2. Фанлараро ва фанлар ичра алоқалар
нормал ва патологик анатомия ("асаб тизими", "бош мия"), нормал ва патологик физиология (нейрофизиология); биохимия (марказий асаб тизими биохимияси); умумий психология ("инсон рухий фаолиятининг конуниятлари"); неврология ("интоксикацион ва инфекцион, травматик, кон томирлар бузилишларига боглик марказий асаб тизими касалликлари, бош мия усмалари"), юкумли касалликлар (умумий ва нейротроп юкумли касалликлар); ички касалликлар (соматик ва эндокрин касалликлар), клиник фармакология (психотроп хусусиятга эга булган дори воситалар: нейролептиклар, транквилизаторлар, антидепрессантлар, психостимуляторлар, антиконвульсантлар).
Назарий қисм
Шизофрения – бу сурункали эндоген психоз бўлиб, бу касалликка полиморф психопатологик симптоматика, прогредиент кечиши ва маҳсус турдаги шахс нуқсони хосдир. Касаллик одатда, ёшлик даврида юзага келади. Касалликнинг сабаблари ҳозирги вақтгача аник эмас. Патологик наслий мойиллик катта аҳамиятга эга. Ташқи зарарли омиллар касаллик ривожланишига туртки бўлиши мумкин. Касаллик эркаклар аёллар орасида бир ҳил кўпликда учрайди. Шизофренияни аҳоли ўртасида тарқалиши 0,3%дан 0,5% гача боради. Касаллик ташҳисоти асосан клиник мезонларга асосланишини ҳисобга олиб, шизофренияни чегаралари ҳақидаги ягона фикр мавжуд эмас. Баъзи тадқиқотлар бу тушунча чегараларини кенгайтириб, унга касаллик шаклларини ҳам киритиб юборса, бошқалари, аксинча, шизофрения чегарасига фақат типик (ядроли) психозларни киритиб, бу тушунчани торайтиради. Баъзи муаллифлар, шизофрения ташҳиси фақат бу касаллик учун етарлича махсус бўлган асосий фундаментал бузилишлар бўлганда қўйилиши мумкинлиги фикрига қўшиладилар. Шизофрениянинг асосий симптомларига қуйидагилар киради:
- аутизм – руҳий фаолиятнинг ҳам йўналганлиги, мазмуни, ҳам охирги натижалари бўйича ички сабаблар билан боғланганлиги. Беморлар реал борлиқ билан мулоқотларини йўқотадилар, ундан узоқлашадилар, ўз кечинмаларининг ғаройиб, соғлом инсон учун тушунарсиз бўлган дунёсига кириб кетадилар. Шу сабабли улар ўз дустлари, яқин танишларини йўқотадилар, одамови, мулоқотга кам киришувчан бўлиб қоладилар;
- парчаланиш – руҳият бирлигининг йўқолиши – бу симптом орқали касалликнинг «шизофрения» номи келиб чиккан. Руҳий фаолиятнинг бир бутунлиги йўқолади. Ҳатти ҳаракатлар, ҳиссиёт реакцияларининг реал вазиятга адекватлиги, руҳий жараёнларнинг параллеллиги йўқолади. Беморлар кўпинча ўз интилишлари, ҳаракатларини тушунтириб беролмайдилар ёки соғлом инсон нуқтаи назарида тутуруқсиз бўлган далилларни келтирадилар. Уларнинг ҳулқ-атворлари мантиқий жиҳатдан ички қарама-қаршиликларга эга ва бу беморнинг ўзидан бошқа ҳаммага билиниб туради;
- ҳиссиёт-ирода бузилишлари, ўз ривожланишларининг юқори даражаларида апатико-абулик синдром шаклида намоён бўлади. Беморлар ташаббуссиз, фаолиятсиз бўлиб борадилар, атроф-муҳитга бўлган ҳар қандай қизиқишларини йўқотадилар.
Қўшимча симптомлар (васваса ғоялари, галлюцинациялар, кататоник бузилишлар) касалликнинг клиник шаклларини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |