонли қарори билан тасдиқланган «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори. Солиқ ҳисоботи солиқ органларига шахс фақат солиқ тўловчи деб эътироф этиладиган солиқлар бўйича тақдим этилади.
Солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг зиммасига юкланади.
LexUZ шарҳи Қаранг: «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонуни 3-моддасининг иккинчи хатбошиси. 82-модда. Солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда ушбу Кодексга мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.
Солиқ тўловчи ушбу Кодексга мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга ҳақли.
Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шакллар бўйича электрон ҳужжат тарзида тақдим этади.
LexUZ шарҳи Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 51, 55-моддалари. Йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади.
Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмлари қоидалари давлат сирлари жумласига киритилган ахборотни тақдим этишга нисбатан қўлланилмайди.
Солиқ ҳисоботи бланкалари солиқ органлари томонидан бепул тақдим этилади.
Солиқ ҳисоботи ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда солиқ тўловчи томонидан солиқ органига шахсан ёки вакил орқали тақдим этилиши ёхуд почта жўнатмаси тарзида жойланмалар рўйхати билан юборилиши мумкин.
Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ ҳисоботини солиқ тўловчи номидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этишга ҳақли.
Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.
Солиқ ҳисоботи қоғозда олинган тақдирда, солиқ органи солиқ тўловчининг илтимосига кўра, солиқ ҳисоботининг кўчирма нусхасига унинг қабул қилиб олингани тўғрисида белги қўйиши ва у олинган санани кўрсатиши шарт.
Солиқ ҳисоботи, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилган ҳолда тақдим этилади.
Солиқ тўловчи ва унинг ваколатли вакили солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаб, унга имзо қўяди.
Агар солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини солиқ тўловчининг ваколатли вакили тасдиқласа, солиқ ҳисоботида бу ҳақда тегишли белги қўйилади. Бунда солиқ ҳисоботига ушбу вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилинади.
Солиқ ҳисоботи электрон шаклда тақдим этилганда вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси телекоммуникация алоқа каналлари орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг. Солиқ ҳисоботи солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этилади.
(82-модданинг ўн бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар ушбу Кодекснинг Махсус қисмига мувофиқ солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти зиммасига юклатилган солиқ агентларига ва бошқа шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
LexUZ шарҳи Қаранг: мазкур Кодекснинг 297-моддаси.