21-боб. Харажатлар 141-модда. Харажатларни гуруҳлаш Солиқ тўловчининг харажатлари солиқ солинадиган фойдани аниқлаш пайтида чегириб ташланади, ушбу Кодексга мувофиқ чегириб ташланмайдиган харажатлар бундан мустасно.
LexUZ шарҳи Қаранг: мазкур Кодекснинг 147-моддаси. Асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар, ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда эса, қонун ҳужжатларига ва (ёки) солиқ тўловчининг ҳисобга олиш сиёсатига мувофиқ расмийлаштирилган зарарлар ҳам солиқ тўловчининг харажатлари бўлади.
LexUZ шарҳи Қаранг: мазкур Кодекс 145-моддасининг 40, 47-бандлари, Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (1-сон БҲМС) «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот» (рўйхат рақами 474, 14.08.1998 й.). Солиқ тўловчининг харажатлари ҳақиқатда қайси солиқ даврида амалга оширилган бўлса, ўша даврда чегириб ташланади. Агар айни бир хил харажатлар харажатларнинг бир нечта моддасида назарда тутилган бўлса, солиқ солинадиган фойдани ҳисоблашда мазкур харажатлар фақат бир марта чегириб ташланади.
Солиқ тўловчи сарфлаган ва қиймати чет эл валютасида ифодаланган харажатлар қиймати миллий валютада ифодаланган харажатлар билан жамлаб ҳисобга олинади. Мазкур харажатларни қайта ҳисоблаш солиқ тўловчи томонидан бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Солиқ тўловчининг харажатлари чегириб ташланадиган ва чегириб ташланмайдиган харажатларга бўлинади.
Чегириб ташланадиган харажатлар қуйидагилардир:
1) ушбу Кодекснинг 142-моддасига мувофиқ моддий харажатлар;
2) ушбу Кодекснинг 143-моддасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;
3) ушбу Кодекснинг 144-моддасига мувофиқ амортизация харажатлари;
4) ушбу Кодекснинг 145-моддасига мувофиқ бошқа харажатлар;
5) ушбу Кодекснинг 146-моддасига мувофиқ келгусида солиқ солинадиган фойдадан чегириб ташланадиган ҳисобот давридаги харажатлар.
Солиқ тўловчининг ушбу модданинг олтинчи қисмида кўрсатиб ўтилган харажатлари, агар улар ушбу Кодекснинг 147-моддасида кўрсатилган чегириб ташланмайдиган бирон бир харажат таркибида ҳисобга олинса (унинг бир қисми бўлса), чегириб ташланадиган харажатлар бўлмайди.
Қуйидагиларга солиқ тўловчининг харажати сифатида қаралмайди:
Олдинги таҳрирга қаранг. 1) воситачилик, топшириқ шартномаси ёки воситачилик хизматларини кўрсатиш учун бошқа шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилиши муносабати билан, шунингдек комитент ёки бошқа топшириқ берувчи учун воситачи ва (ёки) бошқа ишончли вакил томонидан қилинган харажатларга ҳақ тўлаш ҳисобига воситачи ва (ёки) бошқа ишончли вакил томонидан топширилган мол-мулк тарзидаги тўловлар, агар бундай харажатлар тузилган шартномаларнинг шартларига мувофиқ воситачи ёки бошқа ишончли вакилнинг ёхуд бошқа топшириқ берувчининг харажатлари таркибига киритилиши лозим бўлмаса;
(141-модда саккизинчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда) 2) солиқ тўловчи эмитент томонидан топширилган, акциядорлар ўртасида акциядорлар умумий йиғилиши қарорига биноан ўзларига тегишли акциялар миқдорига мутаносиб равишда тақсимланадиган акцияларнинг қиймати ёхуд эмитентнинг устав фонди (устав капитали) кўпайтирилган тақдирда акцияларни акциядорлар ўртасида тақсимлашда дастлабки акциялар ўрнига берилган янги акцияларнинг номинал қиймати билан акциядорнинг дастлабки акцияларининг номинал қиймати ўртасидаги фарқ;
3) бошқа юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) ёки оддий ширкатга ҳисса сифатида берилган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар қиймати.