2.3. Ўзбекистонда туризмнинг ривожланиш тарихи.
Қадимги даврларда амалга оширилган саёҳатларнинг аксарияти, асосан, фойда кўриш мақсадида амалга оширилган бўлиб бундай саёҳатларни туризм талқинидан узоқ деб боқса ҳам бўлади. Шундай бўлса ҳам, қадимда амалга оширилган саёҳатларнинг баъзилари айнан туристик мақсадлар учун амалга оширилган. Унга Марко Поло, ибн Батуталарнинг саёҳатларини мисол келтириш мумкин. Бироқ бу саёҳатлар ўз ичига сиёсий мақсадларни ҳам олган эди. Баъзи бир саёҳатчилар ўз саёҳатлари билан мамлакатлари равнақига хизмат қилишган бўлишса, баъзилари ҳар тарафлама зарар қилишган. Масалан, Авлиё Албан аббатлигида зиёратчилар зиёратгоҳдаги бирор нарсани эсдалик учун ўз уйларига синдириб олиб кетмаслиги учун махсус қоровулхоналар бунёд этишга мажбур бўлишган. Ёки Бухоро вилоятидаги Ҳожа Баховуддин зиёратгоҳида Баҳовуддин Нақшбанднинг ҳассаларидан ўсиб чиққан дарахт ёдгорлигидан кўпгина одамлар эсталик учун парчалар синдириб олоиб кета бошлашди. Ёдгорликнинг сақлаб қолиниши учун диний идора томонидан бу ёдгорликдан парча синдириб олиб кетишни таъқиқловчи махсус ёзувлар ёзиб қўйишга мажбур бўлинди.
Саёҳатчиларнинг саёҳатга чиққан вақтларида бировга зарар етказишларини ҳамда уларнинг ўзларининг бирор зарар кўришларини олдини олиш учун қадимда кўплаб асарларда амалий тавсиялар берилган:
Муҳаммад Аваз Қаротошийнинг «Мажмуат-ул-Аҳком» асарида пайшанба куни сафарга чиққан маъқул; шанба куни аср вақтида, якшанба куни туш вақтида, душанба куни шом вақтида, сешанба куни пешин вақтида, чоршанба куни саҳар вақтида ва пайшанба куни тонг вақтида саёҳатга чиқиш яхши деган фикр билдирилган. Душанба ва шанба кунлари шарққа, якшанба ва жума кунлари ғарбга, сешанба ва чоршанба кунлари жанубга, пайшанба куни шимолга қараб юрмаслик уқтирилган. Сафарга чиқишдан олдин махсус дуоларни ўқиб, худодан ўз моли, жони, аёли ва оиласини сақлашни сўрашга маслаҳат берилган.
Кўплаб қадимий адабиётларда мусофирлар сафарда ўзларини қандай тутишлари лозимлиги хусусида маслаҳатлар берилган. «Фатовоий», «Ширъат – ул – ислом» ва «Кимёйи саодат» асарларида келтирилишича, мусофир кимнинг уйида дам олган бўлса, ўша ердан бирор нарсани ўғирламаслиги лозим; сафарга якка ўзи чиқмаслиги лозим; сафардаги ҳамрох доно ва диёнатли киши бўлиши лозим; сеҳргар-мунажжим-лоқайд-масхарачи-бедиёнат-беақл-нодон ва шоир кишилар билан саёҳатга чиқмаслик лозим (акс қолда зарар кўради); мусофир бирор манзилда тўхтаганда аввал уловига ўт-сув бериб, сўнг ўзи овқатланиши керак ва бошқалар. Йўлга кечаси чиқмаслик керак (тун охирида чиқса бўлади); вабо тарқалган шаҳарга кирмаслик керак, бориб келишга тўғри келса, маҳалий озуқалардан фойдаланмаслик керак; сафар давомида уловига ҳаддан ортиқ юк юкламслиги керак; уловига куч ишлатиб, урмаслик керак; «Оятул курси»ни ўқиб туриши керак; чўлда ташна қолса, «Кавсар»ни ўкиб, бирор тошни сўриб юриш керак; адашса азон ўқиши керак; бирор нарсани йўқотса «Ёсин»ни ўқиши керак.
Ўзбекистонда туризмнинг ривожланиши қуйидаги даврларга ажратилади: 1. XIX асрнинг иккинчи ярмигача бўлган давр. Ўзбекистон ҳудудида туризм ўзининг классик шаклидаги ривожланган.
2. Марказий Осиёни Чор Россияси истило этишидан бошлаб, 1930-йилларга қадар бўлган давр. Чор ҳукумати тазйиқи остида Ўзбекистон ҳудудида туризм тушкунликка юз тутган.
