ПСИХОПАТИЯЛАР ВА ШАХСНИНГ ПАТОЛОГИК РИВОЖЛАНИШИ
Психопатия деганда инсон феъл атворининг шундай туғма ва орттирилган дисгармоник шаклланиши тушуниладики, бу ҳолат шахсга уни ўраб тўрган ижтимоий муҳитда яхши мослаша олишига ҳалал беради. Бундай феъл-атвор аномалияси, қатъий айтганда, касаллик ҳисобланмасада, беморнинг ўзига қийинчилик туғдириб, унинг қариндошлари ва атрофдагиларга кўплаб муаммолар келтириб чиқаради. Психопатияларнинг келиб чиқиши ва ривожланишида ҳар доим маълум наслий (туғма) белгилар ва ноқулай ташқи муҳит шароитлари, нотўғри тарбия, атрофдагиларнинг ножуя ўрнак кўрсатишлари катта ўрин тутади. Баъзи ҳолларда кўпроқ туғма бузилишлар ва конституционал мойилликлар яққолрок намоен бўлса, бошқа ҳолатларда – ноқулай ижтимоий муҳит ва ҳаёт қийинчиликлари яққолрок кўзга ташланади.
Инсон феъл-атворининг психопатик ҳусусиятлари одатда унинг бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади, болалик давридан кексаликкача давом этиб, одатда кексалик даврида бу белгилар бир оз камаяди. Психопатик белгиларнинг яққоллик даражаси турлича бўлиб, енгил - меъердаги феъл-атвордан қийин фарқланувчи даражадан тортиб, кескин намоён бўлган – уларни руҳий касаллик белгиларидан қиёслаб олишни қийинлаштирадиган даражагача етади. Шуни ёдда тутиш зарурки, психопатия турли патологик невротик ва психотик реакцияларнинг юзага келишида қулай омил бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, психопатик белгиларнинг ўзи баъзида камайиб – компенсация юзага келиши, яъни инсон ҳаётда қониқарли даражада мослаша олишига олиб келса, бошқа ҳолларда бу белгилар ўткирлашиб – декомпенсация юзага келади ва бу ҳолатда инсон бемор деб ҳисобланиб, амбулатория ва ҳатто стационар шароитида даволаниш ва диспансер назоратида туришга муҳтож бўлади.
Ҳозирда психопатияларнинг кўпгина турли таснифлари тузилган. Психопатияларда феъл-атворнинг у ёки бу белгиларини миқдор жиҳатдан ўткирлашуви ва кучайиши билан боғлиқ низом билан тушунтирувчи психиатрлар, психопатияларни гуруҳларга бўлганда, уларни бутунлай инсон феъл-аторининг таснифига яқинлаштириб қўядилар. Аммо ҳозирги вақтда феъл-атворларнинг маъкул таснифи тузилмаган, чунки инсон феъл-атворларининг чексиз миқдордаги турларини бир тартибга солиш ва уларни гуруҳлар ва кичик гуруҳларга бўлиб чиқиш жуда қийин. Инсон феъл-атворларини ва шахс турларини гуруҳларга бўлишга баъзи бир замонавий интилишлар ҳақида юқорида гапириб ўтдик. Шуни айтиб ўтиш лозимки, «меъерий феъл-атвор» тушунчаси – шартли тушунчадир. Хар қандай инсоннинг шахс ва феъл-атвори тизимида доимо баъзи бир белгилар, айниқса акцентлашган, бошқа белгиларга қараганда кескинрок намоён бўлган белгилар мавжуд ва айниқса психопатиялар яққол намоён бўлмаган ва шахс ижтимоий муҳитда оз бўлсада, мослаша оладиган ҳолатларда, меъердаги ва патологик (психопатик) ҳулқ-атвор ўртасида аниқ чегара ўтказиш жуда қийин. Бундай нисбий, яққол намоён бўлмаган психопатияларда феъл-атворнинг асосий салбий белгиларини кўрсатган ҳолда, қуйидагича: патологик ёлғончилар, ўғриликка мойил кишилар (клептоманлар), дайдиб юришга мойил (дромоманлар), реформаторликка, шубҳаланувчанликка мойил кишилар ва бошқаларга ажратилади. Психопатияларнинг нисбатан оғир шаклларини кўриб чиққан муалифлар, уларни психозларнинг етарли намоён бўлмаган шакллари сифатида баҳолаб, уларни психозларнинг клиник шаклларига мос тарзда гуруҳларга бўлишга ҳаракат қилганлар (шизофрения, циклофрения, эпилепсия, истерия, психастения). Шу муносабат билан психопатиялар қуйидаги гуруҳларга бўлинган: 1) шизоид, 2) циклоид, 3) истерик ва психоастеник.
Психиатрия клиник амалиётида, нисбатан енгилрок ёки оғиррок психопат беморлар билан ишлаганда, кўпинча айнан шу таснифдан фойдаланилади. Шуни айтиб утиш лозимки, яққол экзоген (ташқи сабабли) табиатли (инфекцион, травматик ва х.з.) руҳий фаолият бузилишлари бўлган кўпчилик беморларда руҳий бузилишлар клиникаси касалликнинг маълум даврида ёки унинг бутун давомийлиги мобайнида психопатияларни эслатади. Бу ҳолатларда шахснинг органик психопатизацияси ёки психопатсимон синдром ҳақида гап кетади.
Психопатияларнинг алоҳида шаклларининг қисқа тавсифини келтириб ўтамиз. Шизоид психопатлар учун одамовилик, кам мулоқотга киришув ҳос бўлиб, улар атрофдагилар билан мулоқот ўрнатишлари қийин, уларда нозиккўнгиллик, шу билан бирга атрофдагиларга совуққонлик, реал борлиққа бўлган қизиқиш паст, улар кўпроқ ўзларининг ички дунёлари, хаёлотлари ва фикрлари билан яшайдилар. Шунинг учун уларнинг ҳатти-ҳаракатлари кўпинча аник йўналишга эга эмас, ҳулқ-атворлари ғалати, ғаройиб бўлиб кўринади. Шуни айтиб ўтиш зарурки, шизоид феъл-атворларнинг маълум турлари мавжуд бўлиб, улар орасида совуққон эгоист-педантларни, бадиий фаолиятга берилувчан хаёлпараст шахслар, хаёлпараст-реформаторлар ва х.з.ларни ажратиш мумкин. Шизоид доирадаги психопатларни бирлаштирувчи асосий белги – бу уларнинг дисгармониклиги, ақлий қобилият ва ҳиссиёт, ирода ўртасидаги етарли пропорциянинг йуклиги, яъни шахс бир бутунлигининг бузилиши кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |