ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ
ПУЛ ВА БАНКЛАР ФАНИДАН МУСТАКИЛ ИШ
Мавзу: ТИЖОРАТ БАНКЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
Бажарди: Оринбаева Д.Ю. БХА 80-2 талабаси
Кабул килди: Илмий рахбар к.ўқ.Кенжаев М.Ғ.
Тошкент 2022
Ўзбекистон банклари миллий иқтисодиётга таъсир эта олувчи қудратли тизимга айлангунга қадар узоқ эволюцион ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бу йўлда қатор қийинчиликларни енгиб ўтишига тўғри келди. 1991 йилда қатор банклар шакллана бошлади. Улар Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг ўзгарувчан шароитларида фаолият юритиб, замонавий иш услубларини ўзлаштирган ҳолда тобора янги қирраларга эга бўла борди. 1991-1992 йиллар банклар фаолиятига доир қарашларда чинакам бурилиш йиллари бўлди. Ўзбекистон Республикаси "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши икки даражали банк тизимининг таркиб топиши ва мамлакат Марказий банки зиммасига янги вазифалар юкланиши учун асос бўлиб хизмат қилди. Унинг олдига пул муомаласини тартибга солиш, тижорат банклари тизими ҳамда тўлов тизимини шакллантириш вазифалари қўйилди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларини молиялаштириш энди ташкил этиладиган, замонавий тамойил ва талаблар асосида фаолият юритувчи ихтисослашган тижорат банклари томонидан амалга оширилиши лозим эди. Ислоҳотларнинг стратегик йўналишларидан бири банк секторида хусусий капитал оқимини рағбатлантиришдан иборат бўлди.
1996 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни иккинчи даражали банк тизими — тижорат банклари фаолиятининг ҳуқуқий асосини конкретлаштирди.
Банк тизимига тааллуқли икки асосий ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ҳамда “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг ишлаб чиқилишида ривожланган молия тизимига эга мамлакатлар тажрибаси инобатга олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур қонунлар, шунингдек, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун нодавлат банкларнинг хусусий ва акциядорлик-тижорат шаклида ташкил этилишига қулай ҳуқуқий шароит яратди. Бу даврда банк тизими ривожига алоҳида таъсир этган икки омилни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчиси, олиб борилган ислоҳотлар натижасида 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки монетар бошқарув ва банк назоратининг тўла ҳуқуқли органи бўлди. Иккинчиси, Ўзбекистон Республикаси “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни иккинчи даражали банк тизими – тижорат банклари фаолиятининг ҳуқуқий асосини аниқ-пухта белгилаб берди. Унда банк активларини диверсификациялаш ва хорижий капитал жалб қилиш асосида универсал тижорат банкларини шакллантириш принциплари мустаҳкамланган.
Мазкур жараён 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тижорат банкларини ташкил қилишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинганидан сўнг жадаллашди. Унда жисмоний шахсларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган улуши билан банклар очиш учун имтиёзлар тақдим этиш кўзда тутилган эди. 1997 йил банк тизимининг ривожланиш тарихида банк фаолиятида ахборот тизимларини жорий этиш бошлангани билан аҳамиятлидир. Маълумки, ўша вақтгача республика ҳудудида амалдаги барча ҳисоб-китоблар кун бўйи олиб борилар эди. 1997 йилнинг март ойидан янги дастурий таъминот жорий этилиб, барча ҳисоб-китоблар автоматик режимда амалга оширила бошланди. Бу эса тўловларни республика ташқарисида 15 дақиқа мобайнида, Тошкентдан чекка жойларда атиги 3 дақиқада амалга ошириш имконини берди.
Айнан ўша вақтда ҳисоб-китоблар механизми ишлаб чиқилди ва банклараро электрон тўловларнинг замонавий тизими жорий этилди. Банкларга ўша вақтдаги ноёб имконият — компьютер ва телекоммуникация ускуналарини харид қилиш ва департаментларни улар билан жиҳозлаш имконияти берилди. Улар маблағларни ўз фаолияти учун зарур ускуна-анжомларни модернизация қилишга йўналтириши ҳисобга олиниб, қатор солиқ тўловларидан озод қилинди.
Шу тариқа, молиявий ва иқтисодий ахборотнинг сифат жиҳатидан янги истеъмолчилари – маҳаллий ва хорижий инвесторлар пайдо бўлди.
Ўзбекистон тижорат банклари, аввало, ихтисослашган кредит институтлари сифатида кўзга кўрина бошлади. Бу, бир томондан хўжаликларнинг вақтинча бўш маблағларини жалб этиши, бошқа томондан эса жалб этилган маблағлар ҳисобидан корхоналар, хусусий тадбиркорлар ва аҳолининг молиявий эҳтиёжларини қондириши билан долзарб аҳамият касб этди.
Хорижий ва маҳаллий экспертларнинг қайд этишича, сўнгги йиллар давомида республикада асосий тамойил — ихтисослашувдан узоқлашиш ва банк фаолиятида универсаллаштиришни чуқурлаштириш кузатилмоқда. Бу эса банк операциялари мазмуни ва кредит муносабатлари моҳиятини олдиндан белгилаб беради.
Ушбу йилларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун банк чакана маҳсулотларини ривожлантириш банк фаолиятининг муҳим йўналишига айланди.
Мазкур йўналишда банклар ўз фаолиятини дунёвий амалиётнинг “олтин” принципидан келиб чиққан ҳолда олиб бордилар. Яъни, аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг жозибадорлиги тадбиркорларнинг кредитлардан фойдаланиш кенг имконияти билан мутаносиб ҳолда ривожлантирилди. Давом эттирилган ислоҳотлар банк фаолиятини аҳолининг турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этувчи, илгари қабул қилинган “Истеъмол кредити тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги қонунлар доирасидаги фаоллигини янада кучайтирди.
Ўзбекистон тижорат банклари республикамиздаги ва жаҳон банк ҳамжамиятидаги янги воқеликка жавобан ўзлари таклиф этаётган хизматлари тўпламини кенгайтирди, бозорга янги банк маҳсулотларини чиқарди ва айни пайтда молия институтлари фаолиятининг халқаро стандартларини фаол жорий этишга киришди.
Шу уринда, тижорат банки тугрисида батафсил таъриф берамиз.
Тижорат банки нима?
Тижорат банки – тижорат асосида банк фаолияти, яъни маблағларни жалб қилиш ва кредитларни тақдим этиш, банк ҳисобварақларини очиш ва уни юритиш ҳамда тўловларни ўтказиш каби амалиётларни амалга оширувчи кредит ташкилотидир. Тижорат банклари - бўш пулга (жамғармага) эга ва пулга муҳтож бўлганлар ўртасидаги воситачилардан бири ҳисобланади.
Тижорат банклари нима учун керак?
Тижорат банклари иқтисодиётнинг “қон томир тизими” бўлиб, аҳоли ва бизнеснинг тўпланиб қолган жамғармаларини тақсимлаш орқали иқтисодиётни зарур молиявий ресурслар билан таъминлайди. Бу воситачилик иқтисодиётни янада ривожлантириш учун зарур бўлган “ёқилғи” билан таъминлайдиган омилидир.
Воситачи сифатида тижорат банклари пул маблағларидан фойдаланганлиги учун фоиз тўлаш шарти билан омонатларни жалб қиладилар ва уларни аҳоли ва тадбиркорларга кредитлар ва инвестициялар шаклида фоиз эвазига тақдим этадилар.
Ўзбекистонда тижорат банк фаолиятини юритиш учун Марказий банк томонидан бериладиган банк лицензиясини олиш зарур. Ушбу лицензия муддатсиз ва учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас.
Тижорат банклари қандай хизматлар кўрсатади?
Биринчидан, банклар сизнинг маблағингиз билан самарали фойдаланишни ва хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, омонатга пулингизни қабул қилиб, фоиз тўлаш орқали маблағларингизни кўпайтириб беради.
Иккинчидан, Сизга маблағ керак бўлганда ёки зарур нарсаларни сотиб олиш учун жамғармаларингиз етарли бўлмаганда, тижорат банклари сизга кредитлар тақдим этиши мумкин. Мисол учун, уй, техника, автомобил, мебел сотиб олиш, ўқиш тўловлари ва бошқалар учун кредитлар олишингиз мумкин.
Учинчидан, банкларнинг кассалари ва мобил иловалари орқали маҳсулотларнинг хариди, кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар, жарималар ва бошқалар учун тўловларни амалга ошириш осон.
Тўртинчидан, нақд пулсиз маблағлар билан тўлаш учун тижорат банкларида ҳисобварақ очиш мумкин. Бу, онлайн дўконларда амалга оширилган харидлар учун энг қулай тўлов йўли ҳисобланади. Банк ҳисобварағига маблағингизни қўйиб, уларни хавфсизликда сақлайсиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |