3. Академик лицей ва касб – ҳунар коллежлари. Академик лицейлар, иқтисослашган коллежларнинг ўқувчиларига таълим бериш мақсадида ташкилий кўрсатмаларга асосан “Фуқаро муҳофазаси ва ҳаёт хавфсизлиги асослари” курси ишлатилиши лозим. Ҳозирги кунда талабалар тайёргарлиги 2001 йилда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан тасдиқланган “Чақириққача ёшларни тайёрлаш” фани дастури билан йўлга қўйилган. Дастурда фуқаро муҳофазаси дарсларига 35 соат вақт ажратилган.
4. Олий ўқув юртлари. Университетлар, институтлар ва бошқа олий таълим муассасалари талабаларига таълим бериш ишлари “Фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятлар” фани асосида олиб бориш кўзда тутилган. Таълим бериш жараёнида фавқулодда вазиятларда бошқариш, ҳатти-ҳаракатлар масалаларига ҳамда аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш усулларини ўргатишга катта аҳамият берилган.
5. Иқтисодиёт объектлари раҳбарлари ҳамда мутахассисларини тайёрлаш, уларга таълим бериш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 2000 йили тасдиқланган 40 ва 80 соатлик дастурлар асосида Фуқаро муҳофазаси институтида олиб борилади.
Раҳбар ходимларга таълим беришдан асосий мақсад аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш, авария, ҳалокат, табиий офатлар содир бўлганда унинг оқибатларини бартараф этиш, фуқаро муҳофазаси куч ва воситаларини ташкил этишнинг йўл-йўриқларини ўргатишдир.
Раҳбар ходимларни, тузилма раҳбарлари, ташкилотлар, муассасалар, корхоналарнинг авария-қутқарув отрядлари таркибидаги хизматчиларини, ҳарбийлаштирилган ҳамда доимий тайёр махсус тузилмаларнинг ходимларига фуқаро муҳофазасидан таълим бериш ишлари фавқулодда вазиятлар бошқармаларига қарашли ҳудудий раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказларида ҳамда ўқув машқлари ва машғулотларда олиб борилади. Таълим бериш жараёнида раҳбарларнинг фуқаро муҳофазасидан ўз функционал вазифаларини ўзлаштириб олишларига, хавфли шароитда муҳитни таҳлил қилиш ва баҳо бериш, фавқулодда вазиятлар содир бўлган ҳудудда хизмат лавозимидан келиб чиққан ҳолда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини беришга асосий эътибор берилади.
Ташкилотлар, корхоналар ва объектларнинг раҳбарлари жорий тайёргарлиги иш жойларида фуқаро муҳофазаси бошлиқлари томонидан ўқув йили учун 15 соат ҳажмида ташкил этилади. Тайёргарликдан ўтаётган раҳбар ходимлар содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдиндан кўра билиш, улар содир бўлганда оқибатларини бартарф этиш ва унга раҳбарлик қилиш билимларини эгаллашларига аҳамият берилади.
Тузилмалар таркибидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилот ходимларига фуқаро муҳофазасидан таълим бериш ишлари иш жойининг ўзида 15 соат ҳажмида, ҳамма учун умумий бўлган мавзуларни (10 соат) ўрганиш шарти билан олиб борилади. Бу тузилмалар таркибига таълим бериш жараёнида фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш кўникмаларини амалиётга яқинлаштирилган ҳолда олиб бориш йўл-йўриқларига алоҳида эътибор берилади.
Ишчилар, хизматчилар, иқтисодиёт тармоқлари ходимларини ишлаб чиқаришдан ажратмаган ҳолда, режалаштирилган машғулотларда (15 соат), махсус тайёрланган раҳбарлар бошчилигида ўқув гуруҳларида ҳамда мавзуларни мустақил ўрганиш ва ўрганган мавзуларни амалий машғулотлар, объект миқёсидаги машқлар ва комплекс ўқув машқлари давомида мустаҳкамлаш орқали амалга оширилади.
Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳолига таълим бериш маърузалар ўқиш, суҳбатлар ўтказиш, ўқув фильмларини намойиш қилиш, мустақил равишда қўлланма ва эслатмаларни ўргатиш, радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар ўрдамида олиб борилади.
Бу тоифадаги аҳолини тайёрлашда асосий эътибор уларни маънавий-руҳий тайёрлашга, фавқулодда вазиятларнинг турлари ва кўлами ҳақида маълумот беришга, яшаш шароитидан келиб чиққан ҳолда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ҳақида кўникмалар беришга, фавқулодда вазиятлар содир бўлган шароитда ҳатти-ҳаракат йўлларини ўргатишга, содир бўлиши мумкин бўлган авариялар, табиий офатлар, фалокатларга оилавий тайёргарлик масъулиятларини сингдириб боишга қаратилган.
