Иқтисодий тадқиқотларда илмий ижод ва башорат методологиясидан фойдаланиш.
Инсоннинг онги, ақл-идроки ва заковати ҳаётнинг барча соҳаларидаги, айниқса, эвристик-билиш соҳасидаги серқирра ижодий фаолияти уларнинг (инсонинг) онги хоссаларидан бири - хотира билан чамбарчас боғлиқ.
Хотира - бу бизнинг ўтмиш ҳақида билимимиз, субъектнинг ташқи олам ва ўзининг ички ҳолати хақидаги ахборотлардан келгусида ўзининг ҳаётий фаолиятида фаол, ижодий фойдаланиш учун уларни сақлаб қолиш ва ифода этиш қобилиятидир. Инсон хотираси тарихий табиатга эга, ижтимоий белгиланади, унинг ижоди хусусияти билан узвий боғлиқ, инсоннинг ички, маънавий оламининг бошқа элементлари билан бир қаторда, у инсон шахсини фаол шакллантиради. Ижодий қобилият, билим, кўникмалар ва усуллар яратувчи шахснинг, янгилик бунёдкорининг хотирасида сақланиб қолади.
Прогноз қилиш деганда бирон бир ҳодисанинг ривожланиш истиқболларини махсус илмий ўрганиш тушунилади. Олдиндан айтиб бериш - бу маҳаллий ҳодисани, масалан, қуёш ё ой тутилишини, эртанги кун об-ҳавосини, темир йўл транспортида ташиш хажмини ошишини муайян башорат қилиш демакдир.
Ижтимоий ривожланишнинг иқтисодий истиқболларини ўрганишда билишнинг илмий методлари, махсус методикалари, мантиқий ва техникавий воситаларининг кенг ва хилма хил арсеналидан фойдаланилади. Иқтисодий прогноз қилишнинг асосий методлари қуйидагилардир: экстраполяция; тарихий аналогия; моделлаштириш; келажакнинг иқтисодий сценарийларини тузиш; эксперт баҳолаш. Қолган методлар эса мазкур методларнинг хар хил уйғунликлари ва вариантларидир. Табиийки, бу методларнинг ҳар бирининг ўз кучли ва кучсиз, ижобий ва салбий томонлари бор, шунга қарамай, ҳозирги замон иқтисод назарияси, футурология (келажакни ўрганувчи фан), экология ва бошқа ижтимоий фанлар прогноз қилишдан илмий билиш методи сифатида илмий ижодда муваффақиятли фойдаланмоқда.
Илмий ижод ва прогноз қилиш методологиясидан иқтисод, демография, социологияда, техникада жумладан транспортда бозор иқтисодининг ривожланиш теденцияларини ҳамда ҳозирги кун жараёнлари ва бўлажак жараёнларни иқтисодий ўрганишнинг муайян методларига татбиқан фойдаланилади.
Иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни илмий прогноз қилишнинг улкан эвристик ва прогностик аҳамиятини қайд этган ҳолда, илмий прогноз қилишинг реал имкониятларидан келиб чиқиш кераклигини уқтириб ўтмоқчимиз, зеро, ҳар қандай, ҳатто жуда аниқ ва ишончли прогноз ҳам ҳаққоний эмас, балки эҳтимол тутилган билимдир. Эҳтимол даражаси жуда баланд бўлган тақдирда ҳам прогноз амалда рўёбга чиқиши ёки қоғозда амалга оширилмай қолиб кетиши мумкин.
Масалан, прогноз қилишнинг турларидан бири – экстраполяция қилиш афзал жиҳатлари билан бир қаторда қуйидаги жиддий камчиликларга эга: келажак сари ҳаракатланишга қараб экстраполяциянинг аниқлик даражаси пасайиб боради. Бинобарин, ўтмиш ва келажак ўртасида аналогия ўтказишнинг прогностик қиммати жуда кам, зеро, келажакнинг асосий жиҳатларини ўтмишни такрорлаш билан боғлаш мумкин эмас. Буни яхши тушунган Гегел шундай деб ёзган эди: «Ҳукмдорлар, давлат арбоблари ва халқларга тарих тажрибасидан ибрат олишни маслаҳат берадилар. Аммо тажриба ва тарих халқлар ва ҳукуматлар тарихдан ҳеч нарсани ўрганмаганликларини кўрсатади. Ҳар бир даврда шундай алоҳида шарт-шароитлар вужудга келади, ҳар бир давр шундай индивидуал ҳолатга эга бўладики, бу даврда фақат мана шу ҳолатдан келиб чиқиб қарорлар қабул қилиш зарур ва мумкиндир».
Иқтисодий илмий тадқиқот фаолиятида моделлаштириш ҳақида икки оғиз гапириб ўтмоқчимиз. Прогностик модел — бу прогноз объектининг иқтисодий модели (ёки схемаси) бўлиб, уни ўрганиш объектнинг келажакдаги (иқтисодий) ҳолатлари, шунингдек, бу ҳолатларга эришиш йўллари ҳақида ахборот олиш имконини беради.
Иқтисодий жараёнлар ва ҳодисаларни прогноз қилиш методологияси тадқиқ қилишнинг қуйидаги асосий босқичларини ўз ичига олади: прогноз қилишдан олдин мўлжал олиш (прогноз объектини, предметини, тадқиқот мақсадлари, вазифалари, ишчи гипотезалари, методлари, тузилиши ва ташкилотини аниқлаш); прогноз муддати (маълумотлар тўплаш, объектнинг иқтисодий ривожланишига уларнинг таъсирини ўрганиш, олинган маълумотларни қайта ишлаш); объектнинг хусусияти ва тузилишини акс эттирувчи иқтисодий кўрсаткичлар ва ўлчамлар тизимини ўз ичига олувчи бошлангич модел; тадқиқотчилик прогнози (истиқболлар ва муаммоларни аниқлаш учун прогноз фонидаги омилларни эътиборга олган ҳолда бошланғич моделни келажакка проекция қилиш); норматив прогноз, яъни бошланғич моделни келажакка проекция қилиш; прогностик моделларнинг ҳаққонийлик даражасини баҳолаш ва уларга аниқлик киритиш; экспертларни сўровдан ўтказиш; прогностик моделлар асосида қабул қилинадиган қарорларни мақбуллаштириш учун тавсиялар ишлаб чиқиш.
Иқтисод соҳасида прогноз ва илмий башорат қилишнинг вазифаси ўрганилаётган объектнинг иқтисодий ривожланиши сабаблари, қонунлари ва ҳаракатлантирувчи кучларини очиб бериш, улар асосида келажак ҳақида ахборот олишдан иборат. Иқтисодий ривожланишни прогноз қилиш натижаларидан ижтимоий жараёнларни мақбул бошқариш стратегиясини ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкин.
Илмий билиш ва ижод нафақат келажакни башорат ва прогноз қилиш, балки уни онгли равишда шакллантириш имконини ҳам беради. Фаннинг эвристик маъносини «Башорат қилиш учун билиш, билиш учун башорат қилиш», деб таърифлаш мумкин. Илмий ижод тарихи кўп жиҳатдан илмий башорат тарихидир. Унинг кучи ва қамрови фаннинг ижодий, билиш салоҳиятининг етуклик даражасини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |