Араблар босиб олгандан кейин Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ижтимоий-сиѐсий аҳвол. Халқ ҳаракатлари
Араблар Ўрта Осиѐни босиб олгач бу ҳудуддаги ҳамма шаҳарлар ва аҳоли жойларида ўз қўшинларини жойлаштирдилар. Бу ҳарбий кучлар ўз вақтида маҳаллий аҳоли устидан назорат қилиб турарди. Араб халифалигининг ҳукмронлиги аҳоли учун оғир юк бўлиб қолди.
Истилочилар аввал бошда Мовароуннаҳрнинг ҳунармандчилик ва савдо шаҳарлари, обод вилоятларига бостириб кириб, уларни таладилар ва катта ўлжаларга эга бўлдилар. Ўлкаларни босиб олиш чоғида деҳқончилик воҳалари оѐқ ости қилиниб, шаҳар ва қишлоқлар вайрон этилди. Сув иншоотлари бузиб ташланди. Кўпгина жойларда қурғоқчилик юз бера- бошлади. Шаҳарлардан катта миқдорда қимматбаҳо ўлжалар, Бухоро, Пойканд ва Сўғд ҳукмдорларидан эса катта миқдорда товон олинди.
Араб қўшини таркибига маҳаллий аҳоли ичидан кўплаб эркаклар мажбуран сафарбар қилинади. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида аҳолининг бир қисми ҳалок бўлди, бир қисми асирга олинди. Барча шаҳар ва қишлоқларда ўз ҳарбий гарнизонларини жойлаштиришган араблар, шу ҳарбий кучга таяниб аҳолидан турли солиқлар ундиришар, уларни турли жамоат ишларига сафарбар қилишар эди. Марв, Пойканд, Бухоро, Самарқандда уйларнинг қоқ ярми араблар ихтиѐрига топширилди. Баъзи истилочи зодагонлар деҳқончилик воҳаларидаги энг унумдор ер майдонлар ва сув иншоотларини эгаллаб ола бошладилар. Араб оилалари қишлоқ ва шаҳарларга келиб ўрнаша бошладилар. Ариқ қазиш, кўприк қуриш, биноларни таъмирлаш ва бошқа жамоа ишларида аҳолидан бепул фойдаланар эдилар. Шу билан бирга маҳаллий аҳоли араб зодагонлари ва қўшинини от-улов, кийим-кечак, озиқ- овқат, қуллар ва бошқа нарсалар билан таъминлаб туриши керак эди.
Иқтисодий ҳаѐтни ўз қўлларидан чиқармаслик мақсадида араблар бу ерда сосонийлар тартибидаги солиқ тизимини жорий қилдилар. Бу тизимга ер солиғи-ҳирож (ҳосилнинг ўндан бир ѐки ўндан икки қисми миқдорида) чорва, ҳунармандчилик, савдо-сотиқдан закот (қирқдан бир миқдорда) ҳамда исломни қабул қилмаган шахслардан олинадиган жузя солиғи ҳам қўшилди.
Араблар ўз ҳукмронлиги сиѐсий негизини мустаҳкамлаш ва унинг барқарорлигини таъминлашда ислом динини кенг ѐйишга ва тарғиб қилишга катта эътибор бердилар. Ўрта Осиѐ аҳолиси ичида эътиқод қилаѐтган зардуштийлик, монийлик, буддизм, насроний ва бошқа динлар сохта деб эълон қилинди. Айниқса зардуштийликка қарши кескин кураш олиб борилди. Босиб олинган ерларда бу диннинг барча ибодатхоналари йўқ қилинди. Унинг ўрнига масжидлар барпо қилина бошланди. Зардуштий адабиѐтлар, хусусан диний китоблар, сўғд тилидаги номалар, халқ адабиѐти йўқ қлиниб юборилди.
"Қутайба ибн Муслим Хоразм хаттотларини қатл эттирди ва дин пешволарини қириб ташлаб, уларнинг китоб ва қўлѐзмаларини ѐқиб юборгандан кейин,-деб ѐзган эди Беруний,-хоразмликлар саводсиз бўлиб қолдилар, уларнинг фақат ѐдда сақлаб қолган хотираларигина қолди, аммо
вақт ўтиши билан бу унутилиб, фақат ўзлари учун мос бўлган хотираларгина сақланиб қолди".
Сўғд тилидаги дунѐвий адабиѐтлар йўқ қилиб ташланди. Ислом динини қабул қилган, мусулмон бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари дастлабки йилларда хирож ва жузя солиқларидан озод этилиб, уларга анчагина имтиѐзлар берилди. Намоз ўқиш учун масжидларга борган шахсларга 2 дирҳамдан пул ҳам берилар эди. Жузя солиғини ўз вақтида тўламаган кишилар тутиб олиниб бўйинларига "қарздор» деб тахтачалар осиб қўйилган.
Қутайбанинг ўлимидан сўнг араб ҳокимиятининг Мовароуннаҳрдаги мавқейи бироз заифлаша борди. Хуросоннинг янги ноиби Ал-Жарроҳ (717- 719) янги мусулмон аҳолисига исломга зид равишда шафқатсиз муносабатда бўла бошлайди. Сулаймон вафотидан сўнг тахтга ўтирган янги халифа Умар ибн Абдулазиз (717-719)-Умар II хорижийлар таълимоти тарафдори эди. Хорижийлар шиалардан ажралиб чиққан гуруҳ бўлиб илк ислом таълимоти тартибларини ва умумий тенглик ғояларини илгари сурар эдилар. Умар II Мовароуннаҳрдаги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, бўйсундирилган халқлар билан муросачилик сиѐсатини юргиза бошлади. У Мовароуннаҳр аҳолисини исломни қабул қилишга чақириб, катта аҳамиятли фармон қабул қилди. Унга кўра арабларга янги ерларни забт этиш ман қилинди ва молиявий ислоҳотлар ўтказиш кўзда тутилди. Араблар билан бир қаторда янги мусулмонлардан ҳам жузя ва хирож солиғи олиш бекор қилинди. Умар II солиқ йиғувчилардан ва халифалик амалдорларидан Қуръон ва Ҳадисларга қатъий амал қилишни буюрди.
Араб феодал-зодагонлари турли йўллар билан хирож солиғи йиға бошладилар. Халифа хазинасига келадиган солиқлар эса камайиб кета бошлади. Хирож ерларини давлат солиғи сифатида сақлаб қолиш мақсадида Умар II арабларга ўз ерларини кенгайтиришни ман этди ва ҳижрийнинг 100 йилидан (719 йил) кейин сотиб олинган барча хирож ерларини қайтиб беришни буюрди. Шу пайтгача олинган ерлардан эса хирож эмас, ушр (ўндан бир қисми) солиқ олиш кўзда тутилди.
Умар II ислоҳотларидан руҳланган Самарқанд аҳли зодагонлари унга элчилар юбориб Самарқанд шаҳристонини қайтариб беришни сўрадилар. Умар II Самарқанд ҳокими Сулаймон ибн-Абус-Сарияга мактуб ѐзиб, қози бу ишни ҳал қилиб беришини сўрайди. Самарқандликлар шикояти кўриб чиқилиб, бу иш самарқандликлар фойдасига ҳал бўлди. Қози Самарқанддан араб гарнизони олиб чиқиб кетилиши керак деб ҳукм чиқарди. Бу эса урушни билдирар эди. Араблар куч-қудратини билган самарқандликлар ўз даъволаридан яна воз кечдилар. Маҳаллий зодагонлар ўзларини мусулмон ҳисоблаб, ғазнага солиқ тўламай қўйдилар. Шундан сўнг халифалик барчадан солиқларни олишни белгилади. Натижада Мовароуннаҳрда норозилик кучайиб кета бошлади. Маҳаллий зодагонлар билан араб маъмурияти орасида зиддият кескинлаша борди.
Do'stlaringiz bilan baham: |