Иқтисодий омил бозордаги рақобатни ва нарх-наво ҳолатини ўзида акс эттиради. Нарх-наво тизими, ўз навбатида, нархларнинг даражаси, ишлаб чиқариш жараёнига тадбиркор томонидан жалб қилинаётган ишлаб чиқариш омиллари, ишчи кучи, кредит ставкаси миқдори ҳамда солиқ ва мажбурий тўловларни ўз ичига олади. Бунда бозордаги рақобат шарт-шароитлари сифат ва миқдорий жиҳатдан таҳлил қилиб чиқилади.
Тадбиркорлик фаолиятининг келажаги тадбиркорлик муҳити билан белгиланади, у эса жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни акс эттиради. Ижтимоий-иқтисодий вазиятга иқтисодий мустақиллик, тадбиркорлар синфи, иқтисодий алоқаларда бозорнинг устуворлиги, тадбиркорлик капиталини мужассамлантириш шароитининг мавжудлиги ва керак бўлган ресурсларни ишлатиш киради.
4. Bизнес ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг мақсади ва вазифалари
Ўзбекистонда кенг кўламли бозор ўзгаришларини аматга ошириш жараёнида мулкдор шахслар доираси кенгайиб бормоқда.
Мулкдор – моддий ва интеллектуал мулк объектларига эга бўлган, уларни тасарруф этиш ва улардан ўз хоҳишига қаратиб, шу жумладан даромад олиш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга жисмоний шахсдир.
Мулкдорлар синфи уч гуруҳдан иборат:
даромад келтирмайдиган ва шахсий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган мол-мулкка эга мулкдорлар;
шахсий истеъмолга мўлжалланган мол-мулк билан бир қаторда, қўшимча тадбиркорлик даромади ёки киритилган сармоядан даромад олиш учун фойдаланиладиган активлар (сармоя)га эга ўрта мулкдорлар;
йирик хусусий корхоналар, фирмаларга эга ва уларнинг фаолиятидан катта даромад оладиган йирик мулкдорлар.
Ушбу гуруҳларнинг шаклланишига қандай омиллар таъсир этади? Биринчи навбатда, психологик хусусиятлар таъсир кўрсатади. Одамни зўрлаб мулкдорга айлантириб бўлмайди. У бунга руҳан тайёр бўлиши керак. Бу эса жуда қийин нарса. Чунки одамларга хаддан ташқари узоқ вақт мобайнида хусусий мулкни ва унинг соҳибларини бошқаларга қараганда ташаббускорроқ ва тадбиркорроқ бўлганлиги туфайли моддий жиҳатдан яхшироқ яшаганларни ёмон кўриш ва уларга ишонмаслик хисси сингдириб келинди. Энди эса замон ўзгарди, хусусий мулкка бўлган муносабат ҳам ўзгармоқда, лекин эски тасаввурлар ҳали ҳам мавжуд. Кўпчилик давлатнинг ғамхўрлик қилишига умид боғлаб ўтирмасдан, ўз фаровонлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга ҳали тайёр эмас. Ижтимоий пассивлик мулкдорлар синфини шакллантириш йўлидаги жиддий тўсиқдир.
Мулкдорлар синфини шакллантиришнинг асосий йўлларидан бири – бу тадбиркорликни, унинг кичик бизнес шакли ривожини таъминлаш катта аҳамиятга эга. Акциялаштириш кенг аҳоли оммасини мулкка эгалик қилишга жалб этишнинг энг самарали воситасидир. Бироқ, бу жараён мураккаб, кўп қиррали бўлиб, у бозор иқтисодиёти субъектларининг манфаатларига дахлдордир. Ҳозир республика иқтисодиётида очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари жуда кенг ёйилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |