4. Ижтимоий функция иш ҳақи ходимларни ижтимоий суғурталаш манбаси сифатида ходимни фақат меҳнатга лаёқатли давридагина эмас, шунингдек пенсиядаги пайтида ҳам тиббий хизматдан фойдалана олиш имкониятини яратиши керак. Бу бозор муносабатлари шароитида ниҳоятда муҳимдир. Чунки мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган иқтисодиётда ходимни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилишни таъминлаш биргина давлатнинг эмас, айни вақтда иш берувчиларнинг ҳам вазифасидир.
5. Харид талабини шакллантирувчи функция иш ҳақининг харид талабига таъсири билан ажралиб туради. Иш ҳақи даражасини тартибга солиш бозорда товарлар ва хизматларга талаб билан таклифнинг оқилона нисбатини ўрнатиш мақсадига хизмат қилади.
6. Тартибга солиш функцияси дейилганда меҳнат русурсларини минтақалар, иқтисодиёт тармоқлари, хўжалик юритувчи субъектлар бўйича энг мақбул тарзда жойлаштирилиши тушунилади. Бунда иш ҳақи дифференцияланган ставкалар ўрнатиш орқали иш кучига талаб ва унинг таклифи мувозанати тартибга солинади. Ушбу функциянинг таъсири натижасида меҳнат ресурсларини энг самарали равишда минтақа ва иқтисодиёт тармоқларига жойлаштириш таъминланади.
7. Мақом функцияси иш ҳақининг миқдори ва хизмат лавозими ходим мақомига мос бўлишига асосланади. Меҳнат мақоми ходимнинг ҳам вертикал ҳам горизонтал бўйича бошқа ходимларга нисбатан ўрнини белгилаб беради.
Мақом функцияси, энг аввало, ходимлар учун жуда муҳимдир. Улар бу функцияга асосланган ҳолда иш берувчидан касб малакалари, хизмат лавозимлари бўйича иқтисодиёт бошқа тармоқларидаги ҳамкасбларига белгиланган иш ҳақи даражаси ўрнатилишини асослаш имкониятига эга бўладилар.
Иш ҳақи функциялари меҳнат бозоридаги иш кучи талаби ва унинг таклифи билан узвий боғлиқдир. Мукаммал рақобат бозорида иш берувчилар томонидан ёлланадиган ходимлар сони икки кўрсаткич – реал иш ҳақи миқдори (меҳнатга тўланган ҳаққа харид қилиш мумкин бўлган моддий ва маънавий неъматлар) ҳамда иш кучи қиймати (пул шаклидаги) орқали белгиланади. Ёлланаётган ходимлар сони кўпайиб бориши билан иш кучи қиймати даражаси пасайиб боради (даромад камайиши қонуни). Қўшимча меҳнат бирлигини жалб этиш иш кучи қиймати даражаси иш кучига талаб миқдорига тенглашганда тўхтайди.
Бундан меҳнатга талаб иш ҳақи миқдорига тескари боғлиқ эканлиги ҳақидаги хулоса чиқади. Бошқа шарт-шароитлар бир хил бўлган ҳолда иш берувчи иш ҳақи миқдори ўсиб боргани ҳолда мутаносибликни ушлаб туриш учун иш кучига талабни камайтиришга мажбурдир. Иш ҳақи миқдори камайганда эса меҳнатга талаб ортади.
Меҳнатга ҳақ тўлашда жуда кўп бошқа омилларни ҳисобга олишга тўғри келади. Улар қаторида:
а) иш ҳақи даражасининг давлат томонидан ҳам маъмурий, ҳам иқтисодий тартибга солишини;
б) меҳнат бозори инфратузилмалари (иш билан, бандлик хизматлари, хусусий рекрут агентликлари);
в) йирик компаниялар ўз иш ҳақи тизимларига мослаштирилган ички меҳнат бозорлари;
г) тармоқларда иш ҳақи даражасига жиддий таъсир кўрсата оладиган касаба уюшмалар фаолиятларини ҳисобга олиш керак бўлади.
Давлат иш ҳақини энг кам иш ҳақини кафолатлаш ходимлар айрим тоифаларига имтиёзлар бериш, солиқлар орқали, иқтисодиётнинг давлат секторида иш ҳақи даражасини бевосита белгилаш орқали тартибга солади.
Умуман иш ҳақи функцияларининг ижтимоий такрор ишлаб чиқариш жараёнидаги аҳамияти ва роли давлатнинг бу соҳадаги сиёсатига боғлиқдир.