3. Туризмни ривожлантириш масъулияти касаба уюшмалари зиммасига юкланганидан бошлаб, 1991 йилгача бўлган давр. Бу даврни уч босқичга ажратиш мумкин: Биринчи босқич: 1936 йилгача. Туризмни замонавий шаклда ташкил этишга қаратилган дастлабки уринишлар амалга оширилган. Иккинчи бочқич: 1936-1969 йиллар. Туризмни ташкил этиш ва ривожлантириш касаба уюшмаларига юкланган, оромгоҳлар ташкил этилган. Учинчи босқич: 1969-1991 йиллар. Чиройли меҳмонхоналар, турбазалар, балиқчилар уйлари қурилган, туризм ташкилотлари транспорт воситалари билан таъминланган. Ўзбекистонда йилига 1,6 миллиондан ортиқ турист ва 7,2 миллиондан ортиқ экскурсиячига хизмат кўрсатилган1.
4. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг бошланган давр. Ўзбекистонда туризмни ривожланишининг мазкур тўртинчи даври қуйидаги босқичларга бўлиб ўрганилди: Биринчи босқич: 1992 йил. Унда Ўзбектуризм миллий компанияси тузилди ва у республикамизда туризмнинг ривожлантирилиши учун масъул бўлган ягона ташкилотга айлантирилди. Иккинчи босқич: 1993-1999 йиллар. 1993 йилдан бошлаб, туризм соҳасида иқтисодий ўзгаришлар содир бўла бошлади. Республикада бошқаришни янги шакллари ва услублари асосида иш юритила бошланди. Соҳада фаолият юритиб, фойда кўриб келаётган кўплаб корхоналар хусусийлаштирилди. 1999 йилда “Туризм тўғрисидаги” Қонун қабул қилинди. Учинчи босқич: 2000 йилда бошланган. 2000 йилга келиб туризм соҳасидаги бозор муносабатлари узил-кесил йўлга қўйилди ҳамда дунё бозори бўйича рақобатбардош туризм маҳсулоти яратила бошланди. Туризм тизимини бошқарилишининг марказлаштирилишига чек қўйилди. Бозорнинг рақобатлаша олмайдиган субъектлари ёпилиб, самарали ишловчи янги корхоналарга ўрин очиб бера бошлашди. 2003 йилда Ўзбекистонда кўплаб йирик янги замонавий меҳмонхоналар ишга туширилди.
Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда баъзи камчиликларга йўл қўйилди. Масалан, соҳада фаолият юритаётган корхоналарни хусусийлаштиришда биринчи навбатда фойда кўриб ишлаётган корхоналарни сотилишига эътибор берилди, кам фойда ёки зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг хусусийлаштирилиши бундай корхоналарга харидорларнинг сони камлиги туфайли нисбатан секин кечди ҳамда харидор топилмаган объектлар ёпиб қўйилди. Шунингдек, Тошкентдаги “Чорсу”, Самарқанддаги “Турист” ва “Интурист”, Бухородаги “Варахша”, Хоразмдаги “Жайҳун” каби йирик меҳмонхоналари фаолият кўрсатмаяпти. Туризм корхоналари ихтиёридаги мавжуд автотраспорт базалари янгиланмаганлиги туфайли тугатилиш арафасида турибди (илгари Ўзбекистон туризм ташкилотлари ихтиёрида 500 та ҳамда автотранспорт вазирлигидан ижарага олинган 300 та автобус ҳар куни турист ва экскурсиячиларга хизмат кўрсатган2).
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилган чоралар натижасида соҳада Ўзбекистон сўмларида олинган даромад 1993 йилдан 2008 йилгача 450дан зиёд мартага, шу жумладан хориж валютасида олинган даромад 10дан зиёд мартага ўстирилишига эришилди. Соҳа бўйича олинадиган фойда шу даврда 2400 мартага кўпайган. Соҳада эришилган муваффақиятларни 1993-2008 йиллар мобайнида жами хизмат кўрсатилган кишилар сонининг 1,7 мартага, шу жумладан қабул қилинган хорижий туристлар сонининг 4 мартага ўсганлиги ҳам кўрсатиб турибди (1-жадвал).
2009 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 101,36 минг кишига хизмат кўрсатилган, шулардан 38,3 мингтаси хориж фуқароларидир. Бундан 15,9 млрд. сўм, шу жумладан 10,62 млн. АҚШ доллари миқдорида даромад олинган. Олинган фойда 225,2 млн. сўмни ташкил этган3.
Бугунги кунда Ўзбекистон туризм бозорида 550 дан ортиқ туризм корхоналари фаолият олиб бораётган бўлиб, уларнинг 90 фозидан ортиғини хусусий турфирма ва масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этади. Ўзбекистон бўйича мавжуд бўлган 168 та жойлаштириш воситаларидаги ҳаммаси бўлиб 14300 хонада бир вақтнинг ўзида 28,6 минг кишини жойлаштириш мумкин. Ўзбекистон меҳмонхоналарида ҳаммаси бўлиб 10 мингдан ортиқ киши иш билан банд4.
Шунингдек, туристларни меҳмонхоналардан ташқари, турбаза ва кемпингларда ҳам жойлаштириш мумкин. Ўзбекистондаги мавжуд меҳмонхоналар, турбаза ва кемпингларда ҳаммаси бўлиб, 19000 кишини жойлаштириш мумкин бўлади.
1-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |