Аннотация Мақолада инновацион иқтисодиёт шароитида Ўзбекистон миллий валюта тизимини ривожлантириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш юзасидан илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
Калит сўзлар: валюта тизими, асосий резерв валюта, валютавий дериватив, кросс – курс, ликвидлилик, аккредитивлар, интервенция сиёсати
Бозор муносабатлари жадал қарор топаётган шароитда мамлакатда муваффақиятли монетар ва валюта сиёсатининг қўлланилиши миллий валюта курси барқарорлигини таъминланиши, валютавий назоратни самарали қўлланилиши кўп жиҳатдан мамлакат миллий валюта тизимининг қай даражада тараққий этганлигига боғлиқ.
Миллий валюта тизимининг ривожланишини тадқиқ қилишда, унинг элементларини такомиллаштиришдаги асосий муаммо ва номутаносибликларни ўрганиш ва уларни бартараф қилиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, валюта тизими элементларини такомиллаштириш миллий валюта тизимининг ўзини ривожлантиришга хизмат қилади1.
Шу ўринда, дастлаб, миллий валюта тизими элементи ҳисобланмиш валюта курси валюта бозори режимига тўхталамиз, Ўзбекистан валюта бозорида асосий алмашув курси бу Марказий банк курси бўлиб, у Республика валюта биржасидаги банклараро савдо сессияларининг ўртача тортилган курслари асосида аниқланади. Ушбу курс бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботлар ҳамда Ўзбекистан Республикаси ҳудудидаги божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун фойдаланиланилади. Сўмнинг алмашув курсини аниқлашда асосий резерв валюта бўлиб АҚШ доллари ҳисобланади ва унинг нисбати асосида тўғри котировка қўлланилади. Сўмнинг башқа хорижий валюталарга нисбатан алмашув курси кросс – курсни қўллаш орқали аниқланади.
Шуни таъкидлаш жоизки, республикамиз тижорат банклари ҳозирда нақд хорижий валюта савдосида асосий тўрт резерв валютадан, яъни АҚШ доллари, евро, Британия фунт стерлинги ва Япония иенасидан фойдаланади.
Ўзбекистан Республикаси миллий валюта тизимини ривожлантириш борасида сезиларли муаммолар мавжуд бўлиб, улардан асосийлари сифатида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:
1. Ўзбекистан Республикасида муддатли валюта битимлари бозорининг шаклланиш жараёнининг ниҳоясига етмаганлиги. Хўжалик субъектларига тегишли валюта заҳираларининг валюта рискидан ҳимоя қилиш имконияти кескин чекланмоқда.
Республикамизда муддатли валюта бозорини ривожлантиришнинг бирламчи ҳуқуқий базаси яратилган бўлсада, ҳамон ўз ечимини топмаган бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагилардир:
- деривативлар воситасида валюталарни сотиб олиш ва сотиш операцияларини ҳуқуқий жиҳатдан чеклаб қўйилганлиги;
- республикамизда валютавий деривативлар билан боғлиқ бўлган валюта операцияларини тартибга солувчи алоҳида меъёрий ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги.
Шуниси характерлики, валюта деривативлари билан боғлиқ операцияларни амалга оширишнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини шакллантириш муддатли валюта бозорининг ривожланишида муҳим рол ўйнайди2.
Жорий валюта бозорининг ликвидлилигини таъминлаш, кунлик валюталар савдасини шакллантириш муддатли валюта бозорини шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
2. Сўмнинг номинал алмашув курсининг пасайиш тенденсиясига эга эканлиги.
3. Ўзбекистан Республикаси ҳудудида миллий валюта тизимининг муҳим элементи бўлган халқаро ҳисоб-китоб шаклларидан фойдаланиш механизмининг такомиллашмаганлиги. Ушбу муаммонинг моҳияти шундаки, республикамиз тижорат банклари томонидан корхоналарнинг импорт тўловлари бўйича очилаётган ҳужжатлаштирилган аккредитивларнинг 90 фоиздан ортиқ қисми таъминланган аккредитивларга тўғри келмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимиз корхоналарига тегишли бўлган валюта маблағларининг сезиларли қисми уларнинг хўжалик оборотидан чиқиб қолмоқда. Чунки, халқаро ҳисоб-китобларнинг таъминланган аккредитив шакли корхона маблағларининг маълум муддат мобайнида, яъни шартнома шартлари бажарилгунга қадар банк-эмитент томонидан ушлаб турилишини кўзда тутади. Шу сабабли, аккредитивдан фойдаланиш шарт-шароитларини ўзгартириш, илмий жиҳатдан тадқиқ қилиш заруриятини юзага келтиради.
4. Хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий валютадаги заҳираларининг диверсификация даражасининг пастлиги.
Ўзбекистон миллий валюта тизимини ривожлантириш билан боғлиқ юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида қуйидаги илмий-амалий таклифларимизни шакллантирдик:
1. Муддатли валюта битимлари бозорини шакллантириш учун шарт-шароит яратиш лозим. Бунда биржадан ташқари банклараро валюта бозорини ривожланиши муддатли валюта бозорини шаклланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, валютавий деривативлар билан боғлиқ операцияларни тартибга солувчи алоҳида меъёрий ҳужжат ишлаб чиқиш лозим.
2. Сўм алмашув курсининг пасайишига барҳам бериш мақсадида самарали ва ошкора интервенция сиёсатини амалга ошириш зарур. Бунда сўм алмашув курсининг мақсадли йўлакчаларини жамоатчиликка эълон қилиш ва унинг белгиланган йўлакча доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг валюта бозорида фаол иштирок этиши муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки биржадан ташқари валюта бозорида Бирлашган барқарорлаштириш фонди (ББФ) маблағлари ҳисобидан фаолият юритади. Мазкур маблағлардан қонунчиликка мувофиқ валюта бозорини эркинлаштириш даврида тўлов балансини ва миллий валютани алмаштириш курсининг барқарорлигини сақлашда фойдаланилади. Шу сабабли, ББФнинг этарлича эркин алмашинадиган валюталарга эга бўлиши ва бу маблағларнинг интервенция мақсадларида самарали фойдаланилиши мақсадга мувофиқ саналади.
3. Халқаро ҳисоб-китоб шаклларидан фойдаланиш механизмини такомиллаштириш лозим. Бунинг учун эса, халқаро ҳисоб-китоб муносабатларида соф инкассо бўйича ва банкларнинг ордерли чеклари воситасидаги ҳисоб-китоблар ҳамда очиқ ҳисоб рақамлари бўйича ҳисоблашиш амалиётини жорий қилиш, республикамиз тижорат банкларининг ривожланган хорижий давлатларнинг тижорат банклари билан тўғридан-тўғри ва икки томонламали вакиллик муносабатлари ўрнатишларини таъминлаш керак.
4. Хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий валютадаги заҳираларининг диверсификация даражасини ошириш лозим. Бунда мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкорлари валюталарига устуворлик бериш талаб этилади. Евро, Британия фунт стерлинги, Япон иенасидан валюта бозори битимларида фойдаланиш амалиётини ривожлантириш лозим. Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида интеграция жараёнларининг чуқурлашувига монанд тарзда Россия рублининг валюта битимларида кенг қўлланилиши мақсадга мувофиқдир3.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, миллий валюта тизими элементлари ва концептуал асосларининг такомиллаштирилиши муваффақиятли валюта сиёсатини қўллаш орқали мамлакат экспорт салоҳиятининг валютавий назорат самарадорлигини ошириш учун қулай шарт-шароит яратилишига хизмат қилади.