Фуқаро муҳофазасидан таълим ўқув машқлари ўтказиш билан биргаликда олиб борилади. Ҳар бир тоифадаги аҳолига “Диққат, барчага!” сигнали орқали ҳудуднинг географик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда фавқулодда вазиятларда бажарилиши лозим бўлган ҳатти-ҳаракатларга ўргатиш билан ўқув йили тугатилади.
Тайёргарлик шакллари, усуллари ва воситалари.
Офатларга тайёргарликни таъминлашнинг 7 йўналиши ажратилади:
1. Заифликни баҳолаш-фавқулодда вазиятга тайёргарлик шундан бошланади.
2. Режалаштириш – тайёргарликни таъминлаш ишларининг бўлинмас қисми. Режанинг аниқ бир шакли бўлмайди. Режалаштириш эҳтиёжга қароб тузилади, фавқулодда вазиятгача бўлган, у рўй берганда ва ундан сўнгги ҳаракатларнинг аниқ ва ўз вақтида бўлиши таъминланади.
3. Ташкилий тизим –кучларни шакллантиришни кўзда тутувчи йўналиш. Улардан тайёргарликни таъминлашда фойдаланиш мумкин.
4. Ахборот тизими –фавқулодда вазиятгача, у рўй бергандан сўнг заифлик даражасини белгилаш, огоҳлантириш, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ахборот манбаи, эҳтиёж, вақти ва тартибини аниқлашни кўзда тутувчи йўналиш.
5. Асосий ресурслар –бу йўналиш моддий ва молиявий ресурсларни шакллантириш, фавқулодда вазият рўй берганда ёрдам кўрсатилиши ҳақида шартномалар тузилишини кўзда тутади.
6. Огоҳлантириш тизими – муқобил алоқа воситалари таъминотига эга мустаҳкам ишловчи огоҳлантириш, башорат қилиш ва хабар бериш тизимини яратиш.
7. Жавоб қайтарувчи механизмлар – уларда тайёргарликни таъминлашдаги барча камчиликлар кўзга ташланиб қолади, амалий ҳаракатлар, малака ва кўникмалар ҳосил қилинади.
Аҳоли тайёргарлигини амалга оширишда ўқитиш усулларидан баҳс-мунозара, ўқув дарсликлари билан мустақил ишлаш, муаммоли вазиятларни юзага келтириш, мантиқий масалаларни мустақил ечиш усулларидан фойдаланиш мумкин.
Баҳс-мунозара усули- ўқитувчи ёки тингловчиларнинг фикрлашни талаб қилувчи саволлари бўйича тингловчи ўз фикрларини баён қиладилар ва ўзгалар фикрини эшитадилар.
Муаммоли вазиятни юзага келтириш – вазият бир оз тор тарзда баён қилинади. Бундай вазиятларни қўллаш кўпроқ маърузалар давомида қўлланиб, ўқув жараёнига муаммоли ўқитиш элементларини киритиш имкониятини беради. Тингловчилардан кўпроқ диққат-эътиборини шу вазиятга жалб қилишларини ва хулоса чиқаришларини талаб қилади.
Иш ўйинлари- қандайдир маънода инсон фаолиятини машқ қилишдан иборат. У деярли барча вазиятларни “ўйнаш” ва одамлар руҳиятини тушиниш, уларнинг ўрнига ўзини қўйиб кўриш имконини беради.
Иш ўйинлари қуйидаги тартибда амалга оширилади:
-аудитория ва қатнашчиларни тайёрлаш;
-вазиятни, йўриқнома ва бошқа материалларни ўрганиб чиқиш;
-ўйин жараёнини олиб бориш;
-ўйин натижаларини таҳлил қилиб, муҳокама этиш.
“Мияга ҳужум” усули – муаммони шакллантириш, машқ жараёни, “мияга ҳужум”- қўйилган муаммони енгиш, энг яхши ғояларни танлаб олиш ва натижалар тўғрисида хабар бериш жараёнини ўз ичига олади.
Фуқаро муҳофазаси бошқарув органларини, кучларини, ФВДТ мансабдор шахсларини тайёрлаш муваффақиятли ҳал этилиши ҳамда барча поғонадаги фуқаро муҳофазаси бошлиқлари уюшган ҳолда режа тузишларига, режанинг бажарилишига узлуксиз раҳбарлик қилишларига, уни назорат қилишларига, шунингдек қўл остидагиларга ёрдам беришларига, ўқув-моддий базасининг мавжудлигига, унинг яратилишига, яроқли ҳолда туришига, ҳамда муттасил такомиллаштириб борилишига боғлик бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |