KEYWORDS: Mosque, minbar, portal, monument, architecture, prayer hall, khanаqah, ivan. КИРИШ Тадқиқотларга қараганда, мусулмон ўлкаларда масжидлар қуриш Умавий халифалар ҳукмронлиги йилларида (661-749) кенг тарқалган. Хусусан, халифа Валид (705-715) даврида, аниқроғи, 709 йилда Дамашқдаги авлиё Иоан черкови ўрнида Византиядан таклиф қилинган усталар иштирокида катта масжид қурилган. Византияликлар масжид меъморий тузилишига ўзларининг эллинистик услубларини олиб кирган бўлсаларда, кейинчалик мусулмон усталар томонидан ўзлаштирилиб, янгича кўриниш касб этган. Айни шу даврлардан ибодат учун танланадиган бинонинг ҳолати ёки қуриладиган масжидлар юзасидан маълум бир меъёрлар ишлаб чиқилган1 Ўзбекистон ҳудудига Ислом дини кириб келгач, бу ерда масжидлар дастлаб шаҳарларда, кейинчалик қишлоқ ва маҳаллаларда барпо этилган.
Масжидларнинг тўрида, Маккага қараган (қибла) томонида меҳроб, бир ёки бир неча минора бўлади. Айрим йирик масжидлар меҳробининг ўнг томонида ваъзхонлик учун мўлжалланган минбар баъзиларида эса Қуръон ўқиладиган махсус жойлар ҳам бўлади, баъзи масжидлар ҳузурида мактаблар ҳам бўлган. Масжидларда жума ва ҳайит намози кунлари имом-хатиблар хутба ўқиб, турли диний масалалар бўйича ваъзхонлик қилинади. Ўзбекистонда 13.12.2021 йил ҳолатига кўра 2100 дан ортиқ масжидлар мавжуд2.
Масжидлар VII—VIII асрлардан турли мусулмон мамлакатларнинг маҳаллий меъморлик анъаналарида етакчи ўринни эгаллаб, ўзига хос услубда қурила бошлаган.
Масжидлар орасида учта асосий турлари ажратилади. Улардан энг йириги – Жума ёки Жомеъ масжидлари хафтада бир кун жума номозини йирик жамоа бўлиб ўқишга мўлжалланган. Улар асосан мурабба ёки тўғри тўртбурчак тарҳли, қибла томонида қишки масжид зали – мақсураси бўлган, ўртадаги ҳовли атрофи равоқли айвонлардан иборат бўлиб тош, ёғоч, ғиштлар воситасида қурилган ва баъзида рангли кошин билан ҳашамдор безатилган.
Ўрта асрларда жомеъ ва кичик масжидлар ўзида мусулмон шаҳарларининг энг муҳим қиёфасини мужассам қилган. Ислом тамаддуни тадқиқотчиларидан Д.Сурдел ва Ж.Сурдел ўзларининг изланишлари давомида, жомеъ масжидлар мусулмон шаҳарларининг энг характерли жиҳати бўлиб, уларнинг мавжудлиги шаҳарнинг мавқеи, кенгайиши, демографик ўсишига бевосита таъсир қилганини қайд қилиб ўтишган эди3.
ХVI—ХVII асрларда масжид қурилишида гумбазлар тузилиши анча мураккаблашган. Пештоқ, равоқ ва минораларнинг турли шакллари яратилган. Безакларида муқарнас нақшлар, кошинкори безаклар қўлланилган.