Меҳнатга ҳақ тўлаш даражасини ўрнатишнинг бозор механизми
Меҳнатга ҳақ тўлаш даражасини ўрнатишнинг бозор механизми меҳнат бозорида меҳнат ресурсларининг таклифи ва уларга талаб моҳиятидан келиб чиқади. Ушбу масалада, энг аввало, меҳнат фаолиятини амалга ошириш бўйича шахснинг ўзи томонидан қабул қиладиган қарори муҳимдир. У меҳнат қилиш ниятида бўлса, биринчи навбатда, қанча вақт ҳақ тўланадиган иш билан машғул бўлишини ва қанчасини бўш вақтига ажратишни ҳал этиши керак. Шахс ана шу қарори асосида меҳнат бозорида иш берувчига ўз талабларини қўяди.
Шахснинг бўш вақтга талаби бошқа барча неъматлар каби қуйидаги уч омилга боғлиқдир:
1) неъматларнинг муқобил чиқимлари;
2) шахснинг моддий фаровонлиги даражаси;
3) шахс томонидан нимани (ишлаш ёки бўш вақтга эга бўлиш) мақбул топиши.
Яъни, иш ҳақи масаласида шахс кўпроқ вақтини меҳнат фаолиятига ажратиб, кўпроқ даромад олиш ёки, аксинча – кўпроқ бўш вақтга ажратиб, ишлаб топиши мумкин бўлган даромаддан воз кечиш муамосини ҳал этиши зарур. Иқтисодий назарияда бу даромад самараси ва алмаштириш самараси номини олган.
Даромад самараси меҳнат фаолиятини амалга оширишда бўш вақт иш ҳақининг миқдори ортишига қараганда манфаатлироқ бўлганда пайдо бўлади. Бундай ҳолат ходимнинг моддий фаровонлиги даражаси юқори бўлганда юзага келади. Шунинг учун иш ҳақи миқдори барқарор сақланиб турганида ходимнинг даромади даражаси ортиб борганида бу иш вақтининг қисқартилишига олиб келади. Аксинча, иш ҳақи миқдори барқарор сақланиб турганида ходимнинг даромади даражаси камайиб бориши иш вақтининг узайишига олиб келади. Шу сабабли иш ҳақи даражасининг ўсиши иш билан бандликни ортишига хизмат қилмайди.
Алмаштириш самараси меҳнат фаолияти амалга оширилаётганида иш ҳақининг миқдори ортиб бориши бўш вақт кўп бўлишига қараганда манфаатлироқ бўлганда пайдо бўлади. Бу эса меҳнат фаолиятини амалга ошириш тўхтатилганида юз бериши мумкин. Маълумки, иш ҳақи ортиши билан меҳнат ресурсларининг таклифи ҳам кўпайиб боради. Даромаднинг юқори бўлиши меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун манфаатдорликни кучайтиради. Аксинча, иш ҳақи миқдори барқарор сақланиб турганида ходимнинг даромади даражаси камайиб бориши унинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун манфаатдорлигини сусайтиради.
Юқоридаги ҳолатлардан даромад барқарор бўлганида иш вақти ва бўш вақт бир-бирини ўзаро алмаштириш имкониятини туғдириши хулосасини чиқариш мумкин.
Аммо иқтисодиёт назарияси ҳар бир ходим иложи борича кўпроқ даромад топиш ва бўш вақтидан самарали фойдалнишга интилиши ниятидан келиб чиқади. Бироқ ходимнинг ресурслари чегараланган, шунинг учун у бу ресурсларидан иложи борича тўла фойдаланишга ҳаракат қилади.
Мисол тариқасида бир ходим соатига 3000 сўм иш ҳақи олишини ҳамда ишлаш ва бўш вақти учун 16 соат вақти борлиги ҳолатини кўриб чиқайлик. Агар ходим 16 соатининг ҳаммасини бўш вақтига ажратса, унинг даромади нолга тенгдир. Лекин у 16 соатнинг ҳаммасини ишга сарфласа, бир кунда 48 минг сўм даромадга эга бўлади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг бозор механизми ана шундай вазиятни қуйидагича ҳал этади. Ходим ҳам даромадга, ҳам бўш вақтига эга бўлиши учун 16 соатнинг (ухлашдан ташқари) 9 соатини меҳнат фаолиятига (тушликни ҳисобга олган ҳолда) ажратиб 27 минг сўм даромал топишига ва 7 соатини бўш вақтига ажратиши энг мақбул ҳисобланади.
Шу билан бирга меҳнат бозорига ходимнинг ўз меҳнат ресурсини таклиф этишида оилавий шароитни ҳам ҳисобга олиш зарур. Иқтисодиётда оила ҳам ишлаб чиқариш, ҳам истеъмол қилиш жойи сифатида кўрилади. Ушбу ҳолатни соддалаштириш учун оилада фақат бир неъмат – овқатланишини олиб кўрайлик. Оила аъзолари даромадларидан келиб чиқан ҳолда уйда ёки умумий овқатланиш шаҳобчасида овқатланишлари мумкин. Бунда умумий овқатланиш шаҳобчасида ёки уйда овқатланиш учун турлича маблағ ва вақт сарфланади. Агар ошхонада овқатланиш учун кўп пул ва кам вақт сарфланса, уйда овқатланиш учун кам харажат, бироқ маҳсулотларни харид қилиш ва таомларни тайёрлаш учун кўп вақт кетади.
Шундан келиб чиққан ҳолда ишлаб топилаётган даромад оиланинг уйда овқатланишини тақозо этса, ким даромад топишга, ким эса овқатни тайёрлашга мойиллиги масаласи пайдо бўлади. Ана шу масалада кимнинг меҳнати ишлаб чиқаришда, кимники уй юмушларида самаралироқ эканлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. АҚШда ушубу масалада эркаклар ва аёлларнинг меҳнат фаолияти ва бўш вақтига ажаратадиган вақти статистикаси мавжуд (2-жадвал).