БОБ. ИШЧИ КУЧИ БАНДЛИГИ БЎЙИЧА ТУРЛИ ХИЛ ЁНДОШУВЛАР ВА НАЗАРИЯЛАР
Ишчи кучини иш билан бандлиги борасида турли хиз назарий қарашлар мавжуд, шулардан баъзиларини кўриб чиқамиз.
Классик ва неоклассик назариялар
Классик мактабнинг йирик намоёндаларидан Адам Смит ва унинг издоши Давид Рекардолар ўз таълимотларида бозор тизими ресурсларидан, шу жумладан, ишчи кучи ресурсларидан тўлиқ фойдаланишни таъминлашга қодирдир, деб ҳисоблайдилар. Бу борада француз олими Жан Батист Сей ҳам ўз қарашлари билан бир қатор масалаларда классиклар тутган йўлни тўғри деб баҳолайди.
Классик иқтисодчилар қўшимча равишда ўз хулосаларини асослаб берганлар, бу хулоса – тўлиқ иш билан бандлик бозор хўжалиги учун норма, яна бир далил, нархлар ва иш ҳақи нисбатининг эластиклигидир деб ҳисоблаганлар.
Сотиш мумкин бўлган маҳсулот ҳажми фақат умумий харажатлар даражасига эмас, шу билан бирга нархлар даражасига ҳам боғлиқдир. Агар харажатлар 1000 долларни ташкил этиб, нарх 10 доллар бўлса, унга 100 та буюм сотиш мумкин эди, агар харажатлар 800 долларга туширилса, у ҳолда 100 та буюмни 8 доллардангина сотиш мумкин эди. Шу сабабли жамғармалар харажатлар ҳажмини, ишлаб чиқариш ҳажмини ва бандликни камайтириб қолмай, шу билан бирга, нархларнинг қисқаришига ҳам олиб келади. Нархларнинг пасайиши эса ишлаб чиқариш харажатларининг, шу жумладан, иш ҳақи харажатларининг ҳам пасайишини талаб қилади. Корхона
эгалари ҳақ тўлаш ставкаларини пасайтирадилар. Ишсизлар томонидан бўладиган рақобат эса уларни бунга рози бўлишига мажбур қилади. Бошқа товарлар нархларининг пасайиши ҳам бунга таъсир қилади.
Шу тариқа классик иқтисодчилар мажбурий ишсизликнинг бўлиши мумкин эмас, деган хулосага келганлар. Бозор тартибининг бундай омиллари, чунончи, фоиз ставкаси ва нархлар, иш ҳақи нисбатининг эластиклиги тўлиқ бандликни сақлаб туришга қодирлар. Давлатнинг бу соҳадаги ёрдами фақат ортиқча бўлиб қолмасдан, шу билан бирга зарарли ҳамдир.
XIX асрнинг охирларида классикларнинг издошлари уларнинг қарашларини ривожлантириб, иқтисодий назариянинг неоклассик йўналишларини ифодалаб бердилар. Бу йўналишларнинг асосчиси Альфред Маршалл (1842-1924) бўлди. Унинг бозор нархи тўғрисидаги, тадбиркорлик, истеъмолчилик хулқ-атвори ва бошқалар тўғрисидаги янги назарий қоидаларидан ҳозирги вақтда фойдаланиб келинмоқда.
А.Маршалл талаб ва таклиф тартибга солиш иш билан бандликни таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у бутун талабни пировард тартибга солувчи нарса истеъмолчилар талаби бўлиб, уни тартибга солиш бозор томонидан ўз-ўзидан амалга оширилади, деб ҳисоблаган.
Неоклассик назариянинг бошқа вакиллари каби А.Маршалл ҳам юқори иш ҳақи муқаррар равишда иш билан бандликни камайтиради ва ишсизликни оширади, деб ҳисоблаган. Буни асослаш учун у «энг кам унумдорлик назарияси»дан фойдаланган.
Унинг асари пайдо бўлган вақтда ишсизлик даражаси унчалик катта бўлмаган ва иш билан бандликнинг беқарорлиги у қадар кескин муаммо ҳисобланмаган. «Иш билан бандликнинг беқарорлиги, деб ёзган эди Маршалл, катта мусибат бўлиб, ҳақли равишда жамоатчиликнинг эътиборини жалб қилади. Бироқ, у сабаблар йиғиндисига кўра, ҳақиқатда қандайлигидан анча катта туюлади… Иш билан бандликнинг беқарорлиги умуман ортиб бормоқда, деб ҳисоблаш учун етарли асослар йўқ». У бозор иқтисодиётини ўз- ўзидан тартибга келадиган иқтисодиёт деб ҳисоблаб, иш билан бандликнинг давлат томонидан тартибга солинишига зарурат йўқ, деб билган.
Do'stlaringiz bilan baham: |